Жаҳон | 23:47 / 19.11.2017
6193
2 дақиқада ўқилади

Роҳингя-қочқинчларини юртларига қайтариш бўйича музокаралар олиб борилмоқда

Фото: AFP 2017 / K.M. Asad

Бангладеш ва Мьянма ҳукуматлари Мьянмадан қочган роҳингя мусулмонларини юртларига қайтариш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Бангладеш ташқи ишлар вазири Абул Ҳасан Маҳмуд Алига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар берди. 

“Бангладеш ва Мьянма қочқинларни Мьянмага қайтариш бўйича икки томонлама келишувни тузиш учун музокаралар ўтказмоқдалар. Қочқинларни юртларига қайтаришга кўмак берувчи ишчи гуруҳни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Икки давлат бу масалада деярли ҳамфикрликка эришдилар, келишиб олиш керак бўлган яна бир нечта бандлар қолди”, деб айтган вазир.   

Мьянманинг Аракан штатида диний негизда мусулмонлар ва маҳаллий буддавийлар ўртасида тўқнашувларга олиб келган кўплаб можаролар содир бўлган. БМТнинг баҳолашича, роҳингя миллати дунёда энг кўп таъқиб қилинувчи халқлардан ҳисобланади. Мьянма ҳукумати роҳингялар бир неча авлод давомида Мьянмада яшаб келаётганларига қарамай, уларнинг фуқаролик олишга ҳуқуқларини тан олмайдилар.

Можаролардан охиргиси 25 августда юз берган. Ўшанда “Роҳингяларни қутқариш Аракан армияси” ҳаракати жангарилари Мьянмада полициянинг 30 та таянч пунктига ҳужум қилганлар. Шундан кейин мамлакат хавфсизлик кучлари ҳудудда куч операциясини бошлаган. 25 августдан бошлаб Бангладешга Мьянмадаги зўравонликдан қочиб 613 мингга яқин киши келган. Ҳозирги кунда Бангладешдаги роҳингя-қочқинларининг сони 826 мингга етган.

Мавзуга оид