Сувнинг ҳаёт, саломатлик, гўзаллик ва озиш учун фойдаси
Инсон организмининг 2/3 қисми сувдан иборат. Катта ёшли инсон кунига 2 литрдан кам бўлмаган миқдорда сув ичиши керак. Бироқ ҳамма ҳам бунга амал қилавермайди. Бу эса ҳаёт, саломатлик, гўзаллик ва озиш учун муҳимдир! Бу ҳақида zdorovejka.ru'да тақдим этилган фойдали маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Сув инсон организмининг барча ҳужайралари учун озуқа ҳисобланади. Айнан сув ҳар бир органнинг катта қисмини эгаллайди. Масалан, қондаги сув миқдори - 90 фоиз бўлса, мия - 85 фоиз, мушаклар - 75 фоиз, жигар - 65 фоиз, суяклар - 28 фоиз, ёғ тўқималари эса 25 фоиз сувдан ташкил топган. Организмдаги барча кимёвий реакциялар сув иштирокида бўлади.
Чанқоқ ҳисси организмга ёрдам кераклигидан далолат беради. Шу боис инсон фақат организми талаб қилгандагина эмас, ҳар доим - сув ичгиси келса-келмаса, уни сув билан таъминлаб туриши керак.
Аксарият одамлар кундалик меъёрнинг бор-йўғи 1/3 қисмини истеъмол қилганликлари учун ҳам, кўп касалликлар ривожланади.
Сувнинг инсон организми учун фойдаси
Ўзимизни ёмон ҳис қилсак, одатда буни чарчоқ ёки стресслар, витаминлар етишмовчилиги ва бошқа сабаблар билан изоҳлаймиз. Ваҳоланки, организм шу тариқа оддий сувга эҳтиёж сезаётган бўлади, зеро организм сувсиз тўлақонли ишлай олмайди.
Жигар
Жигар организмни микроб ва вируслар, озуқавий бўёқлар ва консервантлар кўрсатувчи салбий таъсирдан ҳимоялайди. Жигарнинг вазифаси токсинларни сувда эрувчан ҳолатга келтириш ва уларни организмдан муваффақиятли чиқариб ташлашдан иборат. Жигар нормал сув баланси туфайли чиқиндиларни қайта ишлашга камроқ вақт сарфлайди ва бу ишни сифатли амалга оширади, демак, турли касалликлар ривожининг олдини олади.
Буйраклар
Буйраклар организмдаги барча суюқликларни фильтрлайди. Инсон етарли миқдорда сув ичса, буйраклар ортиқча суюқликни пешоб билан чиқариб юборади, у билан бирга эса барча зарарли моддалар ҳам организмдан ташқарига чиқарилади. Агар сув кам ичилса, у ҳолда буйраклар уни тежашига ва организмда ушлаб туришига тўғри келади. Бундай ҳолатларда камроқ пешоб ҳосил бўлади, бу эса буйраклар фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.
Қон
Қонга тушувчи барча зарарли моддалар лимфани "утилизация" қилади. Лимфа ўлик ҳужайралар ва бошқа чиқиндиларни тўплайди, уларни лимфа тўқималарига етказади, бу ерда эса улар фильтрланади, кейин эса қайта ишлаш учун жигар ва буйракларга йўлланади. Нормал сув баланси лимфага бундай масъулиятли ишнинг уддасидан чиқишга ёрдам беради.
Бўғинлар
Артрит кўпчиликка азоб беради, бироқ бу касалликнинг кўп ҳолатларда организмнинг сурункали сувсизланиши натижасида келиб чиқишини ҳамма ҳам билмайди. Организмга сурункали равишда сув етишмаса, бўғинлар жиддий зарар кўради ва бу артритга олиб келади.
Бадантарбия қилиш
Бадантарбия билан шуғулланаётган пайтда етарлича сув истеъмол қилмаслик яхши эмас. Зеро бунинг натижасида инсон тез чарчаб қолади, ҳаракатлар координацияси бузилади ва ҳатто мушаклар конвулсиялари юзага келиши мумкин. Нима учун бундай бўлади? Инсон фаол ҳаракатланган вақтида кўпроқ терлайди - ундаги қон миқдори камаяди. Агар суюқлик етишмовчилиги тўлдирилмаса, юрак фаолиятида бузилиш кузатилади. Шу боис организм сувсизланишининг олдини олиш учун жисмоний машқларга киришишдан аввал, шуғулланиш давомида ва ундан кейин сув ичиш керак бўлади.
Сувнинг тери ва гўзаллик учун фойдаси
Сувнинг етарлича истеъмол қилинмаслиги организмнинг сувсизланишига олиб келади. Сувсизланган организм органларни зарарли моддалардан тўлиқ тозалай олмайди, улар қонга келиб тушади ва бу сўзсиз терининг ҳолатида ўз аксини топади. Тери рангпар, дағал тус олиб, унда ҳуснбузарлар пайдо бўлади, сон ва думба соҳаларида эса целлюлит пайдо бўлиб, товон ва тирсаклар терисининг қуриши кузатилади.
Сувнинг озиш учун фойдаси
Юқорида қайд этилган барча хусусиятларидан ташқари, сув ортиқча вазндан халос бўлишга ёрдам беради ва ҳатто бу мақсад йўлидаги асосий омил ҳисобланади. Сувда ёғ ва холестерин, шу билан бирга, калориялар йўқ, сув иштаҳани камайтиради ва ёғ захираларини қайта ишлашда иштирок этади. Агар организмдаги сув миқдори етарли бўлмаса, у ҳолда буйраклар ўз вазифасини нормал бажара олмайди. Шунда жигар уларнинг вазифасини ўз зиммасига олади, унинг ёғ алмашинувида иштирок этиш хусусияти эса камаяди. Натижада ёғ организмда тўплана бошлаб, инсоннинг семиришга олиб келади. Шу боис инсон ортиқча вазн ташлашга ҳаракат қилса-ю, бунга етарли сув ичмаса, организм ёғни нормал қайта ишлай олмайди.
Шу билан бирга, тан олиш керакки, баъзан организмда сув йиғилиши натижасида вазн тўплаш ҳолатлари ҳам кузатилади. Масалан, танасида сув йиғилишига мойил бўлган инсон камроқ сув ичса, муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади, деб ҳисоблайди. Бироқ, аслида бунинг акси бўлади. Организмга сув етишмаса, у суюқликнинг ҳар бир томчисини ушлаб қолишга ҳаракат қилади ва уни захира сифатида билак ва оёқ товонларида заҳиралайди. Шунинг учун организмни мунтазам равишда етарлича сув билан таъминлаб туриш тавсия этилади.
Шуни ёдда тутиш лозимки, инсон қанча кўп туз истеъмол қилса, организм уни эритиш учун шунча кўп сувни ушлаб қолади.
Қанча сув ичиш керак?
Ҳар куни ўртача 2 литр сув организмдан буйраклар, ичак, ўпка ва тери орқали ташқарига чиқарилади. Тахминан 0,5 литр суюқлик нафас чиқарилиши натижасида йўқотилади. Агар мана шу чиқарилаётган сув ўрни тўлдирилмаса, организм сувсизланади.
Сувсизланиш белгилари: чарчоқ, бош ва мушаклардаги оғриқлар, оғиз ва кўз қуриши, иссиқ ҳавони кўтара олмаслик, пешоб рангининг тўқ тус олиши.
Хўш, инсон қанча сув ичиши керак? Семизликни даволаш билан шуғулланувчи мутахассисларнинг таъкидлашича, соғлом инсон кунига камида 8-10 стакан сув ичиши керак. Жисмоний машқлар билан шуғулланиш ёки иссиқ ҳароратда бундан-да кўп сув ичиш тавсия этилади. Ортиқча вазнга эга инсон эса ҳар ортиқча 10 килограмм учун қўшимча 1 стакандан сув ичиши керак бўлади. Шуни ёдда тутиш лозимки, кучли чанқоқ организмнинг сувсизланишидан далолат беради, шунинг учун фақатгина чанқоқни ҳис қилганда эмас, мунтазам равишда сув ичиш зарур.
Болалар қанча сув ичиши керак? Германиядаги Болалар озиқланишини ўрганувчи илмий-тадқиқот институти изланишлари натижасида маълум бўлишича, 1 ёшдан 4 ёшгача бўлган болалар кам суюқлик ичишар экан. Бола бу ёшда деярли 1 литр суюқлик ичиши керак, бу таом билан истеъмол қилинадиган суюқликдан ташқари. Бироқ болалар бундан кам сув ичишар экан. Болалар ичиши учун энг оптимал суюқлик - бу тоза ичимлик суви.
Сувнинг ўрнини ичимликлар билан тўлдириш мумкинми? Сувга аралаштирилган мевали ва сабзавотли шарбатлар организмнинг суюқликка бўлган талабини қондиради, бироқ уларда калориялар мавжуд. Сут ва шакарли ичимликларни ўзлаштириш учун эса организмга оддий сув керак бўлади. Чой, қаҳва ва алкоголь енгил пешоб ҳайдовчи таъсирга эга, шунинг учун улардан кейин суюқлик ўрнини тўлдириш учун организмга сув керак бўлади. Сувдек қадрли суюқлик ўрнини ҳеч нима боса олмайди!
Кўпроқ сув ичишни қандай ўрганиш мумкин? Бунинг учун қуйидагиларга одатланинг:
• Доим ўзингиз билан бирга сув олиб юринг;
• Ҳар бир таом истеъмолида бир стакандан сув ичишга одатланинг;
• Жисмоний машқлар билан шуғулланишдан олдин, уларнинг давомида ва кейин сув ичинг;
• Ишлар орасидаги танаффусларда чой ёки қаҳва эмас, сув ичинг;
• Сув таъмини яхшилаш учун уни фильтрланг ва лимон шарбатидан қўшинг.
Қандай ҳолатларда сув ичиш зарар?
Тунда сув ичиш зарардир. Тунда ухлаш олдидан эмас, эрталаб уйғонгандан кейин бир стакан сув ичиш зарур. Акс ҳолда, буйракларга ортиқча юк тушади, эрталаб эса юз, оёқ ва қўл бармоқларида шишлар пайдо бўлади.
Крандан сув ичиш. Крандан сув ичиш мумкин эмас. Сув таркибида хлор бўлган антибактериал кимёвий моддалар билан қайта ишланади, бу эса - захар. Шу билан бирга, сув эски қувурлар орқали оқиб, ўз сифатини йўқотади. Кран сувини албатта қайнатиш ёки фильтрлаш керак.
Очиқ сув ҳавзасидан сув ичиш мумкин эмас. Кўпчилик булоқ суви мазали ва фойдали ҳамда уни қўрқмасдан ичиш мумкин, деб ҳисоблайди. Шуни унутмаслик керакки, очиқ сув ҳавзаларида турли микроорганизмлар кўпаяди. Шунинг учун яхшиси, ундан воз кечган маъқул.
Мавзуга оид
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
08:48 / 08.11.2024
Сув таннархи ошиб кетаётган ҳудудлар маълум қилинди
21:48 / 28.10.2024