Жаҳон | 13:49 / 16.12.2017
12445
3 дақиқада ўқилади

Лазер ва биологик қуролни қўллаш ҳарбий жиноятлар қаторига киритилди

БМТнинг Халқаро жиноят суди (ХЖС) Рим мақомига учта янги ҳарбий жиноят турини киритди. Бу ҳақда БМТ суд органининг бу асосий ҳужжатига ушбу қўшимчалар киритилиши ташаббусини билдирган Бельгия ташқи ишлар вазирлигининг 15 декабрда чоп этилган баёнотида айтилган.

“14 декабрда ХЖС иштирокчи давлатлари Ассамблеяси Рим мақомига яна учта ҳарбий жиноятни қўшди. Бельгия бу ўзгартиришларни киритишни 2009 йилдаёқ таклиф қилганди”, деб айтилган баёнотда.

Ҳарбий жиноятлар рўйхати “яраловчи унсурларини рентген нурланиш билан аниқлашнинг имкони бўлмаган қуроллар, биологик ёки токсин қуроллар, кўрликка олиб келувчи лазерларни қўллаш” каби жиноятлар билан тўлдирилди. Баёнотга илова қилинган ҳужжатда бу қуролларнинг қўлланилиши одамларнинг ёппасига (ҳам ҳарбийлар, ҳам фуқароларнинг) ўлиши ва азият чекишига олиб келиши айтилган.

“Шунга ўхшаш қуроллар қўлланадиган замонавий ихтилофлар, мисол учун, Сурияда кимёвий қурол қўлланиши, ҳозирда бундай хатти-ҳаракатларнинг ҳарбий жиноятлар деб тан олиниши жуда муҳимлигини кўрсатади”, деб айтилган баёнотда. Унда таъкидланишича, Рим мақомида бу бандларнинг пайдо бўлиши жабрланувчиларга ишончли ҳуқуқий кўмакни таъминлайди.   

Бугунги кунда жанговар лазерлар асосан ракета ва ҳаво ҳужумига қарши мудофаа мақсадида қўлланади. Бироқ пиёда қўшинларга қарши лазер қуроли лойиҳалари мавжуд. Мисол учун, футуристик кўринишдаги PHASR лазер милтиғи. У АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари лабораторияси томонидан яратилган ва синалган. Таъкидланишича, бу қурол вақтинчалик кўрликка олиб келади. Яна шу маълумки, АҚШнинг денгиз пиёда қўшинлари корпуси ўзига милтиқлар стволлари остига ўрнатилувчи лазерларни буюртирган. Бу қуролнинг асосий вазифаси қўриқланаётган объектга яқинлашмасликдан огоҳлантириш ҳисобланади. Агар қоидабузар огоҳлантиришга риоя қилмаса, унда лазер нури билан унинг кўзига зарба берилади.  

Халқаро жиноят суди бутун дунё ҳамжамияти номидан энг оғир жиноятлар: оммавий қирғин, тажовузлар, инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятларни содир этганларни судлайди. Суднинг низоми (Рим мақоми) 2002 йил 1 июлдан кучга кирган ва 2003 йилдан амал қила бошлаган. Суд таркибига 124 та давлат киради.

Мавзуга оид