Фан-техника | 20:10 / 09.01.2018
15330
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг катта телескоп учун ойнанинг биринчи қисми тайёрланди

Фото: ESO

Германиялик технологлар ва муҳандислар 2020 йил бошида E-ELT мега-телескопига ўрнатиладиган 39 метрлик ойнанинг илк 6 та сегментини тайёрлашди. Бу ҳақда Европанинг жанубий обсерваторияси матбуот хизмати маълум қилди.

2016 йил май ойида Чилининг Армасонес тоғида қурилиши бошланган E-ELT (European Extremely Large Telescope — Европанинг ўта йирик телескопи) телескопи 2020 йил ўрталарида тарихдаги энг катта оптик телескопга айланади. Унинг рекорд даражада катта ойнаси ўлчами 1,4 метрлик 798 та олтибурчакли сегментлардан ташкил топади.

Бу телескоп ҳозирги кунда ердаги ва коинотдаги обсерваториялар бажара олмайдиган масалаларни ҳал қилади – у экзосайёралар суратларини олади ва сайёрамизга ўхшаш сайёраларни қидиради, эрта коинот сирларини ўрганади ва олисдаги галактикалардаги юлдузлар суратларини олади. Бундан ташқари, олимлар галактикамиздаги қора туйнук чеккалари суратларини олишга ва унинг айланиш тезлигини ўлчашга ҳаракат қилмоқдалар.

Телескопнинг умумий нархи миллиард доллардан ошади. Бу маблағдан катта қисми оптик асбобларни яратишга ва обсерватория биносини қуришга сарфланади. Телескопнинг бош ойнасидан ташқари, барча ускуналарини ишлаб чиқиш ва йиғиш унинг қурилишигача бажариб бўлинган. 

Ойналарнинг илк сегментлари Майнцдаги фирмада тайёрланган. Ойнанинг қолган 900 та сегменти (798 та асосий ва 100 тадан кўпроқ қўшимча)  Германияда кейинги уч йил давомида тайёрланади. Завод ҳар куни биттадан ойна тайёрлайди. Улар сўнгра силлиқлаш ва зарур шакл бериш учун Safran Reosc мутахассисларига топширилади.

 

Мавзуга оид