Жаҳон | 18:40 / 01.11.2017
111863
6 дақиқада ўқилади

Ўш – Вологда – Нью-Йорк. Манҳэттенга ҳужум қилган террорчининг тарихи

Фото: The Telegraph

Сешанба куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида теракт содир этган Сайфулло Соипов асли Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган экан, деб хабар бермоқда Republic. Апрель ойида Санкт-Петербург метросини портлатган ташкилотчилар ҳам Россияга Қирғизистоннинг шу шаҳри ва унга яқин бўлган Жалолобод шаҳридан келган йигитлар эди.

Уларнинг барчаси 2010 йилнинг баҳорида Қирғизистон жанубида юз берган этник тўқнашувлардан қочиб, бутун дунё бўйлаб тарқаб кетишган. Улар ватани билан алоқаларни йўқотишган, лекин янги жойда ҳали мослаша олишмаган. Ўзлигимни топаман, дея улар кўпинча динга муккасидан кетишади ва радикал оқимларга қўшилиб қолишади. Уларнинг ичидан ҳозирча саноқлилари террористларга айланишган, мигрантларнинг аксарият қисми тинч ҳаётда ўзларини топа олишган.

Ўшда туғилган

Сайфулло Соипов — этник ўзбек. Reuters маълумотларига кўра, у 1988 йилда таваллуд топган, АҚШга эса 2010 йили келган. Флоридада юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган, Америкада юк ташиш билан шуғулланиши керак бўлган иккита хусусий фирмасини рўйхатдан ўтказган. Сўнг Нью-Жерсига бориб жойлашиб, Uber хизматида таксичилик қилган. Associated Press’нинг компания маълумотларига таяниб ёзишича, сўнгги олти ой мобайнида 1400дан зиёд чақирувларга чиққан.

Украина шарқи ва Сурияда ҳарбий можароларни ўрганувчи Conflict Intelligence Team гуруҳидан Руслан Левиевнинг қайд этишича, активистлар террорчининг Facebook’даги аккаунтини топишга муваффақ бўлган. Ҳозир у блокланган, бироқ Republic унинг сақланиб қолган нусхалари билан танишган.

Соиповнинг профили иккита экан: бирини у 2011 йилнинг мартигача ишлатган, иккинчисида эса сўнгги қайд 2013 йил февралининг охирида ёзилган. Ижтимоий тармоқдаги маълумотларга асосланиб айтиш мумкинки, жиноятчи Америкага келгунча Ўзган (Қирғизистоннинг Ўш вилояти)да, шунингдек, Россиянинг Вологда шаҳрида яшаган. Иккинчи аккаунтида ёзилишича, Қўшма Штатларда Соипов Оҳайо штатининг Кливленд шаҳрида яшаган. The New York Times маълумотларига кўра, у ўша ерда Ўзбекистонда туғилган қиз билан турмуш қурган. Яъни Фейсбукдан олинган маълумот матбуот топганларига мос келмоқда.

Соиповнинг танишлари ўз аккаунтларида яшаш жойи сифатида Тошкент ва Ўшни кўрсатишган. Умумий ҳисобда Соиповнинг дўстлари сафида 23 киши бўлган. Улардан бири Republic’га Соипов бир муддат Ўшда яшаганини тасдиқлаган.

 

Петербурглик террорчилар

Яна бир теракт — Санкт-Петербург метросидаги портлаш ташкилотчилари ҳам Ўшда туғилган: 2017 йилнинг 3 апрелида «Сенная майдони» ва «Технология институти» станциялари орасидаги оралиқда худкуш Акбаржон Жалилов портловчи мосламани ҳаракатга келтириши оқибатида 15 йўловчи ва террорчининг ўзи ҳалок бўлганди.

Жалилов ҳам этник ўзбек, бироқ Ўшда туғилиб ўсган. Унинг шериклари — апрель ойининг ўрталарида терактга алоқадорлик иши бўйича ҳибсга олинган ака-ука Аброр ва Акрам Азимов қўшни вилоят Жалолободда яшашган. Уларнинг барчаси Соипов каби 2010 йил воқеаларидан сўнг Қирғизистонни тарк этиб, Россияга келишган.

2010 йилнинг 7 апрелида Қирғизистонда президент Қурманбек Бакиев ағдарилган, вақтинчалик ҳукуматни Роза Ўтунбоева бошқарган. Май ойида Бакиевнинг тарафдорлари Ўш, Жалолобод ва Боткенда маҳалий маъмурият биноларини эгаллаб олиб, Ўтинбоевани иқтидордан кетказишга ҳаракат қилишган. Ушбу воқеалар фонида Қирғизистон жанубида ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида можаро келиб чиққан. 2009 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Ўшнинг 243 минглик аҳолиси асосан икки миллат вакилларидан ташкил топган эди: 112 минг ўзбек ва 100 минг қирғиз. Ўшанда кўплаб ўзбеклар Россия консуллигига мурожаат қилиб, соддалаштирилган схемада Россия фуқаролигини тақдим этишни сўрашганди.

Ёлловчилар учун айниқса мигрантларнинг иккинчи авлоди вакиллари осонгина ов бўлди: булар болалик чоғида Қирғизистонни тарк этган ўзбеклар ёки бошқа давлатда туғилганлардир, дейди постсовет ҳудудлар бўйича мутахассис Денис Соколов. Унинг сўзларига кўра, улар ватани билан алоқани узишган, бироқ ўзлари яшаётган давлатда ҳам уларни унчалик хушлашмайди. Бундай вазиятда ўзлигимни топаман, дея улар кўпинча динга муккасидан кетишади ва радикал оқимларга қўшилиб қолишади. Соколовнинг қайд этишича, Қирғизистондан келган мигрантларнинг кўпчилиги тинч ҳаётда ўзларини топа олишган, уларнинг ичидан ҳозирча саноқлилари террористик ташкилотларнинг ёлловчилари қурбонига айланишган.

 

Террорчилар бешиги

2016 йил августида Қирғизистон миллий хавфсизлик қумитаси вакили ИШИД террорчилик ташкилотига мамлакатнинг 600 дан зиёд фуқароси бориб қўшилганини маълум қилган эди. Экспертларнинг фикрича, гап 900 га яқин одам ҳақида бораётган бўлиши ҳам мумкин. Террорчиларнинг яширин тармоғи Қирғизистоннинг ўзида ҳам бор, дейди Евроосиё таҳлилий клуби раҳбари Никита Мендкович. Унинг сўзларига кўра, тармоққа бир неча минг киши аъзо, уларнинг асосини 2010 йил воқеаларидан сўнг ижтимоий изоляцияга тушиб қолган жанубий ҳудудлардаги ўзбеклар ташкил этади: улар ижтимоий ҳаётга интеграциялаша олишмайди ва бундан ИШИД террористик ташкилот ёлловчилари усталик билан фойдаланишади.

Минтақада Ўзбекистон исломий ҳаракати, «Касайиб Имом ал-Бухорий», «Жаннат ошиқлари» шунингдек «Ҳизб-ут-таҳрир», «Таблиғи жамоат» каби йирик террорчилик гуруҳлари ҳам яширин фаолият олиб боради.

Бунинг натижасида Қирғизистонда туғилганлар кўпинча террорчиликда гумон қилиниб ушланмоқда. Масалан, 2016 йилнинг май ойида бу давлатда туғилган уч киши май байрамларида портлаш уюштиришни мўлжаллаётганликда гумон қилиниб ушланган эди. Ўша йилнинг июнь ойида террорчилар гуруҳи Истанбулнинг Отатурк ҳалқаро аэропортига ҳужум уюштиришган, уларнинг орасида ўзбеклар ҳам, қирғизлар ҳам бўлган.

Мавзуга оид