Жамият | 18:52 / 26.09.2017
47920
2 дақиқада ўқилади

Ромитанда 90 киши овқатдан заҳарланди, вазият алоҳида назоратга олинган

Бухоро вилояти Ромитан туманида 2017 йил 26 сентябрь куни тонги соат 5:30дан бошлаб 18:40гача жами 90 нафар фуқаро туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриғи ва умумий ҳолсизлик каби касаллик белгилари билан тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Уларга “Ўткир диарея, овқатдан заҳарланиш” ташхисига гумон қилиниб, шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда KUN.UZ’га Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, айни пайтда мазкур шифохона ва унинг бўлимлари зарур дори-дармонлар, инфузион эритмалар, бир маротаба ишлатиладиган шприц ва системалар  билан етарли миқдорда таъминланган.

Беморлар билан ўтказилган суҳбат давомида барча беморлар ўз касалликларини 2017 йил 25 сентябрь куни оқшом туман марказидаги “Диёр” тўйхонасида фуқаро Икром Хамраев томонидан ўтказилган никоҳ тўйи дастурхонига тортилган тухум баракни истеъмол қилиш билан боғлашган. 

Юзага келган эпидемик вазиятни жойига чиқиб ўрганиш, беморларга ва маҳаллий мутахассисларга ўз вақтида ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул мутахассислари, жумладан, республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори А.Худаяров, республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи Б.Алматов, Эпидемиология - микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти директори А.Абдушукуров ва бир гуруҳ етакчи мутахассислар Бухоро вилояти Ромитан туманига юборилган.  

Айни пайтда аксарият беморларнинг аҳволи барқарорлашган. Шу сабаб соғлиғи тикланган  25 нафар фуқарога  уйига рухсат берилган.

Бухоро вилояти Ромитан туманида кузатилган эпидемик вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олинган. 

Мавзуга оид