Жамият | 00:08 / 14.09.2017
111146
6 дақиқада ўқилади

«Отин ойининг сўнгги ови» кўрсатуви ижтимоий тармоқда норозилик келтириб чиқарди

Фото: brecorder.com

11 сентябрь куни «Ўзбекистон» телеканалида намойиш этилган «Отин ойининг сўнгги ови» номли кўрсатув ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан тўхтовсиз муҳокама қилинмоқда, деб ёзади azon.uz сайти.

Фикр билдирувчиларнинг кўп қисми кўрсатувдан ғазабланганларини яшириб ўтирмаяпти. «Бу бечора мунис оналаримиз бундай нарсаларни етти ухлаб тушларида ҳам кўрмаган бўлсалар керак. Бу кетишда энди чойхонада китоб ўқиб ўтирган чолларни ҳам ҳибсга олинглар, жаноб изқуварлар! Улар ҳам жамиятимиз учун ўта хавфли «ҳуқуқбузарлар» бўлиши мумкин», — деб ёзади фойдаланувчилардан бири.

«Бизнинг болалик пайтларимизда «ҳуқуқбузар» деб ароқ ичиб муштлашган ёки йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчи каби шахсларга нисбатан айтиларди. Энди эса, бу атама дин-диёнатли пенсионер кекса аёлларга нисбатан қўлланиладиган бўлибди. На кулишни биласан, на йиғлашни...», — деб ёзади бошқа бир фойдаланувчи.

Фойдаланувчилардан яна бири «Жиноят"нинг олдини олишга ёрдам сўраган.

Жумладан у ўз сўзида, «Мен соҳамда кўп ютуқларга эришган Ўзбекистон фуқаросиман. Мусулмонман. Энди мен иш фаолиятимдан ташқари, бўш вақтимда Қуръон ўқишни ўрганмоқчиман. Қайга борай? Қани қонуний таълим? Қаерда бор қонуний таълим? Мен фуқаро ўлароқ Ўзбекистон ҳукуматидан диний таълим учун менинг эҳтиёжимни қондиришини талаб қиламан! Мен фуқаро ўлароқ Ўзбекистон ҳукуматини мана бундай «жиноят»ларнинг олдини олиш учун бутун мамлакат бўйлаб қонуний Қуръон таълимини йўлга қўйишни талаб қиламан. Шу давлат фуқаросиманми? Бошқа нима қилай, айтинг! Отинга бориб ўргансам — жиноятчиман, четга чиқиб ўргансам — хиёнатчиман. Нима қилай? Таълим олиш ҳуқуқимни талаб қилсам майлими? Жиноятнинг олдини олишга ёрдам беринглар!» деб ёзади.

Ўша фойдаланувчи ўз сўзларини давом эттирар экан кўрсатув ижодкорларига ўзининг саволларини йўллайди:

«Кўрсатувда фоҳишадан ҳам баттар жиноятчи қилиб кўрсатилаётган ёши катта аёллар шундай кўрсатувга лойиқмиди? Ўзбекистондаги конституцион тузумга таҳдид қилмаган, одам ўлдирмаган, танасини сотмаган, давлатнинг пулини еб кетмаган. Улар ҳам кимнингдир онаси, кимнингдир маҳрами-ку! Булар нима қилиб миллатни шарманда қилдики, уларни миллат олдига олиб чиқиб шарманда қилиняпти? Нега рўмолда юрганлар қора рангларда жиноятчидек кўрсатиляпти? Нимага омманинг фикри бундай разил усулда бошқариляпти? Қонунни бузган бўлса, жазосини олгандир. Нега бундай қабиҳ йўл билан кўрсатув тайёрланяпти? Жиноят сабабини ўрганадиган давлат институтлари қани? «Бу нима учун ноқонуний таълим оляпти», деган савол қачон кун тартибига қўйилади? Ким қўяди буни?»

Фойдаланувчиларнинг баъзилари эса қонунга итоат қилишга чақириб, айбдорлар жазосини олганлигини айтади. Лекин улар ҳам мўътабар ёшдаги онахонларни телевидение орқали шарманда қилиш яхши иш бўлмаганини айтишади.

Ижтимоий тармоқни кузатган яна бир фойдаланувчи «Алҳамдулиллаҳ, халқим ким жиноятчи, ким жиноятчи эмас, фарқига борадиган бўлибди», деб ёзади.

* * *

Алишер Назар исмли фойдаланувчи айрим фойдаланувчилар кўрсатувда сўзлари берилган Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар қори Турсунов шаънига ҳам хунук гаплар ёзишаётганини ҳазм қила олмасдан, шундай хитоб қилади:

«Бугун бир одамни ёмон отлиқ қилишдан осонроқ иш қолмади. Икки кундирки, муборак Исломнинг «ҳимоячи»лари Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар қори Турсунов ҳақида айтмаган ҳақорати қолмади. Лекин бирор мусулмон йўқки, «тўхта, Анвар қори бу гапни қачон гапирган, ким ҳақида гапирган, олдин бир суриштириб кўрайлик», демайди. «Бир илм аҳлининг орқасидан бунақа бўҳтон гапларни гапириш, ҳақоратлаш, мўминга ярашмайди», деб ўйламайди. Яна тағин шу одоб-ахлоқи билан комил мўминлик даъвосида! Бугун қори ака билан шу ҳақда гаплашдик. ТВчилар домладан бу интервьюни ёзиб олганига камида 5–6 ой бўлган. Умуман бошқа вазиятда ва бошқа мавзу учун ёзилган суҳбат «Отинойининг сўнгги ови»га ямоқ қилиб юборилган, холос. Инсоф қилиш керак, азизлар! Билиб-билмай бировни ёмон отлиққа чиқариш мусулмоннинг иши эмас!»

* * *

1998 йил қайта таҳрир қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасида «Диний ўқув юртларида диний фанларни ўқитаётган шахслар диний таълим олган бўлишлари ва ўз фаолиятларини тегишли марказий бошқарув органининг рухсати билан амалга оширишлари лозим. Хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади», деб қайд этилган, деб ёзади сайт.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасига ташрифи чоғида мутасаддилардан нечта ўрта махсус ислом билим юрти кераклиги ҳақида сўраб, Қуръони каримнинг сураларини етказиш бўйича менга таклиф берсангизлар, деган эди.

Мавзуга оид