Спорт | 15:10 / 20.09.2017
25020
8 дақиқада ўқилади

«Кўтарма пуллари» ўзбек футболига керакми?

Шунақа тизим бор. Мавсум якунлангандан сўнг, ҳеч қайси клуб билан шартномаси бўлмаган, яъни эркин агентга айланган футболчи янги жамоага ўтиш учун «кўтарма пули» олади. Клуб бирор футболчини бошқа клубдан сотиб олиши учун трансфер қийматини тўлаши керак – эркин агентни қўлга киритадиган жамоа эса, бундай ҳаражатни амалга оширмайди. Ўрнига, қайсидир маънода трансфер қиймати футболчининг ўзига тўланади.

Неча йилдирки, «кўтарма пуллар» ҳақида футбол жамоатчилигида салбий фикрлар юради. Ривожланиш йўлида чопиб кетаётган ўзбек футболи оёғида болта ураётган унсурлардан бири сифатида кўп бор тилга олинади.

Албатта, бу усул футболчиларни дангаса қилиб қўяётган, иштиёқни ўлдираётган, ноқонуний пул айланмасини яратаётган бўлиши мумкин, буни инкор қилмайман, лекин вазиятга чуқурроқ қараб кўрганда, мен «кўтарма пуллар» иллатларнинг сабаби эмас, оқибати эканини, аввало, сабаблар билан курашиш мақсадга мувофиқлигини айтган бўлардим.

Аввало, йилнинг бошида катта пул олиш футболчилардаги амбицияларни ўлдириши ҳақида. Бу фикрга қўшилмайман. Бизда айтайлик, клублар ғалаба ёки дуранг учун футболчиларга алоҳида мукофот пуллари беришади. Мукофот суммаси маош билан таққослаганда, яхшигина маблағ бўлади. Европада эса, футболчилар шартномада фиксланган суммани олишади. Жамоа ғалаба қозонадими, футболчи майдонга тушадими ёки йўқми, бу маош сезиларли равишда ўзгармайди. Ҳатто якунда чемпионлик учун бериладиган бонус пуллар ҳам маош билан таққослаганда жуда кам. Лекин кўряпмизки, мотивация бобида европалик футболчиларда муаммо йўқ. Пулнинг миқдори футболчининг ҳаракатларига таъсир қилар экан, гап пулнинг миқдорида эмас, футболчининг қадриятида эмасми?

«Кўтарма пуллар»нинг мазмунига қарасак, бундай тизим аслида ўша Европа футболида ҳам мавжуд эканини кўрамиз. Эркин агентга айланган футболчилар, агар уларга талаб юқори бўлса, таклифларнинг айнан молиявий қисмини ўрганишлари ва яхшироқ шартномаларга эга бўлишлари мумкин. Масалан, Дани Алвеш «Ювентус»даги шартномаси якунлангач, эркин агентга айланди. У «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» ўртасида танлади, оқибатда, шартнома учун каттароқ бонус таклиф қилган Париж жамоаси футболчини қўлга киритди. Биз ёмон кўрадиган «кўтарма пуллари»нинг айнан ўзгинаси, тўғрими?

Хўш, нега Европада бундай тизим кенг ёйилмаган?
Сабаби оддий, биринчидан, шартномалар бир неча йилга тузилади. Иккинчидан, клублар талабгорлари кўп бўлган футболчиларининг эркин агентга айланишларига йўл қўйишмайди. Шартнома муддати охирига яқинлашгач, имкон қадар янги шартнома тузиб, муддатни узайтиришади. Ёки футболчи текинга кетиб қолмасидан, арзонроққа сотиб юборишга ҳаракат қиладилар. Шу туфайли, Европа футболида асосан клублар ўртасидаги трансфер савдоларини кўрамиз, «кўтарма пуллар»га мисол топиш қийин. Ҳар йилги эркин агентларнинг руйхатига қарасангиз, кўпинча, ўз даврини ўтаб бўлган, талабгор клублар кўп бўлмаган футболчиларни кўрасиз.

Нега бизда шартномалар кўп йилга тузилмайди?
Ана энди, муаммонинг асосий нуқтасига етиб келдик. Эътибор берсангиз, шаклланган футболчилар билан кўп йиллик шартномалар асосан молиявий жиҳатдан барқарор бўлган пойтахт клубларида кузатилади. Ёки ҳали ўзини кўрсата олмаган ва ҳар қандай таклифга рози бўладиган ёш футболчилар билан. Футболчилар бошқа клублар билан кўп йиллик шартнома тузишни исташмайди.

Тўғри, ҳар йили эркин агентга айланиш ва «мўмай кўтарма пули»ни олиш анча фойдали кўринади. Ўртамиёна, кўчманчи футболчилар учун бу энг мақбул йўл эканини инкор қила олмаймиз. Аммо агар ўша футболчиларга «Локомотив» кўп йиллик шартнома таклиф қилса, рози бўладиларми? Менимча, ҳа.

Вилоятлардаги аксарият клубларимизга қарасангиз, молиявий беқарорликни кўрасиз. Йил бошидаги смета йил охирига тўғри келмайди. Аксарият ҳолларда белгиланган смета етарлича молиялаштирилмайди. Натижада, маошлардан катта миқдордаги қарздорликлар юзага келади. Кўпинча, футболчи шартномада белгиланган иш ҳақини тўлиқ ололмайди, йил охирига бориб, катта миқдордаги суммадаги маошлар йиғилиб қолади. Чемпионатдаги ўз вазифасини ҳал қилган клубда эса, йил бошидаги амбициялардан асар ҳам қолмаган бўлади. Ҳатто, ғалабалар учун мукофот пулларидан қочиб, жамоанинг ютқазишини исташлари ҳам бор гап. Якунда олтинчи ўрин қўлга киритилдими ёки ўн иккинчими, унчалик фарқи йўқ. Маошидан катта миқдорда қарздорлик юзага келган футболчи эса, янаги йили барибир жамоани тарк этади. Шартномаси тугаш арафасида. Клуб ўша қарзни бергиси келмай қолади. Балки маошнинг баъзи қисми ведомостдан ташқарида келишилгани учун, қонуний тарафдан ҳам футболчи ўша йил бошида ваъда қилинган пулларни талаб қила олмайди. Оқибатда, икки тараф савдолашиб, камроқ суммага футболчи рози бўлиши мумкин.

Айтмоқчиманки, йил бошида клуб ва футболчи билан келишувда кўрсатилган йиллик маошлар, мукофот пуллари тўлиқ тўланмайди. Масалан, «Шўртан» клубида легионер футболчисидан қарздорлик юзага келгани юзасидан ҳатто ФИФА ҳам аралашди. Аввалроқ, «Динамо», «Бухоро» ёки «Нефтчи»да бу масалаларда жанжалли ҳолатларга гувоҳи бўлдик, яна бир қанча бизгача етиб келмаганлари бор.

Энди савол туғилади, нафақат бир неча йил, ҳатто бир йиллик сметаси ҳам ҳали тўлиқ кафолатланмаган, йил охирига бориб нима бўлиши номаълум бўлган клуб билан узоқ муддатли шартнома тузишни қайси футболчи истайди? Аҳмоқлик бўлмайдими бу?

Йил бошида янги клубга ўтаётган ва албатта, калласининг бир чеккасида йил охирига бориб, вазият ёмонлашишини, балки маошларини ололмаслигини ҳам билган ҳолда футболчи таклифга рози бўлади. Ахир касб, бола-чақани боқиш керак, нима қилсин? Ҳар бир оддий футболчига, зўр бўлсанг, ана Россияга бор, Европага бор, Месси бўл, деб маслаҳат беравермаймиз-ку? Футбол тизими нафақат юлдуз футболчиларни, балки оддийларни ҳам боқиши, таъминлаши керак, тўғрими?

Бу ҳолатда «кўтарма пуллар» футболчининг жонига оро киради. Ўша йил бошида у оладиган катта сумма ўша йилнинг иккинчи ярмидаги йўқотишлар учун суғурта вазифасини ўтайди. Охирида клуб маошдан қайсидир қисмини бергиси келмай қолганида ҳам, футболчи ўша йил бошида олган «кўтарма пули» туфайли, ўз ҳолатини сақлаб қолади. Келаси йили яна «кўтарма пули» берадиган янги жамоа излашга мажбур. Афсуски.

Футболчининг маошини, томонларнинг шартнома шартларини бажаришлари билан боғлиқ ҳолатларни ўрганувчи, футболчиларни клублардан ҳимоя қилиши керак бўлган касаба уюшмаларининг фаолиятлари кўнгилдагидек эмас. 

Жараённинг бу томонларини тўлиқ ҳал қилмай туриб, «кўтарма пуллари»га қарши курашиш, гўёки очидан ўлаётган одамдан чўчқа гўштини қизғонишдек гап. Бу нотўғри.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид