Спорт | 12:13 / 12.10.2017
16515
16 дақиқада ўқилади

Чемпион ҳикоялари: Марсело

Нимадан бошласам экан… Мен сизларга бобом ва у қандай қилиб менинг ҳаётимни ўзгартириб юборгани ҳақида сўзлаб бермоқчиман. Яна Роналдо ҳақида. Ромарио ҳақида...
Гаплар кўп. 

Олти ёш эдим, ёзги таътил бўлса-да, ҳар куни эрталаб соат 7:30да турар, Ботафого пляжига, футбол ўйнагани кетардим. Пляж яқинида кичик футбол майдончаси, унинг яқинида эса, автомобиллар турар жойи, доим «бир доллар, бир доллар» дея қичқириб турадиган киши турарди. У бир доллар эвазига автомашинангизни «ҳимоя қиларди». Унинг қиёси йўқ овози билан биргаликда, ўша даврдан менга ердан тараладиган ўзига хос ҳид ёдимда қолган.   

Бу худуд Ботафого фанатларига тегишли эди. Баъзида футбол майдончаси улар билан тўлар, мен четдан айланиб ўтардим, баъзида ҳеч ким йўқ, ҳувиллаб ётар, лекин ҳар куни. Худонинг берган куни у ерда Марселитони – яъни мени топиш мумкин эди. 

Мен ўша ҳидни ҳам, икки оёғим остидаги коптокни ҳам яхши эслайман, менимча, айнан ўша пайтларда ҳозирчага мен билан бўлган ҳақиқатни тушуниб етгандирман: агар тўп сизнинг оёқларингиз остида бўлса, ақлдан оздирувчи бахт, атрофингизда бирга ўйнаётган шерикларингиз борми, йўқми, бошқа масала, барчаси мана шу тўпда мужассам. 

Ўша ёзда Америкада 1994 йилги жаҳон чемпионати давом этаётганди. Чемпионат бошланмасидан Бразилия байрамона тусга киради, атроф яшилликка бурканади, кўчалар, деворлар, ойналар, одамларнинг юзлари кўк ва сариқ рангларга бўялади. Бразилияда улғайган ҳар бир бола ўзида буни ҳис қилади. Бир пайтлар Роналдонинг болалик хотираларини ўқигандим, у ҳам болалик чоғида, 1982 йилги мундиал олдидан кўчага чиққан ва Зиконинг расмини бўяшда қарашган экан. 

Эй Роналдо, агар сен буни ўқиётган бўлсанг, билиб қўй, мен олти ёшимда, ўртоқларим билан сенинг расмингни бўяб чиққанмиз. Сен биз учун қаҳрамон эдинг. Бу доимо қалбимни ларзага келтирадиган хотира. 

Хотиралар қизиқ бўлади, мен масалан, ўшанда Бразилия қандай қилиб финалда ғалаба қозонганини эслай олмайман, ҳаммаси элас-элас, лекин кейинги куни чиққан газетанинг бош саҳифасидаги расм кўз олдимда турибди: Самолётдан Бразилия байроғига бурканган ҳолда тушиб келаётган Ромарио гўёки биз учун дунёни забт этгандек эди. Бу расм менда улкан фахр туйғусини пайдо қилган, ичимда «э худойим, мен ҳам бир кун шундай қилишим керак» деб ўйлаганман.  

Албатта, бу жуда кулгили хомхаёл. Аввало, Бразилияда 200 миллиондан ортиқ одам яшайди ва уларнинг ҳар бири, ҳатто ёши катталари ҳам футболчи бўлишни орзу қилишади. Иккинчидан, мен ҳали ҳақиқий футболчи ҳам эмасдим. Шунчаки, маҳаллий футзалда шуғулланиб юрар, футбол клублари бўйлаб саёҳат қилиш оилам учун имконсиз эди. Балки, Америка ёки Англияда яшайдиганлар мени тушунмаслар, аммо ростан ҳам ўша пайтлари бензин жуда қиммат бўлган. 

Бахтимга бувам мен учун бор нарсасини қурбон қилишга тайёр бўлади. У менинг ҳикоямдаги энг муҳим инсон бўлгани шубҳасиз. У ўзининг эски, адашмасам 1969 йилги бўлса керак, Volkswagen машинасида мени футзал ўйинларига олиб борарди. Саккиз ёки тўққиз ёшимда эдим, доимо кўчада юриш, газга, тушликлар учун ҳхаражат қилиш оғирлик қилиб қолаёзган бир паллада, бувамнинг бир қарори менинг келажагимни ўзгартириб юборганди. 

У машинасини сотиб юборди ва бор пулини мен ўйинларга боришим учун автобус чипталарига сарфлади.  Бу ҳолат уни хафа қилган ёки у ачинган деб ўйлайсизми? Йўқ. У доимо битта гапни такрорлашдан чарчамасди – «Менинг набирам Риодаги энг буюк футболчи. Бразилияда унинг тенги йўқ. Уни тўхтатиб бўлмайди!»

Унинг кўзида гўёки мен ҳеч қачон хато қилмас эдим. У менинг ўйинларимни томоша қилиб, уйга келганида отамга «унинг ўйинини кўргани борсанглар бўлмайдими, Марсело бугун нималар қилиб ташлади-я, ажойиб» -  дерди. Афсуски, отам менинг ўйинларимни кўришга вақт топа олмас, чунки у эрта-ю кеч ишлаши керак эди. Менимча, у бувамни бироз тентак деб ҳам ўйлаган бўлса керак. Ҳатто мен жуда ёмон ўйнаб, ютқазган пайтларимда ҳам бувам мени юпатиш йўлини топарди. Хуллас у тўққиз ёшимда ўзимни Роналдодек ҳис қилишга ўргатарди. Ростанам бу таъсир қиларди, ишонаверинг.  

Бир куни, мен ўшанда ўн ёшларда эдим, ўйиндан кейин бувам олдимга келди ва Volkswagen Beetle автомобилини кўрсатди:
- Чиқ, кетдик уйга.
- Нима бўляпти, қаердан олдинг машинани?
- Жого до бишо

Бизда шунақа лотерея тури бор эди. Унчалик қонуний эмас, менимча, лекин шаҳарчамизда кўпчилик ўйнарди. Қайсидир ҳайвон билан боғлиқ бирор рақам танлайсиз ва ҳар куни янги расм пайдо бўлади. Бувам ўша ўйинда қанчадир пул ютиб олган ва шу машинани сотиб олганди. 

Ажойиб. Биз ҳамма ерга шу машинада борардик. Ўн беш ёшимда, мени «Флуминенсе»га, ҳақиқий футбол жамоасига таклиф қилишганда эса, муаммолар бошланди. Уларнинг базаси биздан икки соатлик йўл бўлган Херемда жойлашган, у ерга бориш учун ёқилғига пул топа олмасдик. Оқибатда мен у ерда қоладиган бўлдим, бувам ҳар шанба мени олиб кетгани келар ва якшанбани Риода, оилам билан ўтказардим. 

Қанчадир вақт ўтгач, аниқ эсимда йўқ, мен ҳаммасидан зерикдим. Ўзимни футболнинг қули деб ҳис этишни бошлагандим, чунки дўстларимнинг ёзги таътилда мазза қилиб пляжларда дам олаётганини кўрар, мен бу имкониятдан ўз хоҳишим билан воз кечаётгандек эдим. Бир куни бувам келганида унга ҳам айтдим.
- Мен тугатдим. Бу ердан кетаман ва уйга қайтаман.
- Йўқ, йўқ. Сен бундай қилмайсан. Шунча курашганимизга қарамасдан-а?
- Мен захирада ўтириб қолдим. Мен ўз ёшлигимни қурбон қиляпман. Жонга тегди.

Шундай деб мен ҳўнграб йиғлашни бошладим.
«Марсело, шунчаки, хотиржам бўл», – деди у – «Сен ҳозир бу ишни қилишга ҳаққинг йўқ. Бир куни мен сенинг Мараканада ўйнаётганингни кўришим керак».

Бу гап менга таъсир қилди. «Бўпти, яна бир ҳафта ўйнайман», – дедим, лекин ичимда фикрим ўзгара бошлаганди. 

Икки йил ўтиб, бувам трибунада ўтирар, мен эса, «Флуминенсе»нинг асосий таркибида Мараканага чиқиб келардим. Назаримда, у ҳаммасини билган, менга ишонган ва менга тиккан эди. Мен унинг учун шунчаки лотерея эмасдим.

18 ёшга тўлганимда Европа клублари пайдо бўла бошлашди. ЦСКА менга қизиқаётганини эшитдим, «Севилья» ҳам бор эди. У пайтларда «Севилья» жуда кучли намойиш этаётган, жамоа таркибида бир нечта бразилиялик бор эди – «бу жуда зўр-ку!».

Кунлардан бирида эса, бир агент менга телефон қилиб сўради:
«Реал Мадрид»га боришни истайсанми?»

Бўлмасамчи! Мен бу агент ким эканини билмасдим, аммо у мени «Реал»га боришим мумкинлигига ишонтирди. 
Бир неча ҳафта ўтиб, Порту Алегрида ўйнаётганимизда, «Реал» мен билан учрашишга кимнидир юборган экан. У одам мен билан учрашди ва ким билан яшашим, севганим борми ёки йўқми, суриштира бошлади. У одамда «Реал»нинг эмблемасини ҳам, бирор ҳужжатни ҳам кўрмаганим учун шубҳалана бошладим: Ростанам у «Реал»дан келганми ёки самолётга ўтказиб, қанақадир Сибирга жўнатиб юборса-я?

Икки кундан кейин телефон қилишди ва «тиббий кўрик»дан ўтиш учун Мадридга боришим кераклигини айтишди. Яна шубҳалар кемира бошлади. Наҳотки бу ишлар шундай амалга ошса?

Мени ҳам тушунинглар, биласизми 16 ёшимгача Чемпионлар Лигаси деган турнир борлигини ҳам билмаганман. Бир воқеа эсимда, Херемдаги дам олиш хонасида ўтирардик, бир неча шерикларим «Порту» ва «Монако» ўртасидаги ўйинни томоша қилаётганди. Ўйин қанақадир тезкор, стадионнинг чими, мухлислар ҳаммаси ажойиб кўринди. Ўша пайтларда Бразилия лигаларида ёруғлик бу даражада бўлмасди. Майсалар ҳам бу қадар яшил эмасди. Ўйин гўёки, умуман мен билмайдиган бошқа планетада бўлаётган трансляцияга ўхшарди. 
- Нима бу, қанақа лига?
- Чемпионлар Лигаси.
- Қанақа чемпионлар?
- Овсар, бу Чемпионлар Лигаси финали!

Мен унинг нима ҳақида гапираётганини билмасдим. Бразилияда Чемпионлар Лигаси фақат пуллик каналларда берилар, бизга ўхшаган оддий одамлар кўра олмасдик. 

Хуллас, мен Мадрид самолётидаман. Айтдим-ку, мен ҳали ҳам нима бўлаётганини тушунмасдим, ҳозир бораман, озгина гаплашамиз, тамом. Учрашувга боргач, столда тайёр шартнома турганини кўриб, ақлдан озаёздим ва ўша лаънати қоғозга дарров имзо чекдим. Ходимлар менга костюм-шим кийгизиб, журналистларга намойиш қилдилар. Оиламдагиларнинг айтишича, бу ҳақида Globo Esporte эфирида кўрсатилмагунча, улар ҳам ҳеч нарсага ишонмай ўтиришган экан. 

Бу ҳолат мен учун фантастика туюлганининг яна бир сабаби, Роберто Карлос менинг кумирим эди. У мен учун ҳақиқий қаҳрамон, у билан бир жамоада бўлишга ишонишим жуда қийин бўлаётганди. 

Кичкина Марселито компьютер ўйинларидаги жамоада пайдо бўлиб қолганди. 

Улар мени тириклайин еб қўйишлари мумкин эди. Аммо рухсат берсангиз, «Реал»даги энг муҳим жиҳатини айтсам. Унинг ўзига хос экани ҳам шунда. Биринчи куниёқ  Роберто Карлос ёнимга келди ва ўз телефон рақамини бериб, агар ёрдам керак бўлса, мурожаат қилишим мумкинлигини айтди. 

Мадриддаги илк Рождество кунида у мени ва рафиқамни уйига таклиф қилди. У менинг кумирим, бир позиция учун рақобат қиламиз. Балки кўпчилик мен билан бундай муносабатда бўлмасди. Лекин у Роберто Карлос, шу қадар ўзига бўлган ишончи кучли эдики...

Мен унинг майдондаги ҳаракатларидан ҳам завқланардим. Роберто Карлос чап қанотнинг бошидан охиригача хукмрон бўлиб оларди. 

«Мени ёқтирасизми ёки йўқми, мен шу ерда бўлишим керак. Мен ҳужум қилишим керак. Мен буни истайман. Орқада муаммо бўлиши мумкинми? Балки. Буни тузатамиз, лекин аввало, ҳужум қилишимиз керак».

Бу даражада ишонч билан ўйнаш учун шериклар билан ҳам зўр муносабат бўлиши керак. Фабио Каннаваро менга яқин бўлган томонда ўйнарди ва доим менга – «Марсело, боравер, мен қараб тураман. Қўрқма, мен Каннавароман» дерди.

Ҳозир худди шу ишни Каземиро қиляпти. У доим менга ҳужумга бораверишимни, ҳимояга қараб туришини айтади. Оҳ, Каземиро, бу менинг ҳаётимни қутқарди. У туфайли, унинг ёнида мен 45 ёшгача мана шундай хотиржам ўйнашим мумкин.

Ёзда Роберто Карлос жамоани тарк этди ва энди мен кўпроқ майдонга туша бошладим. Кичкина Марселито уча бошлади. 

Дам олгани Бразилияга борганимда, бувамнинг хонасига албатта кирардим. У қандай хона, айтайми? У олти ёшимдан бошлаб, менга тегишли ҳамма нарсани йиғар ва эски шкафига ясатиб қўярди. Урган голларим, расмлар, мен ҳақимда газеталарда чиққан мақолалар, ҳаммасини қирқиб, рамкага солар ва шкафга қўярди. «Реал»дан бориб қарасам, ҳали ҳам ўша ишни қиляпти. Биз Ла Лигани ютгандик, демак шкаф роса тўладиган бўпти-да. У ҳеч нарсани ўтказиб юбормасди. Мен доим бу хонага икки нарсани қўшишни хоҳлардим. Чемпионлар Лигаси кубогини кўтариб турган расмим ва худди Ромарио каби, жаҳон чемпиони сифатида Бразилия байроғига ўралиб олганимни. 

2014 йилда Чемпионлар Лигаси финалига чиқдик. Мен ўша ўйингача тўрт ўйинда асосий таркибда тушдим, аммо мураббий финалда захира ўриндиғида қолдиргач, очиғини айтсам, жуда хафа бўлдим. Аввал шунақа бўлди, лекин негадир ўша оқшом мен билан қандайдир буюк воқеа содир бўлишини сезардим ва ўз вақтимни кутиб ўтирдим. 

Биз ўйин охирларигача ҳисобда орқада бордик. Кейин эса, Серхио Рамос яна боши билан бизни қутқариб қолди. Бу бола нега шунақа билмайман. Балки ҳамма гап унинг сочидадир. Хуллас, мураббий мен ва Искони олдига чақириб, майдонга тушишимиз кераклигини айтганида, ўта жаҳлдор ҳолатда эдим. Яхши маънода, албатта. Мен ғалаба қозониш ўтида ёнардим. 

Қўшимча вақтда гол урганимда, худди миям ишламай қолганга ўхшарди. Нима қилишни билмай қолдим, аввалига футболкамни ечаймикин, деб ўйладим, кейин сариқ карточкадан қўрқдим. Жиддий бўлиб олдим. Қаердандир йиғи келди. Бу тентакона ҳиссиётлар эди. 

Ўн йил олдин мен Херемдаги телевизорда кўриб, нима эканини билмаганим Чемпионлар Лигаси кубогини қўлимда кўтариб турардим. «Реал» тарихидаги ўнинчи мана шундай кубокни. 

Финалдаги ғалабамиздан бир неча ой ўтиб, Риода бувам вафот этди. Мен мана шундай одам яшаганидан фахрланаман ва айнан у туфайли мен мана шу даражагача етиб келгандим. Баъзида ўйлаб қоламан, ўн бир йилдан бери «Реал»даман, шунча йилдан бери Бразилия терма жамоасида ўйнайман. Мен каби тентак ҳимоячи учун кўп эмасми? Қандай қилиб ҳалигача ўйнаб юрибман, ҳайронман. 

Ҳар куни, «Реал» базасига келар эканман, мени жуда катта ҳиссиётлар чўлғаб олади, мана шу буюк клуб тарихининг бир бўлаги бўлиб қолишимга ишона олмайман. Бу юзимда билинмаслиги мумкин, аммо ичимда ҳалиям бу клубнинг буюклиги мени қўрқитади, ишонинг. 

Аммо менинг яна бир катта орзуим бор. 2018 йилда Бразилия яна жаҳон чемпионатида ўйнайди. Бир нарсани ёзиб, сақлаб қўйинг, Тите ажойиб мураббий ва биз у билан яна чемпионлик шоҳсупасига қайтамиз. Ишонасизми, у мураббийликка тайинланган илк куниёқ менга қўнғироқ қилди:
«Мен албатта кафолат бермайман, лекин бир куни терма жамоада ўйнашга таклиф қилиш учун сизга қўнғироқ қилсам, тайёрмисиз?»

Бу мен учун жуда катта нарса эди. Ўн бир йиллик даврда биринчи марта терма жамоа мураббийи менга шахсан қўнғироқ қилганди. Мен Титедек одам учун урушга боришим мумкин ҳатто, у учун ва бувамнинг хонасига жаҳон кубогини қўшиб қўйиш учун қўлимдан келадиган ҳамма нарсага тайёрман. 

Лекин агар буни эплай олмасам, нима дейишим мумкин? Барибир Марселолигимча қоламан. Бахтли Марсело...

Марсело/ThePlayersTribune

Мавзуга оид