Спорт | 12:15 / 16.12.2017
15154
2 дақиқада ўқилади

Жавоҳир Сиддиқов энг яхши футболчи бўлди

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Таиланднинг Бурирам шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мусобақада муносиб иштирок этиб, якунда бош совринни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

«Қўқон-1912» жамоаси футболчиси Жавоҳир Сиддиқов мусобақанинг «Энг яхши ўйинчиси» совринига муносиб деб топилди, дея хабар бермоқда ЎФФ расмий сайти.

«Бу Ўзбекистон терма жамоаси таркибидаги дастлабки шахсий совриним. Терма жамоадаги барча дўстларимга, мураббийларга катта раҳмат айтмоқчиман. Бу ҳали бошланиши. Катта ғалабалар ҳали олдинда», - дея гапириб ўтган Сиддиқов.

Шунингдек терма жамоа сардори Забиҳилло Ўринбоев финал учрашувининг энг яхши футболчиси деб топилган. Ҳужумчи финал учрашувида дубль қайд этган бўлса, ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида ҳам рақиб дарвозасини ишғол қилди.

Забиҳилло Ўринбоев учрашувдан сўнг финалнинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилди ва махсус совринни қабул қилиб олди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси мазкур халқаро мусобақада дастлаб гуруҳда Мьянмага қарши учрашувда 2:2 ҳисобида дуранг қайд этган бўлса,иккинчи учрашувда эса Вьетнам терма жамоаси 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратилганди. Гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритган терма жамоамиз аъзолари финалга йўл олишди.

Финалда Осиёнинг энг кучли терма жамоаси Японияга қарши баҳс олиб борган Равшан Ҳайдаров шогирдлари пенальтилар сериясидаги ғалаба эвазига бош совринни қўлга киритганди.

Мавзуга оид