Ўзбекистон | 01:48 / 31.08.2017
20231
6 дақиқада ўқилади

Ёшлар пресс клубининг тақдимот маросими бўлиб ўтди

Фото: Ёшлар пресс клуби

Ёшлар пресс клубининг тақдимот маросими бўлиб ўтди

30 август куни пойтахтдаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида "Ёшлар пресс-клуби"нинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари, фаол ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари қатнашди. Тадбирда қатнашган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди.

 

Ёшлар пресс клубининг мақсади нима?

Ёшлар пресс клуби - ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи майдон бўлиб, у ёшлар билан давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Ёшлар пресс клуби мавзулари ёшларнинг ўзларидан олинган таклифлар асосида белгиланади.

Тадбирда маълум қилинишича, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кундан то бугунга қадар 6700дан зиёд мурожаат келиб тушган. Бу муаммоларнинг 67 фоизи ҳал қилинган. Икки ой ичида 4800 нафар уюшмаган ёшларнинг масаласи ҳал этилган. Маҳаллаларда ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммолари эшитилган ва улар имкон доирасида жойида ҳал этилган. Шунингдек фермерлар, тадбиркорлар ва уюшмаган ёшлар билан ҳам учрашув ва суҳбатлар ўтказилган. Таъкидлаш жоизки, бундай тизимли ишларни амалга ошириш механизми янада такомиллаштирилмоқда.

Вилоят ва туманларда Ёшлар марказлари ташкил қилинмоқда, келгусидаги чекка ҳудудларда ҳам марказлар фаолиятини йўлга қўйиш режада бор. Ушбу марказларда ёшлар таълим олиши учун турли хил тўгараклар бепул хизмат кўрсатади.

Ёшлар иттифоқи 120га яқин давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқда, 20га яқини билан Англашув меморандумини имзолади.

 

Ёшлар иттифоқи ва хориждаги ўзбек ёшлари

Тадбирда хорижда таҳсил олувчи баъзи ёшлар назоратсизлик натижасида турли ёт оқимларга қўшилиб қолиши мумкинлиги, шу боис уларни назоратга олиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Шу ўринда Хитойнинг Пекин ва Шанхай шаҳарларида тажриба сифатида Ёшлар иттифоқининг Бошланғич ташкилоти ташкил этилгани ҳамда уларнинг етакчиси сайлаб олингани қайд этилди.

Фото: Ёшлар пресс клуби

Ёшларининг тарқоқлигига йўл қўймаслик, гуруҳ сифатида бирлашишига имкон яратиш, Ўзбекистоннинг миллий байрамларини биргаликда ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлиши таъкидланди. Хориждаги ёшларнинг қандай муаммолари бор, улар нималарга қизиқмоқда - Бошланғич ташкилот шу каби ишлар билан шуғулланади. Ёшлар иттифоқи келгусида Россия, Қозоғистон, Корея, Германия каби давлатларга бориб, у ерларда ҳам ёшлар фаолиятига оид тажриба алмашишни режа қилган.

 

Ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистоннинг ташаббускор ёшлари

Тадбирда Мустақиллик байрамининг 26 йиллиги олдидан Давлат мукофотларига сазовор бўлган ёшлар ҳам иштирок этишди. Уларнинг шижоатига ҳавас қилса арзийди, фаол ёшлар қатор ғояларни илгари сурган ҳолда, янгидан-янги таклифлар билдиришди. Жумладан, Ёшлар телерадиоканалида ёшлар билан онлайн мулоқотни йўлга қўйиш, ОТМнинг кириш имтиҳонларидан ўта олмай, тушкунликка тушган 60 мингдан зиёд ёшнинг тақдирига бефарқ бўлмаслик, чекка қишлоқлардаги ёшларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун маҳалла, туман раҳбарларини таклиф қилиб, масалаларни жойида ҳал қилиш, Ўзбекистонда сураткашлар уюшмасини ташкил қилиш, билимли, лекин муайян сабабларга кўра ишсиз ёшларни ишга жойлаштиришда кўмак беришга доир савол ва таклифлар берилди.

Фото: KUN.UZ

Таъкидлаш жоизки, икки кишининг иш билан боғлиқ муаммоси Ёшлар пресс клубининг ўзидаёқ ҳал қилинди, уларнинг бири - отасиз вояга етган, кўп қийинчиликларни бошидан ўтказган йигитга ҳатто 20 миллион сўм фоизсиз кредит бериладиган бўлди.

 

"Ҳар бир ёш камида иккита чет тилини ўрганиши керак"

Шунингдек Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг айтишича, Ўзбекистондаги 194 коллеж Ёшлар иттифоқи фаолиятига жалб қилинади. Мактабларда ҳам иқтидорли ёшлар иттифоқини ташкил қилиш кўзда тутилган. Раиснинг сўзларига кўра, Ёшлар иттифоқи "Ҳар бир ёш камида иккита чет тилини ўрганиши керак", деган ғояни илгари сурмоқчи.

 

Тадбирдаги камчиликлар

Ёшлар пресс клубининг тақдимот маросими Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Марказий Кенгашида соат 17:30да бошланиши керак эди. Белгиланган вақтда ташкилотчилар, ёшлар ва журналистлар ўз жойида, бироқ спикерлардан бирининг кечикиши натижасида пресс-клубнинг илк тадбири 17:30 эмас, 19:25да бошланди - деярли икки соатга кечикди ва 22:00дан ошганда тугади!

Фото: KUN.UZ

"Яхшиямки, жонли эфир эмас" деган гаплар чалинди қулоққа. Жонли эфир эмаслиги учунми ёки ҳаяжонданми, хатоликларга кўп йўл қўйилди - кириш қисми қолиб, асосий мақсадга ўтиб кетилди, кейин кириш қисмида айтиладиган гапларга қайтилди, техник носозликлар кўзга ташланди - бир видеолавҳа нақ уч марта эълон қилинди. Уюшқоқлик етишмагандек гўё... Бироқ ёшларнинг шижоати, уларнинг кўзида ўт чақнаб туриши, ғоялар билан "ёниши"дан Ёшлар пресс клубининг келажагига катта умид қилса бўлади, қолганини эса вақт кўрсатади.

Мавзуга оид