Фан-техника | 22:08 / 23.09.2017
6143
2 дақиқада ўқилади

Hewlett-Packard суперкомпьютери коинотда синовдан ўтказилди

Фото: hi-news.ru

Бир ой аввал Халқаро коинот станциясига Dragon коинот кемаси юк бўлимида NASA агентлиги ва Hewlett-Packard компанияси биргаликда яратган SpaceBourne суперкомпьютери етказилганди. Бу компьютер коинотда узоқ вақт юкламалар ва дастурий носозликлардан кейин ўзини қандай тутишини билиш учун яратилган. Ишлаб чиқувчилар барчаси яхши бўлишига умид қилишган, бироқ уларда компьютер ХКСга парвоздан кейинги тебранишни кўтара олиши борасида  жиддий хавотирлар бўлган. Улар ҳаттоки компьютер ёқилмаслигини тахмин қилишганди. Бироқ компьютер юкламаларга дош бериб, ёқилиб, ҳанузгача ишламоқда. 

ХКСда суперкомпьютер пайдо бўлгунча кам қувватли ноутбукларгина бор эди, бироқ энди фазогирлар тез ишловчи ва аниқланишича, чидамли SpaceBourne’ни ишлатиш имконини олдилар. Аввал мураккаб ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун катта миқдордаги маълумотларни Ерга жўнатишга тўғри келган. Ерда эса бу маълумотлар асосида ҳисоб-китоблар қилиниб, сўнгра натижалар яна ХКСга жўнатиларди. Ҳозир эса бу масалани ХКС бортининг ўзида ҳал қилиш имкони пайдо бўлди.

Тажрибадан асосий мақсад Ой ва Марсга миссияларга тайёргарлик кўришдан иборат. Бу миссиялар давомида эски қурилмаларни янгисига алмаштириш имкони бўлмайди. Шу сабабли суперкомпьютер яна бир йил синовдан ўтказилади. У бу вақт ичида ўчиб қолмасдан ишлаши керак. Агар тажриба муваффақиятли кечса, компьютерни яратишда қўлланган технологиялар янги коинот суперкомпьютерларини яратишда асос қилиб олиниши мумкин.

Мавзуга оид