Жамият | 01:55 / 29.12.2017
25968
2 дақиқада ўқилади

Пойтахтда 493 та коррупцияга доир жиноят қайд этилди

Фото: Fotolia

2017 йилнинг 11 ой 20 кунида Тошкент шаҳрида порахўрлик, коррупция жиноятига доир 493 та ҳолат аниқланган. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев матбуот брифингида шу ҳақда маълум қилди. 

“Қалбаки пул тайёрлаш, ноқонуний валюта амалиётлари ҳам коррупция доирасига киради. 33 та қалбаки купюралар ясаш, 92 та ноқонуний валюта амалиётлари қайд этилган. Умумий вазиятга баҳо берилса, йил якуни бўйича жиноятчилик 12 фоизга пасайиши прогноз қилинмоқда. Шу билан бирга, 51 та жиноий гуруҳ қўлга олинди”, - деди Дониёр Тошхўжаев. 

У 2017 йил 5 сентябрь, яъни Ўзбекистонда расман валюта либерализацияси амалга оширилганидан аввал қора бозорда фаолият юритган ва қўлга олинган шахслар тақдирига ҳам ойдинлик киритди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ЎзР ЖКда 177-модда, валюта олди-берди ва айирбошлашни қонунга хилоф равишда амалга ошириш, деган меъёр мавжуд. Шунга биноан валютага оид қонунбузарликларнинг барчаси ушбу модда доирасида кўриб чиқилади ва тавсифланади. 

“1 декабрдан бошлаб миқдорлар ўзгаргани муносабати билан жиноий иш билан боғлиқ амалиёт бекор қилиниб, маъмурий жавобгарликка қайта тавсифланиши мумкин. Шундагина жавобгар маъмурий жарима тўлашига тўғри келади. Аммо, енгиллаштириш, афв қилиш бўйича ички ишлар идоралари томонидан тақдимнома киритиш каби ҳолатлар мавжуд эмас”, - дея масалага изоҳ берди Дониёр Тошхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, ХПКнинг 25 декабрда бўлиб ўтган сессиясида иштирок этган Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов иқтисодий сиёсатдаги хато туфайли тадбиркорлар ва фуқаролар валюта амалиётлари борасида қонунбузарликлар қилишга мажбур бўлганлари туфайли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уларга нисбатан қандайдир енгилликлар тақдим этаётгандир, деган мулоҳазани билдирган эди.

Мавзуга оид