Жаҳон | 09:50 / 05.11.2017
105220
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонида 11 шаҳзода ва 4 вазир ҳибсга олинди. Улар қаторида дунёнинг энг бой кишиларидан бири бор

Фото: Fotolia / Swisshippo

Саудия Арабистонида тузилган Коррупцияга қарши курашиш қўмитаси 11 шаҳзода ва 4 нафар амалдаги вазирни ҳибсга олиш буйруғини берди. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали хабар бермоқда. Шу билан бирга ОАВда Миллий гвардия ва ҳарбий-денгиз флотининг нуфузли раҳбарлари ўз лавозимларидан четлатилганлари маълум қилинган.  

Барча ҳибсга олинганларга коррупция, қўшиб ёзиш ва пулларни ювиш айблови қўйилган.

Аксилкоррупцион қўмита Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд фармони билан ташкил этилди, унга қиролнинг ўғли Муҳаммад бин Салмон раҳбар этиб тайинланган.

Саудия Арабистони қиролининг айтишича, ҳукуматнинг юқори доираларида ноқонуний бойиш учун “шахсий манфаатларини жамиятникидан устун қўювчи” одамлар топилган. Қиролнинг таъкидлашича, шу билан боғлиқ ҳолда қиролликда “молиявий фирибгарликлар ва ҳокимиятни суистеъмол қилишда айбланувчиларни ҳибсга олиш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилади”.

Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, айбланувчилар орасида шаҳзода Ал-Волид бин Талал бин Абдулазиз Ол Сауд, 4 ноябрда истеъфога кетказилган иқтисодиёт вазири Одил Факиҳ ва Миллий гвардия вазирлигининг собиқ раҳбари Митоб бин Абдуллоҳ бин Абдулазиз Ол Сауд бор.

© AFP 2017 / Fayez Nureldine

Волид ибн Талал жаҳондаги энг бой кишилардан бири саналади. Унинг бойлиги 17 миллиард долларга баҳоланади. The New York Times маълумотига кўра у Twitter, Citigroup ва 21st Century Fox акционерларидан бири ҳисобланади. У Билл Гейтс, Руперт Мердок ва Майкл Блумберг билан ҳамкорликда ишлаган.

Қўмитага коррупцион схемалар ва уларнинг иштирокчиларига қарши кураш доирасида терговлар ўтказиш, сафарларни тақиқлаш, банк активларини музлатиш ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқи берилган.

Кузатувчилар қўмитанинг ушбу ҳаракатларини Саудия Арабистонининг замонавий тарихида мисли кўрилмаган ҳаракатлар деб аташмоқда.

Мавзуга оид