Ўзбекистон | 20:55 / 08.01.2018
122070
3 дақиқада ўқилади

Ўқитувчиларни урган ҳоким ишдан олинди

Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев ишдан олинди. Бу ҳақда бир нечта мустақил ахборот манбалари Kun.uz'га хабар бермоқда.

Кейинги бир йилдан ошиқ вақт давомида Сайхунобод тумани ҳокими сифатида ишлаб келган Носиржон Эгамбердиев 8 январь куни ишдан бўшатилган.

Эндиликда унинг ўрнига шу вақтга қадар Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани ҳокими лавозимидан ишлаб келган Ботир Мирзақулов туманнинг янги раҳбари этиб тайинланди. Ҳозирча бу хабар расман эълон қилинмади.

Ўз навбатида Мирзаобод туманига Ҳамидулла Абдуллаев янги ҳоким бўлди. У бунгача Сирдарё вилояти прокуратурасининг қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчиликнинг ижро этилиши устидан назорат бўлими бошлиғи сифатида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, Носиржон Эгамбердиев август ойи охирида тумандаги мактаблар директорларини дўппослагани акс этган видео Kun.uz'да эълон қилинганди. Шундан сўнг, Сирдарё вилояти прокуратураси Эгамбердиевнинг ҳаракатларини ўрганиш бўйича суриштирув ишларини бошлаганди.

Видео: Ҳоким мактаб директорларини урди

28 декабрь куни Сайхунобод туман прокуратураси томонидан ўтказилган текшириш натижаси бўйича Носиржон Эгамбердиевнинг ҳаракатларида МЖтКнинг 41-моддасида назарда тутилган ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр қимматини қасддан камситиш ва 183-моддаси назарда тутилган майда безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш ҳуқуқбузарлиги аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли, унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилгани маълум қилинди.

Мактаб директорларини урган ҳоким суд қилинади

Шу билан биргаликда, Эгамбердиев ҳам туман прокурори номига ариза билан мурожаат этиб, унда 28 август куни туман ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда қўл остидаги ходимларни ҳақоратлаб, «қўл теккизганлиги» ҳолатини яширин равишда видео тасвирга олиб, оммавий ахборот воситаларига чиқариб юбориб, уни обрўсига путур етказган шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўрагани айтилди.

Шундан сўнг, «ҳокимнинг ҳаракатларини яширинча тасвирга олиб, тарқатган» Сайхунобод саноат касб-ҳунар коллежи директори Комилжон Раҳмоновга нисбатан МЖтКнинг 46-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун маъмурий ишлар бўйича Сайхунобод туман судига юборилганди.

Ҳоким ўзгаларни дўппослаётганини видеога олиш мумкинмасми? Қонунлар бунга нима дейди?

Мавзуга оид