Жамият | 08:21 / 25.12.2017
121347
5 дақиқада ўқилади

Ташвишинг, муаммонг, қандай кун кечиришинг – “копейка”...

Фото: KUN.UZ

KUN.UZ таҳририяти “Ўзбекнефтегаз” акциядорлик жамияти муассислигида ташкил этилган, кейинчалик ушбу миллий холдинг компаниянинг қарори билан “Шўртаннефтегаз” МЧЖ таркибига қўшиш бўйича розилик берилгани, аммо энг асосий муаммо, 300 дан ортиқ ишчи-ходимларнинг 9-10 ой бўйича иш ҳақи қарздорлиги ёпилмагани ҳақида бир неча маротаба бонг урди. 

Хусусан, таҳририят мухбири мазкур масалани ўрганиш мақсадида 24 октябрь куни Қарши шаҳрига хизмат сафари ҳам уюштирган ва ўрганишлари натижасида ўз мақоласини эълон қилган эди.

«Ўзбекнефтгаз» муассислигидаги фирма ишчилари 10 ойдан бери маош олмади

Таҳририят юқоридаги ҳаволада берилган мақолада “Chigil Neft Gaz” МЧЖ муассиси бўлган “Ўзбекнефтегаз” АЖ Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддасида қайд қилинган меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланиши ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслигига кўз юмгани, бундан ташқари Кодекснинг 154-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъиназар ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ, мазкур Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда амалга ошириши кераклиги ҳақидаги талабларни қўпол равишда бузган ҳолда иш ҳақларини тўлашни амалга оширмагани ҳақида жар солди. 

Аммо, лекин, бироқ...

Маошини ололмаётган 280 дан ортиқ ишчи оиласини боқиши учун ўғрилик қилсинми?

Афсуски, иккинчи мақоладан кейин ҳам муаммо ҳамон мавжуд ва у бартараф этилгани йўқ. Ишчилар “Шўртаннефтегаз” МЧЖга қабул қилинган, бироқ уларнинг аввалги иш берувчиларидан қолган бир неча ойлик ва миқдор ўлароқ бир неча миллионлик маошлари берилмагани маълум бўлди. Эндиликда, улар ўша маошларини кимдан талаб қилишларини ҳам билишмаяпти? Бизга маълум қилишларича, ишчилар эндиликда ололмаган маошларини кимдан олишларини аниқ билишмайди. 

Тугатилаётган МЧЖга боришса, сизлар “Шўртаннефтегаз”га ўтгансизлар, деб қайтаришмоқда, “Шўртаннефтегаз” МЧЖнинг Элбек ака исмли бош ҳисобчисига қўнғироқ қилганимизда, мухбирлигимизни билгач, гўшакни мажлисда эканлигини рўкач қилиб қўйди. Шундан сўнг, у киши билан боғланишнинг имкони бўлмади. Додини кимга айтишни билмаган оддий ишчилар, отангга бор, онангга бордан роса чарчашгани, икки ташкилот раҳбарияти жўяли тушунтиришлар бермагани сабабли яна  KUN.UZ таҳририятига қуйидагича мурожаат йўллади.

Унда ишчилар барқарор ойлик олмаётганлари туфайли ўзлари истиқомат қилаётган маҳаллаларда фаолият юритувчи дўконлардан 2 млн сўм ва ундан ортиқ миқдорда қарздор бўлиб қолганликлари, Мажбурий ижро бюроси эса, уларнинг маошларини олмаётганларини ҳисобга олмай, электр, газ ҳамда совуқ сув тармоқларидан узиб кетаётганликлари ҳақида аччиқ ҳақиқат ёзилган. 

Мурожаатда таъкидланишича, KUN.UZ таҳририяти 2 бор ушбу муаммо юзасидан жар солгач, атиги 2 ойлик маошлар тўлаб берилгани, айрим ҳолларда ишчилар маош ўрнига натура шаклидаги тўловларни қабул қилаётгани таъкидланади. 49 киши имзо чеккан мурожаатни ўқир экансан, беихтиёр ўйга толасан: Наҳотки, 300 атрофидаги киши, уларнинг оила аъзоларининг тақдири, нима еб, нима ичаётгани соҳа раҳбарларига заррачалик қизиқ бўлмаса?

Мен бир нарсани аниқ айта оламанки, уларга ҳақиқатдан ҳам бир неча ойлик маошини ололмаётганлар тақдири умуман қизиқ эмас, акс ҳолда, KUN.UZ эълон қилган мақолалардан кейин, номига бўлса ҳам, бир марта бўлса ҳам “Chigil Neft Gaz” МЧЖ муассиси бўлган “Ўзбекнефтегаз” АЖ раҳбарияти қандайдир муносабат билдирган бўлар эди. Йўқ, улар бунинг ўрнига қулоқларига пахта тиқиб, кўзларига парда тортиб олган ҳолда, бу муаммо жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинмагандек тутишмоқда ўзларини. Шуни айтишса керак-да, “қорни тўқнинг қорни оч билан дарди йўқ”, деб. Бу каби фикрларни узоқ давом эттириш мумкин... аммо биз тушунганга имо ҳам кифоя тамойилига риоя қиламиз.

P.S.: Нима учун айнан “Ўзбекнефтегаз”? Чунки, ушбу монопол холдинг компания “Chigil Neft Gaz” МЧЖнинг муассиси сифатида асосий айбдордир. Ташкилотнинг дебиторлик қарзи кўпайишига ҳам айнан холдинг компания раҳбариятининг оғзаки буйруқлари сабаб бўлган. Бу ҳақда биринчи мақолада батафсил фикр юритганмиз. Акционерлик жамияти Ўзбекистон республикасида амалда бўлган Меҳнат кодекси шартларини бажармаганини қайси ташкилот текширишини биз тушуна олмаяпмиз. Қонун устуворлигини прокуратура органлари таъминлаши керак эди, шекилли?!


Толиб Раҳматов

KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид