Саудия Арабистонида нималар рўй бермоқда?
Ўтган кунлар давомида Саудия Арабистонида антиқа ва кутилмаган (айрим тахминлар билан кутилган) ҳодисалар юз берди. Ҳолливуд киноларида бўлгани каби қироллик оиласининг 11 нафар шаҳзодаси ҳамда 4 нафар вазир ҳибсга олинди. Воқеалар кетма-кетлиги шу билан тугамади: вертолёт қулаши оқибатида яна бир шаҳзода ҳалок бўлди. Бу нимадан дарак бермоқда?
Барчаси 4 ноябрь куни бошланди. Мамлакатни бошқариб турган 81 ёшли қирол Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд айни ўша куни Коррупцияга қарши курашиш қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Қўмита иш бошлагандан сўнг, қироллик оиласининг 11 нафар аъзоси, амалдаги тўртта вазирлик раҳбарлари, 34 нафар собиқ вазир ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқалди.
Айни янги ташкил этилган қўмитага қиролнинг ўғли, 32 ёшли валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон бошчилик қилмоқда. 2015 йилда мамлакат Мудофаа вазирлигини бошқарган ёш шаҳзода жорий йилнинг июнь ойида отасининг қарори билан валиаҳд этиб тайинланди. Шунингдек, Саудия Арабистонида бир неча ўн йиллардан бери мавжуд анъана бекор қилинди, яъни қироллик тахти акадан укага ўтмаслиги аён бўлди. Албатта, Салмон ибн Абдулазизнинг ушбу қарори кўпчиликни хурсанд қилмади, айниқса унинг укаси, навбат бўйича тахтнинг кейинги даъвогари Муҳаммад ибн Наифни.
Янги валиаҳд отасининг ишончини оқлашга киришди, у энди қўмитага раҳбарлик қиларкан, сиёсий рақибларни бир четга суриш ҳаракатларини бошлаб юборди. Ҳибсга олинганлар қаторида дунёнинг энг бой шахсларидан бири, қиролнинг жияни Ол Волид Талал ҳам бор. 62 ёшли миллиардернинг бойлиги 19 миллиард доллар атрофида экани айтилади. Шунингдек, Миллий гвардия вазири Митаб ибн Абдулла ҳам қўлга олинган. У айни пайтгача мамлакат ҳарбий соҳасида катта нуфузга эга, «эски» гуруҳ вакилларидан бири эди.
Валиаҳд Муҳаммад ибн Салмон ислоҳотларга қўл уришини ҳам эълон қилди. Шу давр орасида шаҳзода «мамлакатни мўътадил Исломга қайтариши» маълум бўлди. Бу билан тахт вориси ўта мутаассиб давлат мулозимларини саройдан четлатишга аҳд қилганини айтди. Саудия аёлларига автомобиль бошқариш ва спорт майдонига боришга рухсат берилгани ҳисобга олинса, шаҳзода шу маънодаги ўзгаришларни назарда тутган бўлиши мумкин.
Ўтказилган тезкор амалиётлар ортидан шаҳзода бир ўқ билан икки қуённи урди, дейиш мумкин. Биринчидан, келгусида мамлакат бошқарувида халақит қилиши мумкин бўлган сиёсий рақиблардан халос бўлгани, иккинчидан, халқнинг «арзон» муҳаббати ва ишончига эга бўлди. Шунга қарамай, сарой вакилларининг қонунда олдида тенг қилиб кўрсатиш, порахўрликка қарши оммавий кураш мамлакатга илиқ ислоҳотлар ҳавоси кириб келаётганини англатиши табиий.
Мавзуга оид
18:07
Саудия Арабистонидаги кўзгусимон мегашаҳарни роботлар қуради
15:04 / 22.12.2024
Магдебургдаги ярмаркага ҳужум. Ҳозиргача нималар маълум?
23:55 / 03.12.2024
Саудия Арабистони машинистсиз бошқариладиган дунёдаги энг узун метрони ишга туширди
15:20 / 03.12.2024