Ўзбекистон | 18:51 / 19.09.2017
18794
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда “Ёш фермерлар Кенгаши” ташкил этилди

Фото: ЎзА

Ўзбекистонда ёш фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёш фермерлар Кенгаши” ташкил этилди.

Ташкилот Адлия вазирлигидан фаолияти учун тегишли гувоҳномани олганлиги ҳақида кенгашнинг масъул вакили Илёс Сафаров хабар берди.

Бугунги кунда мамлакатда 5 847 нафар ёш фермерлар фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар 200 753 гектар ер майдонига эга. 1 158 нафар ёш фермерлар кўп тармоқли мақомига эгадир.

Афсуски, бу кўрсаткич республикадаги жами фермер хўжаликларининг атиги уч фоиздан кўпроғини ташкил этади.

Янги ташкилот ўз олдига фермерлик фаолиятини кенг тарғиб қилиш ва ривожлантириш, ёшлар айниқса, уюшмаган ёшларни фермерлик ҳаракатига кенг жалб этиш, ёш фермерларни кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантиришда кўмаклашиш, шунингдек, ёш фермерлар фаолиятида дуч келинаётган муаммолар ва масалаларни биргаликда ҳал этиш, хорижий илғор тажрибаларни ўрганиб ёш фермерлар фаолиятига жорий қилишда амалий ёрдамлар кўрсатишни мақсад қилган.

Шунингдек, ёш фермерларни хорижий илғор тажрибалар билан таништириш ва илғор тажрибаларни ёш фермерлар фаолиятига жорий қилиш бўйича халқаро кўргазмаларда ёш фермерларнинг иштирокини таъминлаш ҳам ушбу Кенгашнинг алоҳида эътиборида бўлади.

Кенгаш раиси Соатмурод Қулмирзаевнинг таъкидлашича, 2018 йил ҳосили учун бошоқли донни сифатли экиш ва ҳосил олиш, тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини экиш ва уни парваришлаб, юқори ҳосил олишда ёш фермерлар фаоллик кўрсатади. 

Мавзуга оид