Light | 21:38 / 07.10.2017
206531
13 дақиқада ўқилади

Миллиардерлар ишонган ўзбек иш бошқарувчиcи Раъно Жўраева ҳақида билармидингиз?

Фото: MarieClaire

Тошкентлик Раъно Жўраева Forbes рўйхатидаги уч миллиардер - Олег Дерипаска, Дмитрий Каменшик ва Василий Анисимовларнинг компанияларини бошқарган. Энди эса у ЦЭНКИ (Центр эксплуатации объектов наземной космической инфраструктуры - Космик инфратузилма объектларини эксплуатация қилиш маркази) бош директори бўлиб, Россиянинг барча космодромлари учун масъул шахс. MarieClaire журнали аёл кишининг қандай қилиб бундай юксак даражага эришганига қизиқиш билдириб, Раъно Жўраева билан суҳбат уюштирди. Қуйида мазкур суҳбатнинг қизиқарли лавҳаларини келтирамиз.

- Раъно Фрунзевна, қайси лойиҳа устидаги ишлар сиз учун энг қийин бўлган?

- Мен шуғулланган барча лойиҳалар қизиқ. Қизиқарли лойиҳаларнинг бари қийин бўлади. Энг қийини қайси дейсизми? Ўйлашимча, ҳозирги ишим. Аввал бундай кенг кўламли вазифаларга дуч келмагандим. ЦЭНКИ - бу бир вақтнинг ўзида минг хил бизнес-жараёнлар дегани.

- Сизни чўчитиши мумкин бўлган қийинчиликлар борми?

- Ҳар қандай мураккаб вазифа ўнлаб, юзлаб оддий вазифалардан иборат. Асосийси, унинг тузилишини, унинг нимадан ташкил топганини тушуниб етиш ва бирор бир элементни кўздан қочирмаслик. Агар шуни тушуна олсангиз, қийинчилик чўчитмайди. Барчаси худди математика каби. Институтга кираётган вақтимда буюк математик билан шуғулланганман, ҳар қандай мураккаб даражадаги вазифаларни ечишни ўргатгани учун ундан ҳалигача миннатдорман. Бу менга институтда ўқиш жараёнида, диссертация ҳимоясида ва кейинроқ, мураккаб техник тизимларни бошқариш соҳасида ишлай бошлаганимда кўмак берди.

- Уддасидан чиқа олмаган ишларингиз бўлганми? Ёки иш шу даражада мураккаблигидан унга киришишга ҳожат ҳам йўқлиги англанган ишлар?

- Тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, баъзан менинг бошқарувим остида бир вақтнинг ўзида 30-40 лойиҳа бўлган вақтлар бўлган, - ресурс бўлмаса, вазифани ечиб бўлмайди. Истак бўлмайди. Маблағ бўлмайди. Асосийси, жамоа ҳам йўқ. Жамоа - энг муҳим омил. Масаллиқ тўлиқ бўлса, ҳар қандай таомни тайёрлаш мумкин.

- Яъни иложсиз нарсанинг ўзи йўқ демоқчисиз?

- Ҳа, бутун бир инсоният ривожи тарихи шуни намоён қилмоқда. Биринчи навбатда, космосни забт этиш. Бу инсон амалга оширган энг яхши квинтэссенциядир. Яхшики, биз бу ерда асосий роллардамиз. Инсоний имкониятларни  кенгайтириш, фикрнинг иш бериши ҳақида гап кетганда Россия муайян вазифаларни қўяди.

- Лойиҳаларингиздан бирортасига ўзгача меҳр қўйганмисиз?

- Охиргисига бўлса керак. Бунда қандайдир сеҳр бор. Қачонлардир ким бўлиш борасида қарорлар қабул қила бошлаганимда шундан бошлганман. "Космонавт бўлмоқчиман" демаганман, албатта. Ҳолбуки у пайтлар кўпчилик шундай дерди. Мен доим космос соҳасида ишлашни хоҳлаганман. Космик соҳада мутахассисларни тайёрловчи Ленинград авиация технологиялари институтига киришга тайёрланганман. Бир ўринга 16 киши даъвогар бўлган ўшанда ва мен Тошкентдан келиб, имтиҳоланлардан муваффақиятли ўтганман.

Фото: MarieClaire

- Кўпчилик хоҳлаган, лекин нима учун айнан сиз ўтгансиз?

- Мен доим мақсад сари интилганман. 8-синфдан шу мавзу билан шуғулланганман, институтлар билан ёзишганман, турли курс ишларини ўрганардим. Бу соҳага жуда қизиқардим ва бунда онам мени қўллаб-қувватларди.

- Оилангиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

Барчаси Ленинград консерваториясининг 1941 йилда Тошкентга эвакуациясидан бошланган. У ерда педагоглар қобилиятли ёшларни танлаб олаётган бўлишган. Менинг онам танловдан ўтишга муваффақ бўлган ва қамалдан кейин мусиқачилар билан Ленинградга йўл олишган. Ўша ерда мактаб, мусиқий коллежни тугаллаб, Ленинград консерваториясига ўқишга кирган. Вокал бўйича педагог Антонина Андреевна ва унинг турмуш ўртоғи, консерватория профессори Григорий Михайлович Бузенинг фарзандлари бўлмаган. Улар онамни деярли қиз қилиб боқиб олишган. Мен Ленинградга келганимда улар мени ўз қадрдонидек кутиб олишган ва ўзларининг Василий ороли 15-линиясидаги уйларидан жой беришган. Бироқ, афсуски, узоқ муддатга эмас. Тошкентдан кейин Питер иқлимига мослаша олмадим ва бир йилдан сўнг ўқишимни Москва шаҳридаги Авиация институтига кўчирдим ва шу даргоҳни тамомладим. 30 йилдан ортиқ вақт давомида фуқаролик авиацияси билан шуғулландим. Кутилмаганда қўнғироқ жиринглади: "Игорь Анатольевич Комаров билан учрашиш ниятингиз борми?" Аслида нима бўлганини ҳали-ҳануз англаб ета олмайман.

Афтидан, авиациядаги 30 йиллик фаолиятим ўзига хос мактаб бўлган.

- Каменшик-Дерипаска мактаблари сизга нима берди?

- Бу ўз кучи билан оёққа турган ва мамлакат учун кўп нарса қилган ажойиб ишбилармонлардир. Мен улардан кўп нарсани ўргандим ва айни дамда уларни ҳаётга тадбиқ қилмоқдаман. Улар мени аяб ўтиришмаган, менинг имкониятларим билан ҳисоблашиб ҳам ўтирмай, кўп ишларни юклаб ташлашган, тўсиқлар қўйишган. Бироқ шу тариқа мен ҳозирги даражамга эришдим.

- Айтишларича, сиз фантастик даражада ишчансиз. Бунинг учун куч ва вақтни қаердан оласиз?

- Мен буни уддалай олишим ҳақидаги фикрнинг ўзи менга куч беради! Вақт масаласида эса мен тежамкорман. Масалан, ишга доир қандайдир масалаларни тушлик устида муҳокама қиламан - шунчаки тушлик қилишга не ҳожат? Кечки овқат билан ҳам шундай. Шубҳасиз, бир суткада 24 соат камлик қилади. Шундай бўлса-да, барча масалаларни ҳал қилиш учун 1440 дақиқа етади.

Барчасини-я?

Барчасини деб бўлмайди, албатта. Мен одатда иш режасини бир ой, бир ҳафта, бир кунлик қилиб тузаман ва шу режанинг ҳеч бўлмаганда 30-40 фоизини бажарсам, ишимнинг уддасидан чиқаётганимни англайман.

- Нима учун сизнинг бизнесингизда аёллар бу қадар кам?

Ҳамма конструкторлар, муҳандислар қилаётган ишини майда деталларигача тушуниши керак, улар "туннелча фикрлаш" қобилиятига эга бўлиши керак. Бу эса, асосан - эркаклар.

- Гап биологиядами?

- Фикримча, ҳа. Эркаклар ҳамма нарсанинг тубига етиши керак. Предметни тўлиқ билиш уларга олдинга ҳаракатланиш ва кашфиётлар қилиш учун куч беради. Аёллар эса асосан юзаки фикрлашади, уларнинг ҳаётда бошқа қизиқишлари кўп - оила, дугоналар, ҳаёт тарзи, ташқи кўриниш борасида қайғуриш ва ҳ.к. Уларнинг диққатни жамлаши қийинроқ. Шу билан бирга, баъзи нарсалар чидамлиликни талаб қилади, шу жумладан, жисмоний жиҳатдан ҳам.

- Бу фақат космосга тааллуқлими ёки умуман карьера қуришдами?

- Мен "шиша шифт назарияси" тарафдори эмасман. Аксинча, муваффақиятга эришиш борасида ҳатто аёлларнинг салоҳияти юқорироқ деб ҳисоблайман. Табиат аёл кишига тез мослашиш, тез ўрганиш, стрессни енгиш, қувват тўплаш, чиройли, эпчил, ёрқин бўлиш имконини ато этган. Фикримча, карьера қуришни мақсад қилган аёлнинг йўлида ҳеч қандай тўсиқлар бўлмайди.

- Ишингиз нимаси билан қизиқ?

- Мураккаб вазифалар билан. Худди спортдаги каби. Мушак машқларини бажариб, бир сакрашда 6 метр баландликни забт этишга тайёр турганингизда сизга 20 см таклиф қилишса, албатта, қизиғи йўқ. 6 м 20 см баландлик бўлса - мутлақо бошқа гап.

- Набираларингиз сиз билан фахрланишса керак?

Икки набирам бор - 10 ва 6 ёшда, Пётр ва Лев. Улар ишхонамда бўлиб, парвоз жараёнини кўришган. Шундан кейин тўнғич набирам мактабда "Учувчининг парвози қандай амалга оширилади?" номли тақдимот қилган. Ҳаммасини кўрсатиб берган. Шундан кейин ўқитувчи қизимни чақириб "Биласизми, ўғлингиз қандайдир ғалати гапларни гапиряпти. Унинг айтишича, парвоз жараёнларининг барчасини бувиси бошқарар эмиш" деб айтган. Воқеани англаб етгач, узр сўрашган, албатта. Катта набирам "Раъно буви" деб чақиради, кенжаси эса "Раъно Фрунзевна!"

- Ҳаётингизда ишдан ташқари яна нимага ўрин бор?

- Спортни унутмасликка ҳаракат қиламан. Куч тўплаш ва бироз чалғиш учун фитнес-залга бораман. Кўпинча бутун оиламиз билан саёҳатга чиқамиз. Яқинда Плёсда бўлдик.

- Яна нималарни ўрганишни хоҳлардингиз?

- Баъзан тушларимгача кирувчи орзуим бор. Машина ҳайдаш. Албатта буни ҳам уддалайман. Вақти келди.

Фото: Космик инфратузилма объектларини эксплуатация қилиш маркази

- Мусиқага бўлган муҳаббат ота-онангиздан ўтганми?

- Театрсиз яшай олмайман. Ота-онам менда опера ва балетга меҳр уйғотишган. Москвадаги премьераларнинг доимий меҳмониман.

- Уй ишлари билан шуғулланишга ҳам вақтим бор дерсиз. Ишонмайман.

- Нима учун? Мен мазали таом пиширишим мумкин. Набираларим мен тайёрлаган паловни яхши кўришади, катта байрамлар муносабати билан ош пишираман. Умуман, бундай ишларни яхши кўраман, бироқ, тўғрисини айтганда, бунга вақтимни қизғонаман.

- Сиз учун авторитет ким?

- Ҳайрон бўлишингиз мумкин, лекин бу - менинг қизим. У эндигина дунёга келганида бутун умр мени қўллаб-қувватловчи дўстим бўлишини ҳис қилганман. Ундан ташқари, кўп йиллик дўстларим бор. Техник ходимлар, ишбилармонлар, ижод кишилари. Масалан, пиар йўналишида ишловчи ходимимиз Маша аслида машҳур ёзувчи ва шу билан бирга креатив дугонам ҳамдир. Узоқ йиллардан бери бирга ишлаймиз ва ажойиб нарсалар ўйлаб топамиз. У - ўз соҳасининг устаси, мен - ўз соҳамнинг.

- Ўз ходимларингиздан профессионализмдан ташқари яна нималар кутасиз?

- Менга "жонли" одамлар керак. Уларда бирор нима қилиш истаги бўлиши муҳим. Шунчаки ишда бўлиш эмас, қандайдир нарсаларни А пунктдан Б пунктга олиб ўтиш муҳим. Бундайлар жуда кам. Бироқ бу ерга жамоасиз бир ўзим келганимда "ёниб" турган кишиларни кўрдим. Уларнинг вазиятни бошқарувчи "дирижёри" йўқ эди, шунчаки. Кейин эса аввал ишлаган одамларимдан баъзиларини бу ерга кўчиришга муваффақ бўлдим. Улар ҳам қизиқиб қолишди ва қолган ишларини ташлаб, бизга қўшилишди.

- Оҳанраболик сири нимада - сизнинг аурангиздами ёки муносиб маошингизда?

- Биласизми, самога парвоз қилаётган ракетани кўрганингизда космодром шовқинини эшитасиз... Бу ҳақиқий романтика. Бу ерда ишлайдиганларнинг кўпи пул учун эмас, шу ишга алоқадорлик учун ишлашади.

- Лойиҳаларингиз орасида "сифат тизими" каби формат бор. Эшитилиши кўп нарсани ваъда қилади, аслида эса бу нима?

Масалан, мен Домодедовода ишлаганимда шундай тизимни тузишимга тўғри келган. Ҳаммаси оддий. Терминалда кишиларга хизмат кўрсатаяпсанми, улар сенинг ишингдан мамнун бўлишлари керак. Сиз ҳам кимгадир хизмат қилаётганингиздан ўзингизни ҳақоратланган ҳис қилмайсиз. Бу сизнинг ишингиз ва сиз уни бажонидил бажаришингиз керак. ЦЭНКИда сифат муҳим.

- Кундалик ҳаётингиздаги сифат тизими қандай?

Бу мавзу устида бош қотириб ўтирмайман. Мен перфекционистман, шу боис агар аэропортда ишлар режадагидек кечмаётган бўлса, бу менинг жаҳлимни чиқаради. Мен ичимдаги албатта айтадиган инсонман. Тузатиш киритмай, бефарқ ўтиб кета олмайман.

 

Кичик блиц-сўровнома:

Мен ҳеч қачон бунга йўл қўймайман...

...масъулиятсизлик ва бефарқлик.

Мен осонгина таваккал қиламан, агар...

...менга қизиқ бўлса.

Мен тасаввур қила олмайман...

...5 кун кетма-кет дам олганимни ва ҳеч нима қилмаслигимни.

Ҳар қандай тушунарсиз вазиятда...

...фикр юритишга кетаман.

- Эндигина карьерасини бошлаётганларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

- Ҳар бир инсон ўзини қизиқтирган иш билан шуғулланиши керак. Ўзингизга ёқмайдиган ишда ҳеч қачон муваффақиятга эриша олмайсиз. Шунингдек, актив сифатида доимий ривожланиш керак, деб ҳисоблайман. Рақобатбардош бўлиш, замонга мослашиш ва эрудицияни кенгайтириш керак. Ўзингиз ҳақиқатда қизиққан нарса ҳақида эса, табиийки, кўпроқ маълумотга эга бўлгингиз келади. Бари ўзаро боғлиқ.

Фото: РБК

Раъно Жўраева

Лавозими: Космик инфратузилма объектларининг эксплуатация маркази бош директори

Маълумоти: Москва авиация институти

Карьераси: «Аэронавигация» давлат илмий-тадқиқот институтида ишлаган, Airport Management Company Ltd'да бизнесни ривожлантириш бўйича директор, «Домодедово» аэропорт комплекси ва унинг ноавиацион фаолияти ривожига йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириш билан шуғулланган, «Группа СИНТЕЗ» МЧЖ бош директори, «Базовый элемент»нинг Авиация сектори раҳбари, «Аэропорт Системс Девелопмент» бош директори, Фуқаролик авиацияси инновацион маркази президенти, «ТранИнфоТех» МЧЖ бош директори, Халқаро аэропортлар ассоциациясининг ижрочи директори.

Оиласи: қизи, икки набираси;

Ёқтирган ифори: Cartier VIII;

Севимли ширинлиги: «Рахат» шоколади (Қозоғистон);

Севимли китоби: ўз кундалиги ва Чингиз Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» асари.

Мавзуга оид