Фан-техника | 08:27 / 02.11.2017
7931
2 дақиқада ўқилади

3D принтерда чиқарилган тўқималар илк бора муваффақиятли кўчириб ўтказилди

3D босиб чиқариш технологияси янада кенг тарқалмоқда. Агар 5 йил олдин биз бу технология ёрдамида ички аъзолар ва тўқималар яратилиши мумкин экани ҳақида умуман ўйламаган бўлсак, бугунги кунда у ҳақиқатга айланди. Мисол учун, Япониядаги Кюсю университетининг бир гуруҳ олимлари 3D принтерда чоп этилган жигарни муваффақиятли кўчириб ўтказишди. 

3ders.org нашрининг Scientific Reports журналига асосланиб хабар беришича, биринчи тажриба лаборатория каламушида ўтказилди. Тадқиқотчиларнинг айтишича, трансплантация қилинганидан бир ҳафта ўтиб, янги тўқималар тўлиқ қабул қилинган. Дарҳақиқат, бу бутун трансплантология учун жуда катта қадамдир: амалиётнинг муваффақияти, бутун ички аъзони алмаштириш ўрнига, донор органини кутмасдан унинг кичик бир қисмларини алмаштириш мумкинлигини исботлади. 

«Игнали массивлар ёрдамида 3D-тўқимани белгилаш тизими мураккаб геометрияли тўқима ишлаб чиқариш имконини берди. Услубимиз уч ўлчамли биобосма ёрдамида юзлаб жигар ҳужайраларини алоҳида бирлаштиришдан иборат. Бундан ташқари, янги услуб бир қатор афзалликларга эга: биринчи навбатда қон томирларнинг зарарланишига олиб келмайди ва иккинчидан, ички аъзо тўқималари ҳамда трансплантат ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик туфайли янги тўқима тезроқ ҳосил бўлади», - дейди олимлар.

Лекин бу ҳаммаси эмас. Янги технологиянинг моҳияти шундан иборатки, келажакда трансплантация учун ҳужайралар пробиркада эмас, балки инсон организмида ишлаб чиқарилади, бу иммунитет тизимига трансплантатни рад этиш билан боғлиқ аллергик реакциялар ва салбий оқибатлардан қочиш имконини беради. Япон олимлари янги усулни нафақат жигар тўқимасини трансплантация қилиш, балки бошқа органларнинг трансплантологиясида ҳам қўллаш мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Мавзуга оид