Фан-техника | 21:21 / 14.12.2017
15365
5 дақиқада ўқилади

2018 йилнинг технологик трендлари: узоқ яшаш ва касал бўлмаслик

Фото: Getty Images

2017 йилда биохакинг замонавий тренд сифатида биолог-талабалар тилидан барча пойтахтлардаги билимли ёшлар тилига ўтди. Биохакерлик урфга кирди: у билан шуғулланмайдиганлар ҳеч бўлмаганда уни муҳокама қилишади, дейилади Forbes'да.

Фитнес-билакузуклар ноодатий нарса эмас, кўпчилик улардан фойдаланмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда синаб кўрган. Бироқ 2018 йилдан, афтидан, уларни тақиш оммавий урфга кирса керак. Бунга бир неча сабаб бор.

Биринчидан, "фитнес учун гаджетлар" доирасидан чиқувчи илк қурилмалар пайдо бўлмоқда ва бизни ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлган нарсалардан бохабар қилмоқда: юрак саломатлиги, қондаги қанд ҳамда кислород миқдори ва бошқалар. Асосийси — ушбу маълумотлар тиббий сифат даражасига эга, хусусан, Apple Watch учун биринчи илова глобал тиббий бозор бошқарувчиси ҳисобланган FDA томонидан рўйхатдан ўтказилган.

Фото: Fitnessera

Бу соҳада якуний инқилобни диабетиклар учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга ва қолганлар учун ҳам жуда фойдали бўлган портатив ноинвазив глюкометрлар бажаради. Уларнинг пайдо бўлиши олиб юрилувчи health-билакузугини сайёранинг деярли барча аҳолиси учун фойдали қилади. 2018 йилда, ҳойнаҳой, шу билакузукларнинг кенг тарқалиши кузатилади.

Билакузукларнинг оммавий қўлланиши тиббиётнинг глобал моделиини алмаштиришда ҳал қилувчи омил бўлади. Бугунги кунда аҳоли асосан ўткир касаллик ҳолатларидагина шифокорга мурожаат қилади. Ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам соғлом ҳолатда шифокорга мурожаат қилинмайди. Бироқ ҳозир биз "саломатлик" деб ҳисобловчи омилимиз қайта кўриб чиқилмоқда. Кўп ҳалокатли ўзгаришлар анча олдиндан касаллик ривожига туртки беради ва бунга ўз вақтида эътибор қаратган инсонга яхши саломатлик кўринишидаги мукофот берилади. Маълум бўлишича, ипохондриклар ўзларининг "темир соғилиғи"га ишонган кишиларга нисбатан узоқроқ умр кўришар экан.

Келгуси йилда "касалликни эрта аниқлаш"дан ташқари, юз йилликнинг энг кутилаётган тиббий технологияси - геномни таҳрирлашнинг "парвози" кутилмоқда. 2017 йилда сифатли олдинга силжиш кузатилди: биринчидан, қатор усуллар генларни таҳрирлашда хатоларни деярли тўлиқ бартараф этиш имконини берди, иккинчидан, катта ёшли кишининг геномига тузатиш киритиш бўйича тажрибалар ўтказилди. 2017 йилда ўткир лимфобласт лейкозни ген коррекцияси асосида даволаш билан боғлиқ илк ген терапияси маъқулланди. Кейинги йилдан саратон турлари, диабет каби кенг тарқалган "оммавий" касалликларни ген терапияси ёрдамида даволаш усуллари секин-аста юзага келади.

Бироқ ген коррекцияси — бу фақат даволаш эмас, бу кенг маънода - инсон аҳволининг яхшиланиши. Биринчидан, касалланиш билан таҳдид қилувчи кўп "хавфли" генларни эмбрионал даражада тузатиш мумкин. Бундай тажрибалар анча оммавийлашмоқда, нафақат АҚШ ва Европада, балки Хитойда ҳам. Келгуси йилда мазкур технология тадқиқот лабораторияларидан ташқарига чиқиб, тиббий тажрибада қўлланила бошланиш эҳтимоли бор. Дастлаб — ота-онасида кучли генетик хавфлар аниқланган ҳолатларда. Кейин эса — фарзандларини ақллироқ, кучлироқ ва соғломроқ қилиш ниятида бўлган барча кишилар учун. Бу масалада тиббий технологиялар анча илдамлаб кетган, бироқ 2018 йилда бу мавзудаги музокараларнинг янада фаоллашиши кутилмоқда.

Жорий йилда биринчи марта бионик қурилмали инсонни "такомиллаштириш"га энг яқин технология намойиш этилди. Швед олимлари томонидан ихтиро қилинган сунъий линзалар нафақат узоқ ва яқинни кўриш билан боғлиқ белгиларни тўлиқ йўқ қилади, балки катарактани ҳам даволаб, инсонга zoom-имкониятларни беради, яъни кўриш қобилияти янада кучаяди. Технология келгуси йилдаёқ сотувга чиқиши мумкин, бошқа компанияларда эса шунга ўхшаш ишланмалар мавжуд.

Ҳукуматлар, корпорациялар ва олимлар шиддат билан ривожланаётган "инсон трансформацияси"ни орқага суришга ҳаракат қилишса-да, худди рақамли дунёдаги каби хакерлар (биохакерлар) унинг муқобилини таклиф қилишади. Биринчи марта 2017 йилда биохакер Жошуа Зайнер тажриба йўли билан ўз геномини "тузатди", бу эса АҚШ қонунчилигига зид ҳисобланар экан. Бундан ташқари, у ва унинг ҳамкасблари геномларни таҳрирловчи "уй шароитидаги лабораториялар"ни бозорга чиқаришди.

2018 йилда "инсон табиати"га тотал босим ўтказиш глобал тус олади. Хитой ва АҚШнинг янги технологик инқилобда илк технологик держава бўлиш ҳуқуқи учун кучли рақобати "инсонни тузатиш" технологиясини чеклашга имкон бермайди. Умуман олганда, бу техноген табиатли эпидемияларнинг авж олишини келтириб чиқариши мумкин ва Зико безгаги ҳолатида бу конспирологик версиялигича қолган бўлса, йил сайин бундай вазиятлар хавфи ошиб бораверади.

Мавзуга оид