Жамият | 13:12 / 28.09.2017
27901
2 дақиқада ўқилади

МХХ валютафурушларга қарши рейдларни давом эттирмоқда

Иллюстратив сурат. Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ноқонуний валютафурушлар фаолиятини аниқлаш ва олдини олиш бўйича кенг кўламли кампания доирасида бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Бу ишда айниқса, Миллий хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура томонидан ташкил этилган махсус гуруҳлар фаоллик кўрсатмоқда.

Хусусан, Хоразм вилоятидаги махсус амалиёт вақтида, 6100 АҚШ долларини 8200 сўмлик курс бўйича 50 миллион сўмга сотишга уринган Урганч шаҳрида истиқомат қилувчи 41 ёшли Даврон Рўзметов жиноят устида қўлга олинди. Тинтув давомида унинг ёнидан яна 2300 доллар ва 5 минг Россия рубли топилган.

«Фарғона вилоятида тезкор ходимлар 7850 долларни 64,6 млн. сўмга сотиш пайтида Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи 26 ёшли Ҳамиджон Азимов, шунингдек, келишувда воситачи сифатида иштирок этган унинг жияни А.Назировни қўлга олишди. Ҳ.Азимовга тегишли бўлган «Дамас» автомашинасидаги тинтув давомида яна 1,1 млн. сўм топилди», - дея хабар берди Миллий хавфсизлик хизмати вакили.

Бундан ташқари, Миллий хавфсизлик хизмати ва Департамент махсус гуруҳи Фарғона вилояти Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи 31 ёшли Бобур Тожибоевни мижозга 5 минг АҚШ долларини 8100 сўмлик курсда 40,5 млн. сўмга сотишга уриниш чоғида жиноят устида қўлга олди. Текшириш мобайнида эркакнинг шахсий нарсаларидан яна 330 доллар ва 2,5 миллион сўм топилди.

Юқорида келтирилган ҳолатлар бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан қўлга олинган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) бўйича жиноий ишлар қўзғатилди.

Мавзуга оид