Спорт | 16:30 / 16.11.2017
51983
7 дақиқада ўқилади

Ўзбек футболи ҳақида 10 факт

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси еттинчи бор Жаҳон чемпионатлари саралашларида қатнашиб, яна муваффақиятсизликка учради. Албатта, терма жамоа тарихида жаҳон чемпионатига чиқиш учун атиги бир гол ёки бир ғалаба етишмаган пайтлар ҳам бўлди, ҳаттоки унинг ғалабаси бекор қилинган чоғлар ҳам.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон футболи айрим ютуқларга ҳам эришган. Келинг, уларни бир-бир эсга олайлик.

ЧЕМПИОНАТЛАР 26 ТА, ЧЕМПИОНЛАР 27 ТА

1992 йилдан буён, 26-марта ташкиллаштирилган Ўзбекистон миллий чемпионатининг бу йилги мавсумида Тошкентнинг «Локомотив» клуби иккинчи бор чемпион бўлишга жуда яқин турибди ва янги чемпион Ўзбекистоннинг 27-чемпиони бўлади. Энг дастлабки чемпионат — 1992 йилгисида Тошкентнинг «Пахтакор» ва Фарғонанинг «Нефтчи» клублари очколари тенг бўлгани боис бирваракайига қўш чемпион, дея эълон қилинган. Кумуш медаль ҳеч кимга берилмаган.

ЖАҲОН ЧЕМПИОНЛАРИ ЎЗБЕКИСТОН ЧЕМПИОНАТИДА

Ўзбекистон чемпионатида жаҳон чемпиони тўп сурган ва жаҳон чемпиони бўлган мураббий ишлаган. 2002 йилги жаҳон чемпиони, 1999 йилда «Олтин тўп» мукофоти ва ФИФАнинг «Йилнинг энг яхши ўйинчиси» Ривалдо 2008-2010 йилги мавсумларда Ўзбекистон чемпионатида тўп сурган ва ҳаттоки 2009 йили 20та гол билан чемпионатнинг энг яхши тўпурари сифатида тарихда қолган. У икки бор Ўзбекистон чемпиони (2008-2009) ва бир бор мамлакат кубоги соҳиби (2008) ҳам ҳисобланади.

Мураббий сифатида 2002 йилги жаҳон чемпиони Луис Фелипе Сколари ҳам «Бунёдкор»ни 2009-2010 йилларда бошқарган ва 2009 йили чемпионлик сари етаклаган.

ЎЗБЕК ФУТБОЛИНИНГ ЭНГ КАТТА ЮТУҒИ ХИРОСИМАДА РЎЙ БЕРГАН

Ўзбек футболининг энг эсда қоларли ютуғи 1994 йили Япониянинг Ҳиросима шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларининг футбол мусобақасида қучган зафаридир. Гуруҳ учрашувларида Саудия Арабистони (4:1), Малайзия (5:0), Ҳонгконг (1:0), Таиланд (5:4) устидан ғалаба қозонган Ўзбекистон футболчилари чорак финалда Туркманистонни 3:0, ярим финалда Жанубий Кореяни 1:0 ҳисобида енгиб, финалда хитойлик футболчилар устидан 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишади.

Ўша пайтларда Осиё ўйинларида миллий терма жамоалар иштирок этишарди. Янги асрдан Осиё ўйинларидаги футбол турнирида олимпия (U23) терма жамоаси иштирок этадиган бўлди.

ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ САРАЛАШ ЎЙИНИ ҚАЙТАДАН ЎТКАЗИЛГАН

2006 йили Германияда ўтказилган жаҳон чемпионати саралаш турнирининг Ўзбекистон ва Баҳрайн терма жамоалари ўртасидаги ОФК минтақаси плей-офф учрашувининг дастлабкиси Тошкентда бўлиб ўтади. Ўйинни бошқарган ҳакам — япониялик Тошимицу Йошида ўйинда баҳрайнликлар дарвозасига пенальти белгилайди. Сервер Жепаров томонидан амалга оширилган пенальти гол бўлади. Бироқ Темур Кападзе пенальти ижро этилаётган чоғда рақиб жарима майдонига зарбадан аввал киргани сабабли пенальти қайтадан ижро этилмасдан, Баҳрайн фойдасига эркин тўп белгиланади. Гарчи ўйинда Ўзбекистон 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса ҳам, Ўзбекистон футбол федерацияси ҳакамлик устидан шикоят қилиб хат ёзади. ФИФА ўйин натижасини бекор қилиб, ўйинни бошқатдан ўтказади. Тошкентдаги қайта ўтказилган ўйин 1:1 ҳисобида якунланади ва Манамадаги ўйинда ҳисоб очилмайди. Қитъалараро плей-оффга Баҳрайн йўл олади. Йошида эса ҳакамликдан четлатилади.

15 ЙИЛДАН БЕРИ ФАҚАТ ПОЙТАХТ ЖАМОАЛАРИ ЧЕМПИОН БЎЛМОҚДА

Агар 2017 йилги чемпионатда Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси чемпион бўладиган бўлса, Ўзбекистон чемпионлиги кубоги қаторасига 16 йил кетма-кет пойтахтни тарк этмайдиган бўлади. Вилоят жамоалари ичидан сўнгги бор Ўзбекистон чемпионатида 2001 йили Фарғонанинг «Нефтчи» клуби чемпион бўлган эди. Сўнгги 15 чемпионатда «Пахтакор» 9 марта, «Бунёдкор» 5 марта, «Локомотив» бир марта ғалаба нашидасини сурган.

ЎЗБЕКИСТОН ЎСМИРЛАРИ ВА ЁШЛАРИ ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ ЧОРАК ФИНАЛИГА ЧИҚИШГАН

2011 йили Мексикада ўтказилган 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ва 2013 йили Туркияда ўтказилган 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари чорак финал йўлланмасини қўлга киритишган. Ўсмирлар уругвайлик тенгдошларига имконни бой берган (0:2) бўлишса, ёшлар таркибида Погба, Умтити, Динье каби бўлажак юлдузлар тўп сурган франциялик футболчиларга 4:0 ҳисобида ютқазишган.

ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИ БИР ЎЙИНДА 15 ТА ГОЛ УРГАН

1998 йили Таиланд пойтахти Бангкокда ўтказилган Осиё ўйинларининг футбол турнирида қатнашган Ўзбекистон миллий терма жамоаси саралаш босқичи G гуруҳида Мўғулистон терма жамоаси дарвозасига жавобсиз 15та тўп йўллаган. Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ўшанда 4 йил аввалги натижасини такрорлай олмаган ва чорак финалда бўлажак чемпион — Эронга 0:4 ҳисобида ютқазиб, мусобақани эрта тарк этган.

ЎЗБЕК КЛУБЛАРИ ОСИЁ ВА МДҲ КУБОКЛАРИНИ ҚЎЛГА КИРИТГАН

2011 йили ўзбек футбол клублари тарихида халқаро миқёсдаги энг юксак натижа қайд этилган. Қаршининг «Насаф» клуби ОФК кубогини қўлга киритди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, финал учрашуви Қаршида ташкиллаштирилган ва меҳмон жамоа — Кувайтнинг «Ал-Кувайт» клубини 2:1 ҳисобида мағлуб этилган.

Бунгача 2007 йилда Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси МДҲ кубоги ғолиби бўлган эди. Москвада ўтган финалда пахтакорчилар Латвиянинг «Вентспилс» клуби устидан пенальтилар сериясида ғолиб келишган эди.

СЕРВЕР ЖЕПАРОВ ИККИ БОР ОСИЁНИНГ ЭНГ ЯХШИ ЎЙИНЧИСИ БЎЛГАН

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров илк марта 2008 йили Осиёнинг энг яхши ўйинчиси, деб топилган. Ўшанда у «Бунёдкор» клуби сафида тўп сурарди. Орадан 3 йил ўтиб, 2011 йили ҳам у иккинчи бор қитъанинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Бунга сабаб қилиб Сервер Жепаровнинг Қатарда ўтган Осиё кубогидаги ёрқин ўйинлари кўрсатилган. Бу вақтга келиб у Саудия Арабистонининг «Аш-Шабоб» клубига ўтган эди.

Бунгача қитъа миқёсида Ўзбекистон терма жамоалари бош мураббийлари — 1999 йили Маҳмуд Раҳимов (марҳум) ва 2007 йили Рауф Инилеев энг яхши мураббийлар деб топилишган.

«Пахтакор» (Тошкент) эса 2002 йили қитъада йилнинг энг яхши клуби бўлган.

ЎЗБЕК ҲАКАМИ РАВШАН ЭРМАТОВ ЖАҲОНДА РЕКОРД ҚЎЙГАН

Ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов Жаҳон чемпионатларининг 9 та учрашувини бошқариб, бу борада рекорд ўрнатган. У 2010 йили Жанубий Африка Республикасида ташкиллаштирилган жаҳон чемпионатида 5 та, 2014 йили Бразилияда ўтган жаҳон чемпионатида 4та ўйинни бошқарган. 2018 йили Россияда ўтадиган жаҳон чемпионатида ҳам қатнашиш имкони борлиги ҳисобга олинса, у яқин орада янгиланмайдиган рекорд соҳибига айланиши мумкин.

Равшан Эрматов 5 марта (2008–2011 йиллар ва 2014 йилда) Осиёнинг тенгсиз ҳаками деб эътироф этилган.

Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид