Спорт | 19:00 / 16.11.2017
9958
8 дақиқада ўқилади

Чемпион ҳикоялари. Франческо Тотти: Уй – мен учун бутун дунё

Йигирма етти йил олдин Римдаги уйимиз эшигини кимдир қоқди. Онам – Фиорелла эшикни очди. Эшик ортида менинг футболдаги келажагим ҳақида гаплашгани бир гуруҳ футбол агентлари туришарди.

Улар Римдан эмасдилар. Бу дарров сезилган, улар қизил ва қора рангли либосни кийиб олгандилар. Улар мени ҳар қандай нархга бўлса ҳам ўз жамоаларига - Миланга олиб кетгани келишган эди.

Онам қўлларини юқорига кўтардилар. Нима деб ўйлайсиз, у меҳмонларга нима деб жавоб берган бўлиши мумкин?

Биласизми, агар сиз римлик болакай бўлсангиз, келажагингиз асосан икки хил кечади: сиз ё қизил ёки ҳаворангни танлайсиз. Ё «Рома» ёки «Лацио». Аммо бизнинг оиламизда фақат биргина танлов мавжуд эди. 

Афсуски, мен бувамни деярли кўрмаганман, жуда ёшлигимда у инсон вафот этганди. Аммо у менга жуда катта мерос қолдирганди – «Рома»га бўлган севгини. Бобом Жанлука клубнинг ашаддий фанати бўлган,у бу муҳаббатини аввало отамга сингдирган, отам эса, акам ва менга. «Рома» биз учун оддий футбол клуби эмас, қандайдир муқаддас тушунча эди, оиламизнинг бир бўлаги, юрагимизнинг бир парчаси...  

Очиғи, биз ўша пайтларда, телевизорда «Рома» ўйинларини кўп кўрмасдик. 80-йилларда ҳатто Римдаги ўйинларни телевизорда кўриш муаммо бўлган. Аниқ эслайман, етти ёшимда бир куни дадам футбол учун чипта кўтариб келди. Ниҳоят мен стадиондан туриб, «бўрилар»нинг ўйинини кўриш бахтига муяссар бўлгандим.

Бу туйғуни яна бир бор ҳис қилиш учун кўзимни юмишим кифоя. Ранглар, қўшиқлар, атрофимдаги ўзимга, бобомга, дадамга ўхшаб кетадиган мухлислар... Мен ўша кўрганларимни сўз билан ифода қилиб бера олмайман.

Bellissimo.

Фақат шу сўз келади хаёлимга.

Римнинг биз яшайдиган Сан-Жованни томонида ҳеч ким мени футболсиз кўрмаган бўлса керак. Ё эгнимда ё қўлимда ёки оёғимда футболни эслатадиган нимадир бўларди. Катта кўча бўладими, чорраҳами, йўлакларми, фарқи йўқ, биз фақат футбол ўйнардик. Менда бу шунчаки, футболга бўлган муҳаббат эмас эди. Каттароқ, келажагимни, ҳаётимни футболга боғлаш орзуси ҳам бўлган. Болалар жамоаларида ўйнардим, уйимиз деворларида «Рома»нинг ўша пайтдаги сардори Жаннининг газетадан қирқиб олинган расмлари тўлиб кетган эди. У «Рома»нинг тимсоли бўлган, у ҳам биз каби ҳақиқий римлик бола эди.

Кейин эса, мен ўн уч ёшга кирганимда, юқорида тилга олганимдек, эшигимиз тақиллади. Улар мени «Милан»га таклиф қилишди. Италиянинг, дунёнинг ўша пайтдаги энг буюк клубида фаолиятимни давом эттиришим мумкин эди. Мен нима деб жавоб бера олардим?

Албатта, бу танлов менга боғлиқ бўлмаган.

Уйимизда онам хўжайин эди. Ҳозир ҳам шунақа. Нима десам экан, у ҳамма италиялик оналар каби бизга жуда боғланган эди. Бизнинг уйдан узоқда бўлишимизни асло истамас, хавотир оларди.

«Йўқ, йўқ», – деб қатъий жавоб берди онам миланликларга.

Тамом. Менинг илк трансферим онам томонидан рад қилинганди.

Отам мени ва акамни дам олиш кунлари футболга олиб борарди. Бошқа пайтларда бизга фақат онам масъул бўлган. Албатта, «Милан»га рад жавобини бериш ўша пайтлар учун жуда қийин эди. Шартнома оиламиз учун жуда катта пул дегани эди. Аммо онам ўша куни менга жуда катта сабоқ берди. Бу дарснинг мазмуни шундай: уй – ҳаётдаги энг муҳим тушунча!

Бир неча ҳафта ўтиб, менинг болалар жамоасидаги бир неча ўйинларимни кузатган «Рома» таклиф билан чиқди. Энди мен севимли қизил-сариқ либосни киядиган бўлдим.

Онам буни биларди. У бутун фаолиятим давомида, бутун воқеаларда олдимда турди. У менинг ҳар ўйинда майдонга тушишим учун шу қадар кўп нарсадан воз кечган эдики, тасаввур ҳам қила олмайсиз. Айниқса, илк йилларда оиламизда ҳаёт у қадар осон бўлмаганида.

Мени машғулотларга етаклаб борадиган ҳам, ўйинлар пайтида майдон четида томоша қилиб турган ҳам, баъзан ёмғир, баъзан қорда уч соат, тўрт соатлаб мени кутиб ўтирган ҳам онам эди. У бу қийинчиликларни ҳис қилмасмиди, деб ўйлаб қоламан баъзида. Унга фақат бир нарса керак эди – мен орзу қила олишим. Орзуларим бир кун амалга ошиши мумкинлигига ишонишим у учун муҳим бўлган, мана шу ишончнинг менда пайдо бўлиши учун борини бера олган. 

«Олимпико»даги дебютим ҳақида ўша ўйиндан тўқсон дақиқа олдин ҳам билмасдим. Клуб автобусида ўтирар эканман, бу ҳақида эшитганимда, ғалати аҳволга тушиб қолгандим. Эрталаб уйқудан турганимда кўрганим – дунё бутунлай ўзгариб кетгандек эди. Биласизми, «Рома» мухлислари бошқалардан ажралиб турадилар. Бу либосни кийдингми, сен энди бунга муносиб эканингни исботлашинг керак, хато қилишга ҳаққинг йўқ.

Майдонга тушиб бораётганимда ниҳоят ўз уйим учун ўйнаётганимдан ғурурлана бошладим. Бобом учун. Оилам учун.

Кейинги 25 йилда бу муносабат ҳеч қачон ўзгармади.

Албатта, хатолар бўлган. Ўн икки йил олдин Римни тарк этиб, «Реал» таркибига қўшилмоқчи ҳам бўлганман. Дунёнинг энг кучли ва муваффақиятли клуби сени ўз сафига чақирар экан, ниманидир ўзгартиришга, ўзингни бошқа жойда синаб кўришга эҳтиёж туғилади, буни инкор этмайман. Ҳатто «Рома» президенти билан ҳам бу ҳақида гаплашишгача бордим. Лекин оилам билан ўтган суҳбат менинг ҳаёт ҳақидаги тушунчаларимни эслатди.

Уй – ҳамма нарса.

Қирқ йил Рим менинг уйим бўлди. Футболчилик фаолиятимдаги 25 йил давомида ҳам Рим менинг уйим эди. Скудеттодаги ғолиблик нашидасими, Чемпионлар Лигасидаги ҳар бир ўйинми, ўзимни Римнинг бир бўлаги сифатида ҳис қилдим, «Рома» рангларини имкон қадар юқорига кўтаришга уриндим. Бу фахрланса арзийдиган туйғу, менимча.

Сиз мени маълум бир йўналишга солиб қўйилган бир одам, деб ҳам ўйлашингиз ҳам мумкин. Мен Иларига уйлангунимча, ота-онам яшаган уйдан ташқарига ҳам чиқмаганман. Биласизми, бу тарзда узоқ вақт яшаган одамнинг соғинчи янада кучлироқ бўлади. Соатлаб ўтказилган машғулотлар, соатлаб ечиниш хонасидаги суҳбатлар, ҳар куни жамоадошларим билан бирга кофе ичиб ўтириш... Ҳар куни...  бу жуда узоқ давом этган ва деярли ҳар бир куним бир хил ўтарди. Шунинг учун ҳам менинг соғинчим бошқаларникига ўхшамайди.

Балким бир кун клуб директори сифатида бу ерга қайтарман, менимча ўшанда ҳам бу хотиралар ўша ерда мени таъқиб қилади.

Мендан сўрайдилар: нега бутун умрингни Римда ўтказиб юбординг?

Рим – менинг оилам, менинг дўстларим, мен яхши кўрган одамлар. Рим – бу денгиз, тоғлар ва албатта, Рим – бу римликлар.

Римнинг ранги қизил ва сариқдан иборат.

Рим мен учун дунёнинг ўзгинаси.

Бу клуб, бу шаҳар менинг ҳаётимга айланган.

Ҳаммаси оддий.

Франческо Тотти/ThePlayersTribune

Мавзуга оид