Муваффақият сари 46 йил: Илон Маск тарихи суратларда
SpaceX ва Tesla бош директори, The Boring Company асосчиси ва OpenAI ҳаммуассиси - афтидан Маск ҳамма жойда улгурадиган кўринади. У космик ракеталар, электромобиллар ва қуёш батареялари қуршовида, қотил-роботларни тадқиқ қилади - ва бу ишлар орасида миллиардлаб пул топишнинг уддасидан чиқади. Шундай бўлса-да, Маск бу даражага осонлик билан эришмаган. Қандай қилиб мактабда кўпчилик устидан кулган бола бундай ишбилармонга, кейин эса худди илмий-фантастик роман саҳифаларидан ҳаётга кўчган икки йирик компания раҳбарига айланди - ва бу йўлда таназзулга учрамади? BusinessInsider шу ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.
Илон Маск 1971 йилнинг 28 июнида Претория (ЖАР)да дунёга келган.
Отасининг сўзларига кўра, Маск "доим ўйчан интроверт бўлган".
"Бошқа бола бўлганида дўстлари билан зиёфатга бориб, вақтини чоғ ўтказиши мумкин эди, Илон эса ҳатто зиёфатга бориб қолган тақдирда ҳам, дарҳол кутубхонани топиб, китоблар оламига шўнғиб ўтирарди", - дейди Маскнинг отаси, муҳандис Эррол Маск.
Маскнинг онаси — профессионал парҳезшунос ва модель.
Майе Маск Канадада туғилган. Special K нонушталари қутилари ва ҳатто Time журнали муқовасида унинг суратларини кўришингиз мумкин.
1979 йилда ота-онаси ажрашиб кетгач, 9 ёшли Илон ва унинг укаси Кимбал отаси билан яшашга қарор қилишди.
1983 йилда, 12 ёшида Маск "Бластар" номли оддий ўйинни ёзиб, уни компьютер журналига 500 долларга сотган.
Ўзининг айтишича, ўйин "у қадар аҳамиятли бўлмаган... аммо Flappy Bird'дан яхшироқ бўлган"
Бироқ мактабда унга осон бўлмаган — бир куни тенгдошлари уни шу даражада калтаклашганки, уни ҳатто шифохонага жойлаштиришга тўғри келган.
Эшли Вэнс "Илон Маск: Tesla, SpaceX ва фантастик келажак сари" китобида ёзишича, безорилар Маскни зинадан пастга ташлаб, ҳушини йўқотгунича калтаклашган.
Ўрта мактабни тугатгандан сўнг Маск Канадага йўл олган ва икки йил Онтариода, Кингстон Қироллик университетида таҳсил олган.
Маск Канадага онаси, синглиси Тоска ва укаси Кимбал билан кўчиб ўтган.
Бироқ у ўқишни Пенсильвания Университетида тугаллаган ва у ерда бирйўла икки (физика ва иқтисодиёт бўйича)дипломни қўлга киритган.
Пенсильвания Университетида ўқиш давомида Маск синфдоши Адео Ресси билан талабалар коммунаси биносини тунги клуб учун ижарага беришган.
Бу Маскнинг илк бизнес-тажрибаларидан бири эди.
Шундан сўнг Маск докторлик даражасига эришиш мақсадида Стэнфорд университетига йўл олган, бироқ тезда ўқишни ташлаб кетган.
У ўқишнинг иккинчи кунидан кейин университетни тарк этишга қарор қилган, бунинг ўрнига эндигина танилиб бораётган доткомлар бумида омадини синаб кўришга чоғланган. У Стэнфордга қайтмади.
Илон укаси Кимбал билан Zip2 компаниясига асос солган.
Отаси New York Times ва Chicago Tribune каби газеталар учун шаҳарлар бўйича кўрсатмалар берувчи сайтни ишга тушириш учун ўғилларига 28 минг доллар берган.
Маск Zip2 устида ишлаган вақтида деярли идорада яшаган ва YMCA маҳаллий ёшлар ташкилоти биносида душ қабул қилган.
Бироқ Compaq компанияси Zip2'ни 341 миллион долларга сотиб олганидан кейин барча ҳаракатлар ўзини оқлаган. Битим Маскка 21 миллион келтирган.
Сўнгра Маск X.com онлайн-тўловлар тизимига асос солган.
1999 йилда у Zip2 сотувидан тушган пулнинг деярли ярмидан фойдаланиб, лойиҳани ишга туширган. Тахминан бир йилдан кейин X.com Питер Тилнинг Confinity молиявий стартапи билан бирлашди — шу тариқа PayPal дунёга келди.
Маск PayPal'нинг бош директори бўлган, лекин бошқарув бошида узоқ қолмади.
2000 йилнинг октябрида у PayPal ҳаммуассисларини компания серверларини Microsoft Windows'даги бепул Unix операцион тизимига ўтказишга ишонтиришга ҳаракат қилган, бироқ техник директор томонидан қатъий қаршиликка йўлиққан.
Маск Австралияга меҳнат таътилига кетган вақтида директорлар кенгаши уни ишдан бўшатган ва Тилни янги бош директор этиб тайинлаган.
"Меҳнат таътили қимматга тушган", - дейди Маск кўп йиллардан кейин 2000 йилги саёҳатини ёдга олар экан.
Бироқ Маск учун барчаси хайрли якун топди: 2002 йилнинг охирида eBay компанияни 1,5 миллиард долларга сотиб олган ва шартнома унга анчагина фойда келтирган.
У PayPal'нинг энг йирик акциядори сифатида 165 миллион доллар ишлаб олган.
Маск PayPal сотувига қадар ҳам янги лойиҳалар ҳақида орзу қилган, сичқонлар ёки ўсимликларни Марсга чиқариш режаси ҳам шулар қаторида бўлган.
Илмий фантастиканинг ашаддий мухлиси бўлган Маск ҳатто истеъмолдан чиқарилган совет ракеталарини сотиб олишга ҳаракат ҳам қилган. Бироқ Россия томон ҳар бир ракета учун 8 миллион доллар сўраган ва Маск шахсий ракетани қуриш арзонроққа тушишига ишонч ҳосил қилган.
2002 йилнинг бошида Маск бугунги кунда Space Exploration Technologies ёки SpaceX номи билан машҳур компанияга асос солди.
Маскнинг мақсадлари катта бўлган: космик парвозларни ўн карра арзонлаштириш.
SpaceX'нинг илк космик қурилмалари "Юлдузлар жанги"даги космик кема шарафига "Минг йиллик лочин" дея номланган.
Албатта, гап Falcon 1 ва 9 ракеталари ҳақида бормоқда.
Бошқа бир қурилма "Puff the Magic Dragon" қўшиғи шарафига номланган.
Космик кема номи - Dragon - SpaceX ҳеч қачон ракеталарини космосга учира олмаслигини таъкидлаган танқидчиларга жавобдек гўё.
SpaceX'нинг узоқ муддатли мақсади — Марсни эгаллаш.
SpaceX транспорт ва йўловчи кемалари Марсга мунтазам рейсларни бошламагунга қадар IPO'га ариза бермайди, деган Маск.
Шундай бўлса-да, Маскнинг Ерда ҳам ишлари талайгина, айниқса унинг бошқа бир компанияси — Tesla'да.
Компанияга 2003 йилнинг июлида Мартин Эберхард томонидан асос солинган, 2004 йилда эса Маск биринчи марта корхонага сармоя киритган. Бугунги кунда Tesla'даги инвестицияларнинг умумий ҳажми тахминан 70 миллион долларни ташкил қилади.
Маск Tesla'да фаол иштирок эта бошлади, ҳозир у компаниянинг ҳаммуассисларидан бири ҳисобланади. Tesla унинг иштирокида ўзининг биринчи автомобили — Roadster'ни ишлаб чиқарди.
2006 йилда, электрон Roadster сотувга чиққан вақтда Маск Tesla директорлар кенгашининг раиси бўлган. Ҳозир у - компаниянинг бош директори.
Маск шу билангина қониқиб қолмади, тез орада у навбатдаги ғояни илгари сурди: қуёш энергетикасини ривожлантиришга йўналтирилган SolarCity лойиҳаси.
2006 йилда Маск ўзининг қариндошлари - ака-ука Питер ва Линдон Ривларга бошланғич капитал тақдим этиб, бу ғояни ҳаётга тадбиқ этишни таклиф қилди.
Бу вақтда эса Tesla'да ишлар у қадар силлиқ кечмаётган эди.
Эберхард бош директор лавозимини эгаллаган бир пайтда компания ишлаб топаётганидан-да кўпроқ пул сарфларди. 2007 йилда Маск "тўнтарув" ташкиллаштирган - дастлаб Эберхардни бош директор лавозимидан озод қилган, кейин эса уни директорлар кенгаши ва компаниянинг бошқарув таркибидан чиқариб юборган.
2008 йилда, инқироз молиялаштириш имкониятларини жиддий чегаралаб қўйганида, Маскнинг шахсан ўзи компанияни банкротликдан қутқариб қолган.
Маск Tesla'га 40 миллион доллар инвестиция киритган ва компанияга худди шу суммада кредит тақдим этган. Шу йилнинг ўзидаёқ у компаниянинг бош директори этиб тайинланган.
Маск SpaceX, Tesla ва SolarCity компаниялари ўртасида сарсон бўлган.
Маскнинг сўзларига кўра, 2008 йил унинг ҳаётидаги энг оғир йил бўлган. Tesla пулларини йўқотишда давом этарди, SpaceX'да эса Falcon 1 парвози билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлган. 2009 йилга бориб Маск деярли қарзга ботган.
Боз устига, деярли шу вақтда Маск турмуш ўртоғи билан ажрашган.
Маскнинг собиқ турмуш ўртоғи - канадалик ёзувчи Жастин Маск олти ўғилни дунёга келтирган.
Тез орада Маскни икки яхши янгилик кутарди.
SpaceX компанияси NASA билан 1,5 миллиард долларлик шартномани имзолаган, Tesla эса ниҳоят ташқи инвесторларни жалб қилишга муваффақ бўлган.
2010 йилга бориб барчаси жиддий ўзгарди, июнь ойида Tesla муваффақиятли IPO ўтказган.
Компания дастлаб 226 миллион доллар жалб қилган ва 1956 йилда бозорга чиққан Ford'дан кейинги биринчи оммавий автомобиль компаниясига айланган. Молиявий муаммоларини ҳал қилиш учун Маск 15 миллион долларлик акцияларини сотган.
Маскнинг ноодатий карьерасига бошқа доираларда, айниқса Ҳолливудда ҳам эътибор қаратила бошланди.
Кенжа Роберт Даунининг Темир одам ҳақидаги фильмлар серияларидаги персонажи Тони Старк қисман Маскнинг образига асосланган.
У пайтлар Маскнинг шахсий ҳаёти анча жўшқин кечган.
2008 йилда Маск актриса Талула Райли билан учраша бошлаган, 2010 йилда улар турмуш қуришган, аммо 2012 йилда ажрашишган. 2013 йилнинг июлида улар қайтадан турмуш қуришган. 2014 йилнинг декабрида эса Маск ажрашиш учун ариза берган, бироқ тез орада ҳужжатларни қайтариб олган. 2016 йилнинг мартида Райли ажрашишга ариза берган ва ниҳоят октябрь ойида улар ажрашишган.
Бизнесдаги ишлар эса анча яхши кетаётганди - айниқса SpaceX'да.
2015 йилнинг охирига бориб SpaceX компанияси 24 парвозни амалга оширди (парвозлар асосан Халқаро космик станцияга юк ташишга асосланган бўлган) ва йўл-йўлакай кўплаб рекорд ўрнатди. 2016 йилда SpaceX биринчи марта океандаги платформага кўп марталик Falcon 9 ракетасини қўндиришга муваффақ бўлган.
Маск доимо янги ғоялар оғушида. Энг сўнггиларидан бири — Hyperloop.
Hyperloop — вакуум қувур бўйлаб ҳаракатланувчи тезкор поезд бўлиб, у Москвадан Санкт-Петербурггача бўлган масофани деярли 35 дақиқада босиб ўтади. Ғояни ҳаётга тадбиқ этишни тезлаштириш мақсадида Маск бошқа компанияларга ҳам ўз Hyperloop версияларини яратишга имкон бермоқда.
Яқинда Илон Маск яна бир лойиҳани ишга туширди — The Boring Company. Унинг номини инглиз тилидан "Зерикарли компания" дея таржима қилиш мумкин, бироқ бу атайин қилинган сўз ўйини: аслида у "Бурғуловчи компания" маъносини англатади.
The Boring Company'нинг миссияси - шаҳарлар ости ва атрофида туннеллар орқали тирбандликни четлаб ўтувчи тезкор транспорт ҳаракатини таъминлаш. Бундан ташқари, Маск Нью-Йорк ва Вашингтон ўртасида Hyperloop учун туннель қурдириш ғоясини Оқ уй билан муҳокама қилганини таъкидлаган.
2015 йил охирида Маск OpenAI асосчиларидан бирига айланди. OpenAI - сунъий интеллект соҳасидаги тадқиқотлар билан шуғулланувчи нотижорат ташкилот. Унинг миссияси - роботлар инсониятни йўқ қилмаслигини кафолатлаш.
Маск энг яхши сунъий интеллект учун пойга учинчи жаҳон урушига айланиши мумкинлигидан хавфсирайди.
Тўғри, бу хадиклар унга ҳайдовчисиз Tesla автомобиллари учун сунъий интеллект ишлаб чиқишга халақит бермайди.
"Автопилот" тизими Tesla автомобилларининг барча моделларида бор.
Ўтган йили Tesla 2,6 миллиард долларга SolarCity'ни харид қилди.
Бу Маскка "яшил" энергия соҳасидаги икки йирик лойиҳани бир том остида бирлаштириш имконини берди.
2017 йил Маск учун у қадар ёқимли кечди деб бўлмайди, ҳар ҳолда сиёсат саҳнида шундай бўлди.
Маск Трамп маъмурияти қошидаги маслаҳат кенгашига қўшилди, бу жамоатчиликда катта муҳокамага сабаб бўлди. Дастлаб у ўзининг илғор ғояларини амалга оширишда Оқ уйга яқинлигидан фойдаланиши мумкинлигини айтиб, ўз қарорини ҳимоя қилди. Бироқ Дональд Трамп иқлим ўзгаришига доир Париж келишувида иштирок этишдан воз кечганидан кейин Маск кенгашни тарк этди.
Мавзуга оид
11:23
Дунё электрсиз қолади, сунъий идрок одамлардан ўзиб кетади: Илон Маскнинг 2025 йил учун прогнозлари
20:59 / 20.12.2024
Tesla компанияси носозлик туфайли 700 мингга яқин автомобилини чақириб олади
22:21 / 17.12.2024
SpaceX ракетаси янги авлод GPS сунъий йўлдошини орбитага олиб чиқди
20:07 / 16.12.2024