Жаҳон | 11:11 / 21.12.2017
47894
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистоннинг собиқ президенти 10 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинди – ОАВ

Фото: kabarlar.org

Бишкекнинг Октябрь туман суди Қирғизистоннинг собиқ президенти Курманбек Бакиев ва унинг укаси Жанибек Бакиевни 262 гектар қишлоқ хўжалиги ерларини коттеж посёлкалари қуриш учун майдонларга ноқонуний айлантиргани учун сиртдан 10 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилди. Ҳукмни судья Дамирбек Назаров эълон қилган.

2015 йилда Қирғизистон прокуратураси 2008 йилда 3 та қишлоқ округидаги ер майдонларини “қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлар” тоифасидан “аҳоли пунктлари учун мўлжалланган ерлар” тоифасига ноқонуний ўтказилгани бўйича бир қатор юқори лавозимдаги амалдорларга нисбатан “коррупция” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган.

Ушбу жиноятнинг ташкилотчиси мамлакат парламентининг собиқ депутати Карганбек Самаков деб аталганди. Собиқ президент ва унинг укаси Самаковга шерикчилик қилишда айбланишган. Собиқ бош вазир, ҳозирда парламент депутати Игорь Чудинов, собиқ бош вазир биринчи ўринбосари Искендер Айдаралиев, собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Арстанбек Ногоев ерларнинг бошқа тоифага ўтказилиши бўйича ҳукумат қарорини чиқаришда ўз хизмат мавқеларини суиистеъмол қилишда айбланганлар.

Ҳукмга кўра, Курманбек ва Жаниш Бакиевлар 10 йилга озодликдан маҳрум этилдилар. Бакиевлар уларга нисбатан аввал чиқарилган ҳукмлар бўйича умумий ҳисобда умрбод қамоқ жазоси олишган.

Самаков эса мол-мулки мусодара этилиши билан 10 йиллик қамоқ жазосига тортилди. Бироқ 2010 ва 2011 йиллардаги амнистициялар ҳисобга олинган ҳолда унинг жазо муддати 3 мартага қисқартирилади. Чудинов ва Айдаралиев 5 млн сом (72 минг доллар) миқдорида жаримага тортилдилар.

Айбланувчилар ўз айбларини тан олмаганлар. Самаков ушбу иш уюштирилгани ва гувоҳлар ва айбланувчиларга тергов томондан жиноий таъқибни тўхтатиш учун пул ундириш мақсадида босим ўтказилганини айтган. Шунингдек, бош прокуратуранинг тергов қўмитасининг собиқ бошлиғи Киличбек Арпачиев ушбу иш тергови вақтида 100 минг доллар пора олиш вақтида ушланган.

2010 йил Қирғизистонда давлат тўнтаруви юз бериб, Курманбек Бакиев тузуми тўнтарилган. Кейинроқ Бишкек гарнизони суди Курманбек Бакиевни ва мамлакат давлат қўриқлаш хизматига раҳбарлик қилган Жаниш Бакиевни 2010 йил апрелда Бишкекнинг марказий майдонидаги намойишчиларнинг оммавий ўлдирилишини ташкиллаштириш айби билан умрбод қамоқ жазосига маҳум қилган. Тартибсизликлар вақтида 77 киши ҳалок бўлган ва 300 дан кўпроқ киши жароҳат олган. Кейинроқ ака-укага президент маъмуриятининг собиқ бошлиғи Медет Садиркулов ва бошқаларнинг ўлдирилиши юзасидан яна бир нечта ҳукм чиқарилган.

Айни вақтда Курманбек Бакиев оиласи билан Минскда яшамоқда. Бакиев у ерда сиёсий бошпана, кейинроқ эса Беларусь фуқаролигини олган.

Бакиев Қирғизистонни 2005 йилдан 2010 йилгача бошқарган. 2010 йил апрелдаги давлат тўнтаруви вақтида мухолифат томондан ўз лавозимидан ағдарилгач, мамлакатни тарк этган. 

Мавзуга оид