Фан-техника | 22:53 / 25.09.2017
8960
3 дақиқада ўқилади

Amazon тубдан ўзгартириши кутилаётган тўрт соҳа

Фото:markets.businessinsider.com

Morgan Stanley етакчи компаниялар таҳлилчилари орасида сўровнома ўтказиб, Amazon электрон коммерция гиганти яқин йилларда қайси соҳаларни тубдан ўзгартириши ҳақида билиб олади. Мутахассислар туб ўзгаришлар кутилаётган тўрт соҳани қайд этишди. Business Insider натижалар билан бўлишди.

Сўровномада 40 нафардан зиёд таҳлилчи иштирок этди. Улардан Amazon энг йирик онлайн-ритейлери биринчи навбатда ўзгартирадиган соҳани белгилаш сўралди.

1. Озиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдоси

Ёзда Жефф Безоснинг компанияси 13,7 миллиард долларга Whole Foods озиқ-овқат маҳсулотлари тармоғини қўлга киритди. Битим кучга киргандан кейин биринчи куниёқ Amazon тармоқ дўконларидаги нархларни 43 фоизга қисқартирди. Wal-Mart ва Costco савдо тармоқлари ҳам нархларни тушира бошлашди ва бирйўла ассортиментни ўзгартиришга киришишди. Бундан ташқари, Amazon гиганти Kohl’s дўконлари билан ҳамкорликни йўлга қўйди - энди уларда ритейлер сайтида харид қилинган товарларни қайтаришни расмийлаштириш мумкин бўлади.

2. Супермаркет ва савдо марказларининг бизнес-модели

Истеъмолчилар борган сари кўпроқ интернетдан буюртма қилишмоқда, савдо марказлари эса у қадар гавжум эмас. Бу энг аввало, илғор онлайн-сотувчи савдо айланмасининг ўсиши туфайлидир. Amazon'нинг таъсири автомобиль эҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи дўконларни ҳам қамраб олади. 

3. Логистика ва товар етказиб бериш

Amazon аллақачон омборларини роботлаштиришни бошлаб юборди ва учувчисиз транспорт даврига қаттиқ тайёргарлик кўрмоқда. Курьер-дронларнинг кўпайиши харидларни етказиб берувчи касбининг йўқ бўлишига олиб келади. Учувчисиз қурилмалар эса ташиш бозорини ўзгартиради.

4. Тижорий кўчмас мулк бозори

Wal-Mart'дан фарқли ўлароқ, онлайн-ритейлер тасарруфида омбор майдонлари у қадар кўп эмас. Whole Foods'ни қўлга киритгандан сўнг компания қўшимча 92 000 квадрат метр омборга эга бўлди, бироқ бу ҳам етарли эмас. Таҳлилчиларнинг тахминига кўра, Amazon кенгайишда давом этади ва бу омбор кўчмас мулкига бўлган талабнинг ўсишига таъсир кўрсатади. Улкан савдо марказлари эса Amazon туфайли ёпилиши ҳам мумкин, зеро кўпчилик интернетдан буюртма қилишга ўтмоқда, савдо марказларининг ёпилиши савдо майдонларининг ижара нархини пасайтириб юбориши мумкин.

Amazon'ни  кўпинча АТ-монополиячиси деб аташади ва Facebook ҳамда Google билан бир қаторга қўйишади. Бироқ баъзи экспертлар онлайн-ритейлер Alibaba, Wal-Mart каби тажриба қилишдан қўрқмайдиган бошқа компаниялар каби бозор динамикасига ижобий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблашади.

Мавзуга оид