Спорт | 19:40 / 02.09.2017
54290
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон боксчилари Жаҳон чемпионатларида: Барча совриндорларимиз

AIBA шафелиги остида 1974 йилда Куба пойтахти Ҳавана шаҳрида илк бор ўтказилган жаҳон чемпионати, аввалига ҳар тўрт йилда — ёзги олимпиада ўйинларидан кейинги иккинчи йилда ташкиллаштирилган. АҚШнинг Рено шаҳрида 1986 йилда ўтказилган жаҳон чемпионатидан кейин уч йил ўтиб, 1989 йилда Москвада ташкиллаштирилган ва ўшандан бери ҳар тоқ йилларда ўтказиб келинмоқда.

Жаҳон чемпионатларида кубалик боксчилар азалдан етакчилик қилиб келишини ҳаммамиз биламиз. Кейинги йилларда Ўзбекистон боксчилари ҳам жаҳон аро етакчилар сафида бораётгани кишини қувонтирмасдан қолмайди.

Жумладан Ҳамбургда ўтаётган жаҳон чемпионатида бирйўла тўрт боксчимиз финал йўлланмасини қўлга киритишди. Бунақаси ҳали тарихда бўлмаган. Агар тўртала боксчимиз ҳам ғалаба қозонадиган бўлса, умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон биринчи ўринни қўлга киритиши аниқ. Чунки барча боксчиларимизнинг рақиблари Кубадан, бу мамлакатдан жами 7 нафар боксчи финалга чиқишган.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг вакилларимиз илк бор 1993 йилда Финляндиянинг Тампере шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан ўз иштирокларини бошлашган. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ҳикматулла Аҳмедов 51 кг.гача вазнда финалгача етиб бориб, кубалик Валдемар Фонтга бой берган. Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон 8-ўринни эгаллаган.

1995 йили Берлин (Германия) да ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон вакиллари иккита бронза медални қўлга киритишган: 67 кг.гача вазнда Наримон Отаев, 75 кг.гача вазнда Дилшодбек Ёрбеков юртимизга медаль билан қайтишган. Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон 13-ўринни эгаллаган.

1997 йили Будапешт (Венгрия) да ташкиллаштирилган жаҳон чемпионатида вакилларимиз бирорта медални қўлга кирита олишмаган.

1999 йили АҚШнинг Ҳюстон шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида юртимиз вакиллари учун энг сермаҳсули бўлиб турибди. 57 кг.гача вазн тоифасида Тўлқинбой Турғунов финалда мезбон Рикардо Хуарезга имкониятни бой бериб кумуш медаль билан тақдирланган бўлса, 63,5 кг.гача вазн тоифасида Муҳаммадқодир Абдуллаев франциялик Вилли Блейн, 75 кг.гача бўлган Ўткирбек Ҳайдаров руминиялик Адриан Диакону устидан ғалаба қозониб, олтин медалларга сазовор бўлишган. Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон 4-ўриндан жой олган.

2001 йили Шимолий Ирландиянинг Белфаст шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида вакилларимиз битта олтин, битта кумуш ва битта бронза медал билан умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллашган. Финалда 91 кг.дан ортиқ вазнда Руслан Чагаев украиналик Алексей Масикин устидан ғалаба қозонган бўлса, 75 кг.гача вазн тоифасида Ўткирбек Ҳайдаров россиялик Андрей Гоглоевга имкониятни бой бериб, кумуш медалга сазовор бўлган эди. 67 кг.гача вазн тоифасида Шерзод Ҳусанов бронза медалини эгаллаган.

Фото: Чемпионат

2003 йили Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 69 кг.гача вазн тоифасида Шерзод Ҳусанов кумуш медални қўлга киритган. Финалда у кубалик Лоренцо Арагонга қарши жанг ўтказган. 91 кг.дан ортиқ вазн тоифасида Рустам Саидов ва 64 кг.гача бўлган вазн тоифасида Баҳодиржон Султонов бронза медалини қўлга киритишган. Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон 8-ўринни эгаллаган.

2005 йили Хитойнинг Мианянг шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам вакилларимиз битта кумуш иккита бронза билан қаноатланишган — умумжамоа ҳисобида 7-ўрин. 64 кг.гача вазн тоифасида Дилшод Маҳмудов финалда қозоғистонлик Серик Сапиевдан енгилган. Яримфиналчилар — 81 кг.гача вазн тоифасида Ўткирбек Ҳайдаров, 91 кг.гача вазн тоифасида Жасур Матчанов бронза медал билан тақдирланишган.

2007 йили АҚШнинг Чикаго шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида вакилларимиз фақат биргина олтин медални қўлга киритишган. 81 кг.гача вазн тоифасида Аббос Атоев финалда россиялик Артур Бетербиев устидан ғалаба қозонган. Ушбу ягона олтин медал ҳисобига Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида 7-ўринни эгаллаган.

2009 йилда Италиянинг Милан шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллаган. Вакилларимиз битта олтин, битта кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритишган. Аббос Атоев ўз вазнида арманистонлик Андраник Ҳакобянни финалда мағлуб этган бўлса, Элшод Расулов асосий жангда Артур Бетербиевга енгилган. Яримфиналчиларимиз — Баҳодиржон Султонов ва Ботиржон Маҳмудов бронзага эга чиқишган.

2011 йили Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида бор-йўғи 2та бронза медал қўлга киритилган. Жасурбек Латипов ва Элшод Расулов ярим финалдан қайтишган. Умумжамоа ҳисобида 12-ўрин.

2013 йили Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 1та кумуш ва 1та бронза қўлга киритилган. Жасурбек Латипов финалда россиялик Миша Алоянга имкониятни бой берган, Ойбек Мамазулунов эса ярим финалдан қайтган. Умумжамоа ҳисобида 6-ўрин.

2015 йили Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтган аввалги жаҳон чемпионатида вакилларимиз 3та кумуш 3та бронза медални эгаллаган. Гарчи жами 6та медал билан кўрсаткичларимиз Кубадан сўнг (7 та медал) 2-ўринда бўлса-да, уларнинг сифатига кўра умумжамоа ҳисобида 7-ўрин эгалланган. Муроджон Аҳмадалиев финалда ирландиялик Майкл Коланга, Фазлиддин Ғойибназаров россиялик Виталий Дунайцевга, Бектемир Мелиқўзиев кубалик Арлен Лопезга ютқазишган. Ярим финал остонасидан қайтиб, бронза медални қўлга киритган боксчиларимиз эса Элнур Абдураимов, Элшод Расулов ва Баҳодир Жалолов бўлган.

Бугунги финалчиларимиз ичида Жасурбек Латипов анча тажрибали ҳисобланади. У шу пайтгача жаҳон чемпионатларининг бронза ва кумуш медалини қўлга киритган. Унга ва қолган боксчиларимизга ҳам жангларда ғалаба қозониб, юртимиз байроғини баланд кўтаришни тилаб қоламиз.

Ш.Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид