Жамият | 19:50 / 06.10.2017
69303
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда келин қайнонасини ўлдириб, кийимларини тандирда ёқиб юборган

Жорий йилда Ўзбекистон бўйлаб қасддан баданга тан жароҳати етказиш жиноятларининг 22,8 фоизи (767 жиноят) оилавий келишмовчиликлар сабабли содир этилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармаси бошлиғи, полковник Азизбек Икромов ОАВ вакиллари учун ташкил этилган матбуот анжуманида хабар қилди. 

2017 йилнинг ўтган даври мобайнида республикада содир этилган қотиллик ва суиқасд қилиш жиноятларининг 35,8 фоизи турмушдаги келишмовчиликлар, низолар натижасида содир этилган. Улардан 80тага яқин жиноят қариндошига, 43таси эр томонидан хотинига, 8таси  хотин томонидан эрига, 4таси қўшнисига нисбатан содир этилган. 

«Аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жиноятлар ичида 332та қариндошига, 207та эр томонидан рафиқасига, 67та қўшнисига, 31таси ака-укаларнинг бир-бирига қасддан жароҳат етказиш ҳолати кузатилган. Шу йилнинг май ойида Зангиота туманида яшовчи фуқаро хотинига пичоқ ураман деб, профилактика ходимига оғир тан жароҳати етказган. Тезкор ёрдамлар натижасида ходимимизнинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлдик. Мана шундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишда оила катталарининг ўрни, маҳалла фуқаролар йиғинларининг эътибори, қўшниларнинг аҳиллиги муҳим рол ўйнайди», дейди полковник Азизбек Икромов.

Оилавий низолар натижасида келиб чиққан яна бир мудҳиш ҳодисалардан бири Сурхондарё вилоятида содир этилган. Жорий йилнинг 9 сентябрь куни соат 12:00да фуқаро Юнусова қайнонаси Исроилова билан оилавий келишмовчиликлар сабабли жанжаллашиб қолади ва келин қайнонасини ошхонада итариб юборади. Оғир тан жароҳати олган қайнонанинг ерда жон талашиб ётганини кўрган келин уни ўлдириб, қонга беланган кўйлак ва рўмолни йўқотиш мақсадида тандирда ёқиб юборган.

Маълум бўлишича, бугунги кунда фуқароларга нисбатан жиноятлар содир этиб, жазодан қочиб юрган 849 нафар қидирувдаги шахслар қўлга олинган. Шунингдек, бундан бир неча йиллар муқаддам содир этилган 559та жиноятни фош этишга эришилди.

Мавзуга оид