Жаҳон | 08:10 / 06.12.2017
14176
2 дақиқада ўқилади

Саудия подшоҳи АҚШнинг ўз элчихонасини кўчиришига муносабат билдирди

Фото: РИА Новости

АҚШнинг ал-Қудс шаҳри мақомига нисбатан ҳар қандай қарори Фаластиндаги зиддият батамом ҳал этилмасдан қабул қилинар экан, тинчлик музокараларига зиён етказади. Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдул Азиз Ол Сауд АҚШ президенти Дональд Трамп билан ўтказган телефон орқали мулоқотида шундай баёнот берди. 

Оқ уй раҳбари АҚШнинг Тель-Авивдаги элчихонасини ал-Қудс шаҳрига кўчириш қарори ҳақида Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос ва Иордания подшоҳи Абдуллоҳ II билан ўтказган телефон мулоқотида маълум қилган. 

"Якуний ҳал қилинмасдан аввал АҚШнинг ал-Қудс мақомига доир ҳар қандай қарори тинчлик музокараларига зиён етказади ва минтақада кескинликни оширади", — деган Саудия подшоҳи мулоқотда. 

Унинг уқдиришича, "Саудия Арабистони Фаластин халқини қўллаб-қувватлаган ва қўллаб-қувватлашни ҳамда унинг тарихий ҳуқуқини ҳимоя қилишни давом эттиради".

Саудия подшоҳининг огоҳлантиришича, "бу хавфли қадам бўлиб, ал-Қудс шаҳри Ал Ақсо масжиди аҳамиятли ҳисобланувчи бутун дунё мусулмонларининг ҳиссиётларини жунбушга келтиради".

Оқ уй вакилининг 4 декабрь куни берган баёнотига кўра, АҚШ яқин кунларда ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олади. Фаластин томони, шунингдек, Яқин Шарқдаги қатор мамлакатлар бу араб-исроил можаросига олиб келиши ва минтақадаги вазият беқарорлашишини билдиришди. Туркия президенти Исроил билан дипломатик муносабатларни узиш билан таҳдид қилди.

Мавзуга оид