Light | 16:15 / 22.11.2017
20210
7 дақиқада ўқилади

30 ёшда бойликдан қандай оқилона фойдаланиш мумкин?

Фото: businessinsider

Инсон 30 ёшга киргач, турмуши осон бўлиб қолмайди. Меҳнат пиллапоялари, бизнес, оила ташвиши, тураржой харид қилиш, оила аъзоларининг ортиши — бу ва бошқа омиллар куч ва вақтни олиб қўяди. Молиявий режалаштириш бўйича малакали мутахассис ва Beyond Your Hammock фирмаси асосчиси Эрик Роберг пулларни қандай тасарруф этиш бўйича фикрларини билдирди. 

Ҳар куни юқоридаги муаммоларга дуч келган мижозларга кўмак берар эканман, пул билан муаммо бўлмаган тақдирда ҳам одамларнинг ташвиши етарли эканига амин бўлдим. Бироқ ётиб еганга тоғ ҳам чидамагандек, бойликни ҳам тўғри бошқариш учун бир неча оддий қоидаларга риоя қилиш фойдадан холи бўлмайди. 

1. Имкониятингиз етганидан пастроқ шароитда истиқомат қилинг

Фото: AP / Alan Diaz

Эҳтимол, сиз бу каби маслаҳатларни кўп бора эшитгандирсиз. Бироқ бу етарли маблағ тўплаш учун кифоя қилмайди. Агар ойига 2000 доллар ишлаб топсангиз ва 1999 доллар сарфласангиз, техник жиҳатдан сиз харажатларингиз даромадингиздан кам бўлишини таъминлаяпсиз ва қарз ботқоғига ботмайсиз. Шунга қарамай, бундай ҳаёт тарзи сизни миллионер қилмайди. Бой бўлиш учун бирмунча камтарона ҳаёт тарзини танлаш лозим. Даромадингиз ва харажатингиз ўртасидаги фарқ қанча катта бўлса, сиз молиявий мустақил бўлиш йўлидаги мақсадларингизга шунча тез эришасиз. 

2. Сўм ёки доллар ҳақида эмас, балки неча фоиз даромадингизни жамғариб қўяётганингизга эътибор беринг

Фото: Flickr

Айтайлик, сизнинг бир ойлик даромадингиз юқорида айтганимиздек 2000 доллар. Бунда сиз 800 долларни тежаб, сармояга ётқизаяпсиз. Бу даромадингизнинг сезиларли қисми ва яхши миқдордир. Энди тасаввур қилинг, сиз ойига 3000 доллар топа бошладингиз, бироқ ҳамон 800 доллар жамғараяпсиз. Табриклайман, сиз ўзингизни бошқара олмадингиз ва даромад ортиши билан буромадни ҳам оширдингиз. Узоқ истиқболда нафақат мутлақ маблағ миқдори, балки даромаддан келадиган даромад миқдори ҳам муҳим ўрин тутади. Агар сиз шунга риоя қила олсангиз, даромад ошгани сайин жамғарма миқдори ҳам оша бошлайди.
 
3. Ўз молиявий ҳолатингизни назорат қилишни унутманг

Фото: Flickr

Шахсий молия ишларида энг кенг тарқалган хато бу - бўлаётган ҳолатга нисбатан фаол ҳаракат қилиш эмас, балки эътибор беришдир. Аксар кишилар умр бўйи оқим бўйича сузади ва нимадир ўзгара бошлаганда ҳаракат қила бошлайди. Албатта, ҳаммаси жойида бўлган вақтда келажак ҳақида қайғуриш осон эмас. Сиз ўзингиз истаган, кўнглингиз тусаган нарсани харид қила оласиз. Бундай қарашнинг камчилиги шундаки, қачондир сизга пул жуда ҳам керак бўлиб қолганида, масалан, кўчмас мулк харид қилмоқчи бўлсангиз, саёҳат қилиш, ишдан кетиш ёки нафақага чиқишда банк ҳисоб рақамингизда пул бўлмайди. Биз пулни олди-орқамизга қарамай совурсак, у турмайди. Жорий молиявий ҳолатингизни таҳлил қилишга вақт ажратинг. 

4. Пулни кўп эмас, жойига сарфланг

Фото: Shutterstock

Кўпчилик инсонларнинг фикрича, уларнинг даромади қанча кўп бўлса, шунча кўп сарфлаши мумкин. Ва бир қарашда улар ҳақ. Гап шундаки, ортиқча сарф-харажат сизни бахтли қила оладими? Ҳар бир кишининг бахт ўлчови, шубҳасиз, турлича. Шунга кўра, сиз харажатларни атрофдагилар нима дейди, деган фикрда амалга оширсангиз, ишончингиз комил бўлсин, сизнинг бошингиз моддий муаммолардан чиқмайди. Айтайлик, танишингиз тропик оролга саёҳат уюштириб, мазза қилиб дам олиб келди. Балки сиз ҳам шундай қилсам, яхши бўларди, деб ўйларсиз. Балки шундай ҳам бўлар. Аммо биз пулни сарфлаётганимизда билиб билмай атрофдагиларда таассурот уйғотишни хоҳлаймиз. Шундай экан, аввал сиз учун нима зарурлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Эҳтимол бу оиладир ёки нимагадир ўқишдир. Харажатларни қанчалик ўйлаб амалга оширсангиз, пулингизнинг ҳар бир тийинига кўпроқ фойда кўрасиз. 

5. Молиявий режалаштириш мутахассисига қачон учрашиш кераклигини ҳам унутманг

Фото: Shutterstock

Тасаввур қилинг, сиз-у менга ўхшаш оддий инсон, ҳафтасига 4-5 кун спорт залига боришга қарор қилди. У ерга бордик ҳам дейлик. Хўш, ундан кейин-чи? Эҳтимол биз қандай шуғулланишни билмаганимиз сабабли ўзимизни ортиқча қийнамасмиз? Бунинг оқибатида самарага ва мақсадга эришиб бўлмайди. Шундай экан, даставвал фойда берадиган машқларни қанчалик оғир бўлмасин бажаришни ўрганишимиз керак. Бундан ташқари, тўғри овқатланиш, ўз вақтида дам олишни ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Молия масалаларида ҳам шундай фикрларни айтиш мумкин. Кун сайин ҳаммасини тўғри бажариш мураккаблашиб бораверади. Шу билан бирга, оддий одам нимани қандай бажариш кераклигини ҳар доим ҳам яхши билавермайди. Мураббий сизнинг саъй-ҳаракатларингизни том маънода самарали бўлишига ҳисса қўшади. Молиявий мақсадларга эришиш ва муаммоларга барҳам беришда ҳам молиявий режалаштириш мутахассисининг ёрдами катта бўлади. Улар ҳар бир кишига мос режа ишлаб чиқади. 

6. Ёдда тутинг, молиявий муваффақият йўли жуда ҳам содда, уни мураккаблаштириш керак эмас

Фото: Flickr

Ва ниҳоят, менинг сўнгги ва муҳим маслаҳатим. Мураккаблаштирманг. Кўплаб компаниялар ва мутахассислар шахсий молиясини жуда мураккаб нарсадек баҳолайди. Шунинг баробарида қандайдир ўз маҳсулотини шунчаки сотаётгандек ҳисоблашади. Молиявий ютуққа унча катта бўлмаган ва жуда содда ишларни бажариш натижасида эришилади. Албатта, бир кечанинг ичида улкан бойликка эришиб бўлмайди. Бу узоқ муддатли жараён бўлиб, биз ҳар доим ҳам бажара олмайдиган сабр ва интизомни талаб қилади. Шунга қарамай, ёдда тутинг, бир нечта оддий қоидаларга риоя этиш бой бўлишга асос бўлиши мумкин. Даставвал фойдали одатларни шакллантиринг. Тезда пул топиш таклифларини рад этинг. Бойлик кун ва ойлар эмас, аксинча йиллар самарасидир. Сизга маслаҳат керак бўлса, дуч келган акция сотишни хоҳлаётган одамдан эмас, балки мустақил равишда сармоя тўплай олган кишидан сўранг. Бўлди. Асосийси, тўғри ҳаракатларни кунига такрорлашдир. Агар сиз йўлингиздан чалғимасангиз, мақсадингизга албатта эришасиз.

Мавзуга оид