Жамият | 01:13 / 11.12.2017
31080
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда туялар карвони кўринишидаги сайёҳлик объекти пайдо бўлди

Фото: KUN.UZ

9 декабрда Тошкентнинг Чилонзор туманида сайёҳлик намойиши объекти – йўлга чиқаётган карвон ва рамзий қудуқ кўринишидаги инсталляция очилиши маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Ушбу инсталляция ғояси асосий қисми Ўзбекистон ҳудудидан ўтган Буюк Ипак йўлини акс эттиришдан иборат. 

Ушбу объект янги ишлаб чиқилаётган сайёҳлик йўналишларига киритилади. Маросимда иштирок этган хорижлик сайёҳларнинг фикрича, карвон ва қудуқ Ипак йўлига хосликни тўлиқ акс эттиради ва шубҳасиз, Ўзбекистонга келувчи хорижликлар орасида оммалашади.

Фото: KUN.UZ

Қайд этиб ўтиш жоизки, айни вақтда Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси Чилонзор тумани ҳокимияти билан биргаликда туманда кичик сайёҳлик кластерини яратиш бўйича ишларни бошлаб юборган. Жумладан, Ю.Гагарин кўчасини сайёҳлар шопинг қилиши, тамадди қилиши ва кўнгил ёзиши мумкин бўладиган махсус сайёҳлик кўчасига айлантириш режалаштирилган.

Бу лойиҳа доирасида бренд дўконлар, умумий овқатланиш жойлари (тематик ресторанлар, арт-кафелар, қаҳвахоналар), сувенир дўконлари, ҳунармандлар устахоналарини очиш режалаштирилган. 

Фото: KUN.UZ

Шундай ишлар қўмита томонидан Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманлари ҳокимиятлари билан биргаликда ҳам олиб борилмоқда.

Мавзуга оид