Ўзбекистон | 16:20 / 25.10.2017
35900
8 дақиқада ўқилади

Ректордан тилшуносларга мурожаат: «Кирилл ёзуви масаласини буткул унутинг»

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддиновнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги «Ўзбек тили жонкуярлари» гуруҳида мурожаати эълон қилинди.

«Ҳурматли «Ўзбек тили жонкуярлари» гуруҳи иштирокчилари! Мана, роса бир йилдан бери «Facebook» майдонида миллий тилимиз тақдири билан боғлиқ долзарб муаммолар бўйича фикр алмашиб келмоқдамиз.

Хабарингиз бор, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети очилганда унинг зиммасига ўзбек тилининг мукаммал грамматикасини яратиш бўйича асосли илмий таклиф тайёрлаш вазифаси юклатилган эди. Ушбу масала ижроси, биринчи навбатда, алифбо ва имло қоидаларидаги камчиликларни бартараф этишни тақозо қилар эди.

Шу нуқтаи назардан университетда ишчи гуруҳ тузилиб, унга Facebook тармоғида «Ўзбек тили жонкуярлари» гуруҳини очиш ва олимлар, кенг жамоатчилик, она тилимизнинг тақдирига бефарқ бўлмаган барча миллатдошларимизнинг фикрларини йиғиш ва илмий таҳлилдан ўтказиб бориш топширилган эди. Яна қайтараман, бу ишчи гуруҳнинг вазифаси халқнинг фикрини ўрганиш, таҳлил ишларини олиб бориш ва баҳс-мунозараларда етилиб пишган қарашлар асосида тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.

Мана бир йилдирки, баҳс қизигандан қизияпти. Кимдир шошираяпти, кимдир шошмасликни, яна кимдир умуман бу мавзуни кўтармасликни тавсия этмоқда. Айримлар 1995 йил киритилган ўзгартиришларни бекор қилиш кифоя, деса, бошқа бир гуруҳ UNICODE орқали символлар тизимига «4 баҳсли ҳарф»ни киритиб, клавиатура муаммосини ечишни ва бу мавзуни ёпишни талаб қилмоқда. Ҳозирча гап фақат алифбо устида кетаяпти. Имло қоидаларига ҳали навбат етгани йўқ.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларга бир илтимосим бор. Ўтган асрнинг 20-йилларида ҳам шундай масалалар кўтарилиб, «Чиғатой гурунги» ташкил этилган эди. Унда бутун ўзбек маърифатпарварлари қатнашиб, она тилимиз тақдири билан боғлиқ масалаларни баҳс-мунозараларда таҳлил қилишга ҳаракат қилганлар. Facebook’даги «Ўзбек тили жонкуярлари» гуруҳи ҳам «Чиғатой гурунги»нинг замонавий шакли десак бўлади. «ФБ»даги айрим «пост»лар, гуруҳ ўртага ташлаётган масалаларга масхараомуз муносабат билдириш, бўлар-бўлмас «алжираш»лар киши таъбини тирриқ қилаяпти. Илтимос, агар сизда асосли фикр бўлмаса, баҳсга қўшилманг, сиёсий масалани эрмак деб билманг.

Ҳурматли «Ўзбек тили жонкуярлари» гуруҳи иштирокчилари! Ишчи гуруҳ томонидан эълон қилинган тилшуносларнинг энг дастлабки алифбо варианти баҳсларни бошлаш учун биринчи қадам эди. Илк вариант бўйича билдирилган кўпдан-кўп танқидий фикрлардан ташқари, бир қанча янги вариантлар ҳам тавсия этилди.

Роса 8 ой давом этган баҳслардан сўнг, фикрлар тизимлаштирилиб, билдирилган қарашларни умумий махражга келтирган ҳолда яқинда иккинчи вариантни эълон қилдик. Яна баҳслар қизғин тус олди. Кимгадир бундай «арқонни узун ташлаб» қўяётганимиз ёқмас. Бунинг сабаби, ҳеч кимнинг кўнглида айтилмаган гапи қолиб кетмаслигини истаймиз. Тил — илоҳий неъмат. Она тили имон сингари инсон руҳи билан чамбарчас боғлиқ. У инсон билан туғилади, унга муҳаббат имон каби тарбияга, муҳитга боғлиқ равишда кўпаяди ё камаяди. Лекин асло йўқолмайди. Бугун эътиборсиз одам эртага «уйғониб» орқамиздан тош отмасин деймиз.

Бугун ўтган давр таҳлилларига қарасак, хулосаларимиз анча пишиб қолибди. Айни пайтда иштирокчиларимиз икки катта гуруҳга бўлинибди. Кучлар деярли тенг. 1-гуруҳ алифбони ислоҳ этиш ва қўшалоқ ҳарфларни «Ӧӧ, Ḡḡ, Ṣṣ, Ҫҫ, Ňň (ёки ᶇ) билан алмаштиришни ва «C — ц» қоидасини киритишни, 2-гуруҳ мазкур қўшалоқ ҳарфларни UNICODE тизимига киритиш ва клавиатурага жойлаштириш, зинҳор алифбони ўзгартирмасликни талаб қилмоқдалар.

Кейинги баҳслар ана шу икки гуруҳ тарафдорлари ўртасида кечиши керак. Илтимос, имло қоидалари, масалан, «Sentyabrmi yoki sentabrmi», деган масалаларга алифбо бўйича бир тўхтамга келиб олганингиздан кейин баҳс қилсангиз ярашади. Ишчи гуруҳ фақат томошабин эмас. Сиз билдирган фикрлар қай даражада эътиборга моликлиги ҳақида тилшунос олимларимизнинг фикрларини олмоқдалар ва тизимлаштирмоқдалар.

Биринчи гуруҳнинг ўз ичида бир масалага турлича қарашлар бор. Ушбу 1-гуруҳнинг ўзи бир фикрга келмагунча баҳс тугамайди. Қачон баҳслар ниҳоясига этиб, иштирокчилар бир тўхтамга келсалар, биз бу масалани кейинги босқичга олиб чиқиш, кенг жамоатчилик орасида ижтимоий сўровномалар ўтказиш ва халқ муҳокамасига тақдим этиш, шунингдек, Олий Мажлисда кўриб чиқиш учун Миллий Тикланиш демократик партиясига узатамиз. Шундан сўнг ишчи гуруҳ имло қоидалари билан боғлиқ баҳсларни бошлайди.

Биз сизни тушуниб турибмиз, тезроқ натижага эришишни биз ҳам хоҳлаймиз. Аммо бир ўй ҳаммамизни безовта қилиб туради. Ўтган асрнинг 1921, 1929, 1940, 1993, 1995 йилларидаги каби шошма-шошарлик қилиб яна бир марта келажак авлодларни боши берк кўчага тиқиб қўймайлик. Ҳар сафар мудҳиш хатолар ортиқча ҳиссиётга берилиш ва томонларнинг ўжарлик билан ўз фикрини ўтказишга бўлган ҳаракати туфайли содир бўлган. Шу гал оғир бўлайлик, илтимос. Кирилл ёзуви масаласини буткул унутинг. Бу мавзуни эслатманг ҳам, эътибор ҳам берманг! Биз 1993 йилда лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосини қабул қилганмиз. Тамом-вассалом!

Пайтдан фойдаланиб, икки оғиз сўз 20 октябрда ўтказилган «Ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари» конференциясида она тилимизни қўллашдаги камчиликларни бартараф этиш бўйича биз қўйган масалалар ва тавсиялар ҳақида.

Конференцияда Миллий Тикланиш демократик партияси раҳбарияти, республика маънавият ва маърифат маркази мутассадилари ҳамда тилшунос олимлар иштирок этдилар. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни ижроси бўйича танқидий фикрлар ўртага ташланди. Анжуман ниҳоясида тавсиялар қабул қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонунига ўзгартириш киритиш ва барча реклама ҳамда лавҳаларнинг давлат тилида ёзилишини таъминлаш, улардаги «саводхонлик» даражасини назорат қилиш ва чора кўриш механизмларини ишлаб чиқиш, бу йўналишда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Лингвистик экспертиза ва таржима маркази»ни таъсис этиш, умумий ўрта ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари, академик лицейларда иншо ёзиш тизимини жорий этиш, раҳбар ходимлар учун «ўзбек адабий тили меъёрлари» қисқа ўқув курсларини ташкил этиш, давлат ва нодавлат ташкилотларида давлат тилида иш юритишни назорат қилиш бўйича референт лавозимини киритиш, барча олий таълим муассасаларида «мутолаа маданияти», «ўзбек тили ва адабиёти» фанларини ўқитиш, ОАВ даврий нашларини лотин ёзувида чоп этиш каби тезликда ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар қайд этилди.

Шу кунларда университет ишчи гуруҳи йиғилиш ўтказиб, охирги пайтларда билдирилган фикр-мулоҳазаларни кўриб чиқади. Лозим топса, алифбонинг охирги тавсиялар асосида шаклланган янги кўринишини сизларнинг эътиборингизга тақдим этар. Лекин у ҳам яқинда «ФБ»да укамиз Элдор Асанов ёзганидек, «Ислоҳ этилган алифбо» эмас. Ишчи гуруҳнинг вазифаси жамоатчилик фикрини ўрганиш ва тизимли таҳлил асосида такомиллаштирилиб бораётган алифбо вариантларини баҳс майдонига олиб чиқишдан иборат. Марҳамат, ўз фикрларингиз билан ўртоқлашинг. Сиздан ҳиссиётлардан холи, чуқур мулоҳазаларни кутиб қоламиз. Эътиборингиз учун ташаккур!
 

Ҳурмат билан,

Шуҳрат Сирожиддинов».

Мавзуга оид