Жаҳон | 17:30 / 15.11.2017
35482
8 дақиқада ўқилади

Қора чизиқдан ўтилди. Зимбабведа нималар рўй бермоқда?

14 ноябрь куни оқшомида Зимбабве ҳарбийлари мамлакат пойтахти Харарега танклар билан киришди ва қарийб 40 йилдан буён ҳукмронлик қилиб келаётган, 100 ёшида ҳам давлат раҳбари бўлиб қолишни режалаштирган Роберт Мугабе ҳамда унинг оиласини ҳибсга олишди. Тез орада мамлакат Молия вазири Игнациус Чомбо ҳам исёнчилар қўлига тушди. Давлат телерадиоканали қўлга олингач, ҳарбий давлат тўнтаришига бошчилик қилган ҳарбийлар чиқиш қилди.

Жонли эфирда ҳарбий формадаги икки зобит бу ҳаракатни «давлат тўнтариши» эмаслигини, президент ва унинг рафиқаси ҳаёти хавф остида эмаслигини иддао қилишди. Улар аҳолини тинчланишга чақириб, зўравонликлар рўй бермаслигига ишонтиришди.

«Бу ҳукуматга қарши ҳарбий давлат тўнтариши эмас. Биз халқни ишонтириб айтамизки, президент ва унинг оиласи хавфсизликда, биз уни кафолатлаймиз. Биз президент атрофидаги жиноятчиларни жавобгарликка чақирамиз, уларнинг ҳаракатлари ижтимоий ва иқтисодий инқирозни келтириб чиқарди», — деди ҳарбийлар.

Ҳукуматдаги «Зимбабве Африка Миллий иттифоқи - Ватанпарварлар фронти» партияси  бу «миллатни соғломлаштириш» йўлидаги қадам эканини маълум қилди. «Зимбабве ҳам, партия ҳам Мугабега ёки унинг рафиқасига тегишли эмас. Бугун янги эра бошланди», дейилган партия баёнотида.

Телеканал орқали чиқиш қилганлардан бири армия штаби бошлиғи, генерал-майор С.Б.Мойо ҳарбийлар Мугабега эмас, унинг атрофидаги жиноятчиларга қарши экани ҳақида гапирди.

Харареда вақти вақти билан отишма овозлари эшитилиб турибди, артиллериядан ўт очилмоқда.

Фото: Reuters

Бу вақтда Зимбабвенинг ЖАРдаги элчиси ҳам мамлакатида ҳарбий тўнтариш юз берганини инкор этган.

Зимбабведа сиёсий инқироз шу ой бошида бошланганди. 6 ноябрь куни Мугабе вице-президент, ўз вориси сифатида қаралувчи 75 ёшли Эммерсон Мнангагвуни жодугарлар ёрдамида ҳокимиятни қўлга олишга уринишда айблаб истеъфога чиқариб юборганди.  

Мнангагва ва унинг тарафдорлари мамлакатдаги ҳукмрон «Зимбабве Африка миллий иттифоқи – Ватанпарварлик фронти» партиясига қарши яширин гуруҳ яратиш йўли билан президентни ҳокимиятдан четлатишни режалаштиришгани маълум қилинди. Мнангагву мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Баъзи нашрларга кўра, Мугабе ўз ворисини рафиқаси Грейс Мугабенинг қутқуси билан ҳайдади. Кейинроқ Грейс Мугабе унинг ўринбосари этиб тайинланиши ҳақида хабар қилинди.

Бу воқеалардан кейин Зимбабве Қуролли кучлари бош штаби Константино Чивенга Эммерсон Мнангагвунинг ёнини олиб чиқди, армия вазиятга аралашишини маълум қилди ва президентга ультиматум қўйди.

Фото: Константино Чивенга / AFP

«Агар бизнинг инқилобимизга таҳдид пайдо бўлса, биз уни куч билан ҳимоя қиламиз»,— деганди у.

Константин Чивенга мамлакат бош постини озодлик урушида (ўтган асрнинг 70-йилларидаги фуқаролик уруши) қатнашмаган инсонга бермаслигини таъкидлаб келарди. Аммо у ўз сафдоши бўлган Мугабега 4 шартини маълум қилди. У Мугабедан партиядаги тозалаш ишлари ўтказишни бас қилишни, армия раҳбариятини танқид қилишни тўхтатишни, мамлакат раҳбариятини инқилобга қарши кучлардан тозалашни, шунингдек, ҳукуматдаги партиянинг барча аъзоларига навбатдан ташқари съездда иштирок этиш имкониятини тақдим қилишни талаб қилди.

Ҳозирда уй қамоғига маҳкум этилган Мугабе ёки унинг бошқа бир вакили баёнот билан чиқмади.

Кекса ва янги авлод ўртасида сиёсий кураш

Фото: Роберт Мугабе ва Грейс Мугабе / AFP

Роберт Мугабе 93 ёшга кирган, соғлиғи ёмон ва амалда давлатни бошқариш лаёқатини йўқотган.

Кейинги йилларда Зимбабведаги ҳокимият ва таъсир учун икки гуруҳ кураш бошланганди. Биринчиси — президентнинг 52 ёшли рафиқаси Грейс Мугабе етакчилик қилаётган G40 (Қирқ ёшлилар авлоди қисқартмаси) жамоаси. Уни асосан ёш вазирлар қўллаб-қувватлайди.

Иккинчиси — «Тимсоҳ» лақабли, ўта мураккаб тақдирга дучор бўлган Эммерсон Мнангагва етакчилигидаги «Лакост жамоаси». У ёшлигида кўча безориларнинг «Тимсоҳ» бандасига бориб қўшилгани сабабли, шу лақабни орттириб олган. Жанубий Родезияда партизанлар уруши бошланиб кетгач, у оқ танли фермерни ўлдиради, у ҳибсга олинади, бироқ суднинг хатоси туфайли озод этиб юборилади ва Мугабега келиб қўшилади. Мнангагва тарафдорлари ўз лақабини қимматбаҳо нарсалар, хусусан, Lacoste маркасига бўлган муҳаббати туфайли орттирган. «Лакост жамоаси» етакчисининг лақаби билан боғлиқ ёки йўқлиги аниқ эмас. Мнангагва томонида озодлик курашининг собиқ фахрийлари бор, улар Зимбабведа етарли даражада жиддий куч саналишади.

Партиядаги бўлиниш

Фото: Reuters

ZANU - «Зимбабве Африка миллий иттифоқи – Ватанпарварлик фронти» партияси аввалига генерал Чивенгининг баёнотини кескин қаршилаганди ва уни мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликни бузишга уринишда айблаганди.

Партия ҳеч қачон таҳдидларга таслим бўлмаслиги, «сиёсат қуролдан устун» эканини билдирганди.

ZANU’нинг ёшлар қаноти етакчиси Кудзай Чипанга генерал Чивенги армиянинг тўла қўллаб-қувватловига эга эмаслигини қайд этиб ўтганди.

«Харитада давлатимиз бир бутун қилиб кўрсатилган ва келгусида ҳудуд ажралмайди. Мамлакатни қонуний йўл билан сайланган раҳбар бошқаради», деганди у сешанба куни журналистларга.

Партиянинг ёшлар қаноти Грейси Мугабенинг бўлажак президент сифатида кўришар, аъзолар уни ҳимоя қилиш учун ўлимга тайёрликларини айтишарди.

Хитой ушбу давлат тўнтарувига алоқадорми?

Фото: Philimon Bulawayo / AP

Ўтган ҳафтада Пекинда генерал Чивенга хитойлик ҳарбийлар билан учрашганди. Хитойдагилар унинг ташрифини «одатдаги ҳарбий ташриф» дея баҳолади. Улар шунчаки дўст давлатда «нималар рўй бераётганини кузатишаётгани» ҳақида айтишди. Қайд этиш керакки, Зимбабведаги барқарорлик сақланишидан энг кўп манфаатдор давлат Хитой ҳисобланади, Си Жинпинг ва Мугабе ўртасида махсус келишув ҳам бор. 

2002 йили Ғарб мамлакатга санкция эълон қилгач, ХХР Мугабега ёрдам қўлини чўзган. Ҳозир Зимбабве пойтахти Хараре шаҳрида Хитойнинг кафе ва ресторанлари фаолият кўрсатмоқда, Хитойдан қурол-яроғ ва кўплаб кийим-кечаклар олиб кирилади, эвазига фойдали қазилмалар ташиб чиқиб кетилади. 

Хитойлик бизнесменлар бу мамлакатдаги олтинлар, хром, платиналар ва олмослар қазиб олинадиган шахталарга эгалик қилишади. Пекиндагилар бу давлатда сиёсий беқарорлик бошланиши ва Зимбабвенинг ишларига бошқа хорижий давлатлар, бу давлатга қайтишни орзу қилаётган давлатлар аралашиши мумкинлигидан хавфсирашади. 

Россия ҳам ортда қолишни истамаяпти: Улар жаҳонда катталиги бўйича учинчи ўринда турган Дарвендейл платина конини ишга туширишда иштирок этишмоқда. Ҳаттоки АҚШ ва Европа иттифоқи ҳам Зимбабвега қайтиш йўлларини қидиришмоқда: сўнги йилларда ЕИ ошкор қилмасдан мамлакатга жорий этилган санкцияларнинг катта қисмини бекор ҳам қилиб бўлди.

Зимбабвеликлар банкоматларга навбатлар ҳосил қилишди

Фото: AP

Ҳарбий давлат тўнтариши ҳақида эшитган аҳоли 15 ноябрь тонгида банкоматларга оқиб кела бошлашди. Улар банк ҳисобларидан барча пулларини ечиб олмоқчи. 2009 йилги молиявий инқироздан кейин мамлакатда гиперинфляция юзага келган, Зимбабве ўз валютасини Америка долларига алмаштирганди.

Янги президент номи бир неча соат ичида эълон қилиниши мумкин

Фото: Эммерсон Мнангагва / Reuters

Маҳаллий нашрларда Зимбабвега Тимсоҳ лақабли Мнангагва қайтгани айтилмоқда, у ўтган ҳафтада истеъфога чиқарилгач, ЖАРга қочиб кетганди. Яқин вақтлар ичида айнан у мамлакатнинг янги президенти сифатида чиқиш қилиши кутилмоқда. Зимбабвенинг ҳозирги раҳбари билан ЖАР президенти Жейкоб Зума учрашган. Унинг сўзларига кўра, Мугабе ўзини ҳеч қаерга чиқаришмаётганидан нолиган.

Мавзуга оид