Жаҳон | 09:20 / 02.11.2017
54905
2 дақиқада ўқилади

Соипов қилмишидан пушаймон эмас

Манҳэттендаги теракт ижрочиси Сайфулло Соипов Нью-Йорк судидаги дастлабки эшитувда ўзини гаров эвазига озод этишни сўрамаган. Associated Press агентлиги тарқатган хабарга кўра, ушбу шахс ўз қилмишидан афсусда эмас.

Келиб чиқишига кўра ўзбекистонлик бўлган, 1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Сайфулло Соипов йўловчиларни босиб ўтгач, машинасидан тушиб қочаётганида қўлга олинганди. Полиция ўқидан жароҳатланган террорчи судга қамоқхона-креслосида олиб келинган. Айбланувчи ўзининг айбсизлиги бўйича битта ҳам сўз гапирмаган ва суд жараёни бошлангунига қадар гаров эвазига озод этишларини сўрамаган.

Адвокат Дэвид Пэттен Соиповни судда ҳимоя қилиши керак.

Штатнинг жанубий округи прокуратураси ушбу шахс ИШИДни қўллаб-қувватлашда айбланаётганини маълум қилганди. Агар у бу жиноятда айбдор деб топилса, уни қатл қилишади ёки умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилади.

Айбловчи томоннинг даъвосига кўра, Соипов теракт учун 2 ой давомида тайёрланган. У жиноят воситаси бўлган пикапни 22 октябрь куни ижарага олганди.

Мавзуга оид