Ўзбекистон | 22:06 / 22.11.2017
24375
2 дақиқада ўқилади

6 ёшли ўзбекистонлик қизни онасига қайтаришмаяпти​

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Муқаддам Россия Федерациясидаги меҳнат мигрантларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш МИГРАНТ.МОБИ узлуксиз линиясига Ўзбекистон Республикаси фуқароси Феруза Акрамовна Ўткирова мурожаат қилганди. Унинг айтишича, 3 ноябрь куни РФ Ички ишлар вазирлигининг Москва областининг Клин райони бўлими вояга етмаганлар ишлари бўйича бўлими ходимлари 6 ёшли қизи Рухшонани тортиб олишган ва ҳанузгача беришмаяпти.

Юрист Ботир Шерматовнинг Kun.uz'га малум қилишича, РФ Оила кодексининг 77 моддасида кўрсатилганидек, ҳомийлик ва васийлик органлари болани ота-онасидан дарҳол тортиб олиш ҳуқуқини юзага чиқарадиган, боланинг ҳаёти ёки саломатлигига ҳеч қандай таҳдид юзага келмаган.

Клиндаги вояга етмаганлар учун мўлжалланган «Согласие» ижтимоий-реабилитация марказида яшаб турган Рухшонани маъмурият онасига қайтаришни рад этди. Уларнинг таъкидлашича, қизалоқда мушт ва қўл излари топилган, шундай қилиб Рухшона экспертиза текширувидан ўтиши сўралади.

«Орадан 19 кун ўтиб, мушт изи борлигини аниқлашгани ҳамда экспертиза қилмоқчи эканлиги мени шубҳалантиряпти. Қолаверса, бола онаси билан узоқ муддат бирга бўлмаслиги, унинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин», дейди Ботир Шерматов.

Эслатиб ўтамиз, 3 ноябрь куни Феруза Ўткирова кўчага ўз ишлари билан чиқиб, қизалоғини тўнғич ўғли (19 ёшли) билан уйда қолдиради. Ўғлини зудлик билан ишхонасидан чақириб қолишади, у онасининг уяли телефонига қўнғироқ қилиб туша олмай, иложсиз, синглисини уйда қолдириб, ишига жўнайди. Афтидан, ака шошганидан у уй эшигини қулфлашни ёдидан чиқаради ёки Рухшонанинг ўзи эшикни оча олади, лекин қизалоқ кўчага чиқади ва уни полиция бўлинмасига олиб кетишади.

Қизнинг отасини Федерация ҳудудидан шу ой депоратация қилишган, онаизор эса қизини бегона юртда, нотаниш кимсалар қўлидан олаолмаяпти.

Мавзуга оид