Ўзбекистон | 18:00 / 01.12.2017
20724
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг янги элчиси Дональд Трампга ишонч ёрлиғини топширди

Фото: «Жаҳон» АА

Ўзбекистоннинг АҚШга тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШ президенти Дональд Трампга ишонч ёрлиғини топширди. Маросим АҚШ президентининг расмий қароргоҳи — Оқ уйда бўлиб ўтган.

«Жаҳон» АА хабарига кўра, маросимдан кейин кечган суҳбат чоғида президент Дональд Трамп кейинги йил мобайнида Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирлар «республиканинг аниқ-равшан ислоҳотлар қўллашни мақсад қилганидан далолат эканлигини» баён этди. Ўзбекистон томонидан ташланган қадамлар, шу жумладан, миллий валюта конвертацияси таъминланиши халқаро сармоядорлар учун мамлакатнинг жозибадорлигини оширди. Америка маъмурияти раҳбари болалар меҳнатига барҳам бериш ҳамда давлат бошқаруви тизимида шаффофлик таъминланишидаги ривожланишни олқишлади.

АҚШ президенти Ўзбекистон — Америка муносабатларини янада мустаҳкамлашга тайёр эканлигини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, икки мамлакатнинг ўзаро кўплаб манфаатлари мавжуд. «Вашингтон кучли ва мустақил Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашини тасдиқлайди, бу минтақавий шерикликка ҳамда Афғонистонни барқарорлаштиришга йўл очади», деган у.

Таъкидланганидек, АҚШ Ўзбекистоннинг аллақачон минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар яхшиланишига кўмаклашган «яхши қўшничилик сиёсатини» олқишлайди. Қирғизистон билан чегараларининг катта қисмини делимитация қилиш юзасидан расмий Тошкент томонидан кўрилган чора-тадбирларнинг самарадорлиги алоҳида қайд этилди.

Мавзуга оид