Ўзбекистон | 09:48 / 01.09.2017
9953
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон жомеъ масжидларида ҳайит намози ўқилди

Фото: muxlis.uz

Ўзбекистонда муборак Қурбон ҳайити кенг нишонланмоқда. Мамлакатимиздаги жомеъ масжидларида ҳайит намози ўқилди. Дастлабки маълумотларга кўра, уларда 15 миллиондан ортиқ юртдошимиз саодатли кун ибодатини адо этди, деб хабар бермоқда ЎзА. 

Пойтахтдаги Ҳазрати Имом жомеъ масжиди ҳам эрта тонгдан юртдошларимиз билан гавжум бўлди. 

Ҳайит намози маърузасида Қурбон ҳайити байрами тарихи, муқаддас динимиз буюрган ибодатлар, юртимизда ислом дини ривожи, маънавий қадриятларимиз юксалиши йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, бугунги фаровон ҳаётимиз мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди. 

Ҳайит кунлари дўстлик ва биродарлик руҳида хайру саховат каби эзгу амаллар бажарилади, гина-қудратлар унут бўлади. Кишилар яқинларини йўқлайди, беморлар ва муҳтожлар ҳолидан хабар олади, уларга ҳадялар улашади. Бу ўзаро меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлайди. 

Қурбон ҳайити маърузасида инсонларга меҳр кўрсатиш, уларнинг ўй-ташвишларини ўрганиб, яхшилик қилиш ғоят савобли тадбирлиги, мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида халқимиз саодатли турмуши йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун олиб борилаётган ислоҳотлар ана шу жиҳати билан ҳам жуда қадрли экани айтиб ўтилди. 

– Президентимиз раҳнамолигида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни эзгу ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар меросини ўрганиш, ислом таълимотининг турли йўналишларида чуқур илмий-тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганига барчамиз шоҳидмиз, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов. – Бу албатта, маънавиятимизни янада юксалтириш, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, ижтимоий барқарорлик, ўзаро аҳиллик ва тотувликнинг кучайишига хизмат қилади. Бугунги шукуҳли кунларда оилаларимиз мустаҳкам, фарзандларимиз бахтли, ёшларимиз ҳар томонлама етук, одоб-ахлоқли, Ватани, халқи, дину диёнатига содиқ бўлиб камол топишларини сўраб, дуои хайрлар қилиш асосий бурчимиз ва вазифамиздир. Шу кунларда 7 минг 300 дан зиёд юртдошимиз ҳаж ибодатини адо этмоқда. Улар орасида Президентимиз ташаббуси билан муборак сафарга жўнатилган 70 дан ортиқ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва яна шунча уларга ҳамроҳлик қилувчининг борлиги халқимиз учун қувончли воқеа бўлди. Улар ҳам муборак сафарда Яратгандан Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақини сўраб Маккаи мукаррамада, Арафот ва Мино водийсида дуои хайрлар қилмоқда. 

Қурбон ҳайити маърузасида халқимизнинг улуғ фарзанди, мустақиллигимиз асосчиси Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотираси ёдга олинди. У киши раҳнамолигида халқимиз турмуши фаровонлиги, эмин-эркинлигимиз йўлида амалга оширилган кенг миқёсли ислоҳотлар бардавомлиги эътироф этилди. 

Мавзуга оид