Light | 16:22 / 21.12.2017
32717
5 дақиқада ўқилади

Кексалардан 4 ҳаётий сабоқ

Фото: Getty Images

Great Thanksgiving Listen лойиҳаси доирасида одамлар ўз тарихи ва шунчаки ҳаётий ҳикматлари билан бўлишишди. TED улардан энг сараларини тўплаб, ҳавола қилди.

1. Оғир дамларни ёмон об-ҳаводек қабул қилинг: улар ҳам ўтиб кетади

Агнета Вулье Нью-Йоркдаги француз муҳожирлари оиласида туғилган. У мактабни тугалламай, турмушга чиқди ва кечки таълим мактабида ўрта маълумотга эга бўлди, бу вақтга келиб аёл икки фарзандни тарбиялаётган эди. Кейинроқ у санъатни ўрганди. Ўқитувчилардан бири унинг тиришқоқлигидан шунчалик таъсирланганки, махсус стипендияга унинг номзодини илгари сурган.

"20 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўн йиллик нотинч кечади, бироқ ёдингизда бўлсин - барчаси албатта изига тушади, - дейди Агнета. - Бу даврда инсон жуда кўп нарсани хоҳлайди, кўп нарсага умид қилади, муваффақиятга эришиш истаги кучли бўлади ва буларнинг бари қандай тус олишидан ташвиш чекади. Ҳар қандай қийин вазиятда қолсангиз ҳам, ҳеч қачон тушкунликка тушманг. Улғайиш об-ҳаво каби. Ҳар сафар бўронга дуч келганингиздан кейин  ҳаво ўзгаради ва яна қуёш чиқади".

Фото: Getty Images

2. Одамлар билан мулоқотдан илҳом олинг

Билл Женц журналист бўлиб ишлаган, дунё бўйлаб кўп саёҳат қилган, ажойиб жасорат кўрсатган оддий одамлар ҳақида мақолалар ёзган. У Ҳиндистонда филнинг устидан йўлбарс яшириниб ётган майсазор устига йиқилишига оз қолган, Хорватиядаги Босния уруши вақтида эса снайпердан эмаклаб қочиб қутилган.

Журналистдан унга ҳаммадан кўп таъсир ўтказган бир инсоннинг номини айтиш сўралганда у Эдди исмли 10 ёшли болани айтган. Саратон туфайли боланинг оёғини ампутация қилишга тўғри келган.

"У ҳеч қачон енгилмаган, - дейди Билл. - Бир куни унинг уйига қўнғироқ қилдим, бироқ узоқ вақт унга ҳеч ким жавоб бермади. Ниҳоят жавоб келди. Мен "Эдди, мен энди гўшакни қўймоқчи эдим, қаерда эдинг?" дедим. У эса "Билл, мен бошқа хонада эдим. Ёнимда қўлтиқтаёқларим йўқ эди, шунинг учун телефонга эмаклаб келдим" деб жавоб берди. Мен бу суҳбат ҳақида кўп ўйлайман. Баъзан ишларимни ярим йўлда ташлаб қўяман, бироқ Эдди ҳақидаги ўй-фикрлар енгилмаслигимга ёрдам беради".

3. Ўз ишингизни молиявий таъминот ва одамлар сабаб яхши кўринг

80 ёшли Бенни Стюарт 7 ёшиданоқ ишлашни бошлаган. У қўшниларнинг топшириқларини бажарган, тўловни эса товуқ тухуми шаклида олган. Кейинроқ пахта терган, фаррошлик қилган, суғурта сотган, охир-оқибат ўзини ижтимоий соҳада топган, кейинчалик эса руҳоний бўлган.

Бундай хилма-хил ишларга уни нима ундагани ҳақидаги саволга Бенни шундай жавоб берган: "Мен одамлар билан суҳбатлашишни яхши кўраман. Менга яхши мулоқот қилиш қобилиятига эга эканим ҳақида кўп айтишарди. Мен кўп гапираман ва бошқалар нима демоқчи эканини тез илғай оламан. Мен доим кўрсатмаларга қулоқ тутиш ва уларни тез англай олишимдан фахрланганман. Ишим мени оиламни таъминлай олиш ва аввал эгалик қила олмаган нарсаларни қўлга киритиш имконини берди".

59 ёшли Эвелин Траузернинг тарихи ҳам шунга ўхшайди. У автомобиль заводларида ишлаган, дастлаб конвейерда, кейин эса пайвандловчи бўлиб. "Мен оилада барчага маслаҳат бераман - ўзингизни таъминлашни ўрганинг. Ҳеч кимга қарам бўлманг, - дейди Эвелин. - Мен ишга боришни доим яхши кўрганман. У қизиқ бўладими ёки йўқ, бу бирга ишлайдиган одамларга ҳам боғлиқ бўлади".

Фото: Fotolia

4. Сизни тўғри йўналтирувчи ва илҳом бахш этувчи устозларни топинг

73 ёшли Аллен Эберт шифокорлик тажрибаси ҳақида сўзлаётиб, "энг асосий омил муносиб устозга эга бўлишда" деб айтган. "Мактабда биздан кўпроқ нарса биладиган одамлардан ўқиб-ўрганамиз. Бутун умрингиз давомида шундай қилишда давом этинг. Доим нимадир ўрганишингиз мумкин бўлган одамлар билан мулоқот қилинг ёки уларнинг қандай ишлаётгани ва мақсадларига эришаётганини кузатинг, - дея маслаҳат беради Аллен. - Менимча, биз 95 фоиз яхши ва 5 фоиз ёмон қарорлар қабул қиламиз. Кейин эса, улғайган давримизнинг аксарият қисми ана шу 5 фоизнинг асоратлари билан курашишга кетади. Бироқ агар сизда тўғри йўналтира олувчи ва икки карра ўйлашга мажбур қилувчи одамларингиз бўлса, камроқ хатога йўл қўясиз".

Мавзуга оид