Жамият | 12:00 / 03.12.2017
13256
3 дақиқада ўқилади

Ургутдаги интернатда ногиронлиги бўлган ва ёлғиз қарияларга эътибор кучайтирилди

3 декабрь — ногиронлиги бўлган шахслар халқаро куни муносабати билан вилоят ҳокимлиги томонидан белгиланган чора-тадбирларга мувофиқ, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Ургут «Мурувват» ва «Саховат» кексалар ва ногиронлар учун интернат уйида истиқомат қилаётган якка-ёлғизлар ва ногиронлар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Тадбир доирасида Ургут шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамда Ургут туман марказий шифохонасидан терапевт, невропатолог, хирург, стоматолог, гинеколог, узи врачлари жалб қилиниб, Ургут «Мурувват» уйида 442 нафар «Саховат» уйидан 126 нафар беморларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишди, деб хабар берди KUN.UZ’га вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати.

Умуман, ногиронлар халқаро куни муносабати билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармами томонидан қатор тадбирлар белгиланган бўлиб, ижтимоий муҳофаза муассасаларида чуқурлаштирилган тиббий текширувлар билан бирга вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, «Маҳалла» жамоат фонди ва «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлимлари ҳамда ҳомийлар кўмагида байрам дастурхонлари, концерт дастурлари ташкил этилди. Шунингдек, 200 нафар ногиронларнинг Самарқанднинг диққатга сазовор жойларига саёҳати уюштирилди.

Ўтказилган тиббий кўрик давомида 100 нафарга яқин якка-ёлғизлар ва кексалар вилоят офтольмология шифохонаси мутахассислари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, тегишли муолажа олишлари режалаштирилди. Шифокорлар томонидан берилган тавсияга кўра, уларнинг 60 нафарига «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси томонидан кўзойнаклар тарқатилди.

— Кексалик туфайли газета ва журналлар мутолаа қилишга қийналиб қолгандим, — дейди «Саховат» кексалар ва ногиронлар учун интернат уйида яшовчи Галина Мальновская. — Шу туфайли муассасамиз мутасаддиларига мурожаат қилгандим. Бугунги тадбир давомида мутахассисларнинг текширувлари асосида бепул кўзойнак беришди. Энди бемалол газета, журнал ва китоб мутолаа қиламан. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун барча ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман.

Мавзуга оид