Ўзбекистон | 16:30 / 18.01.2018
27753
2 дақиқада ўқилади

Ақтўбеда ёнган автобуснинг эгасида йўловчи ташиш учун лицензия бўлмаган

Фото: Қозоғистон ФВВ

Пайшанба куни эрталаб Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган фожиа оқибатида ёниб кетган ва 52 кишининг ўлимига сабаб бўлган автобуснинг эгаси йўловчи ташиш учун лицензияга эга бўлмаган. Бу ҳақида Қозоғистон инвестициялар ва мамлакатни ривожлантириш вазирлиги ахборот хизматига таяниб, РИА Новости хабар бермоқда.

Бугун эрталаб қўшни Қозоғистон Республикаси Ақтўбе вилоятининг Ирғиз туманидан ўтувчи Самара – Чимкент автомобиль йўлининг 1068-километрида ичида 57 киши, жумладан, 2 нафар ҳайдовчи бўлган автобус аланга исканжасида қолди. Қозоғистон ҳукумати вакилларининг маълумотларига кўра, ёнғин туфайли 52 киши ҳалок бўлган, беш киши — икки нафар ҳайдовчи ва уч йўловчи қутилиб қолган, улар ўртача оғирликдаги куйиш билан жароҳатланишган. Дастлабки маълумотларга кўра, йўловчилар ўзбекистонлик, ҳайдовчилар қозоғистонлик бўлишган.

«Автобус: Kassbohrer Setra Х335РСМ. Эгаси: Мехтиев Ордухан Сабирогли. Ишлаб чиқарилган йили: 1989 йил. Сиғими: 59 киши. Мунтазам қатновлар рўйхатида: мавжуд эмас. Мунтазам бўлмаган йўловчи ташиш учун лицензияси (ижара шартномаси бўйича ишлашга рухсат назарда тутилмоқда): йўқ», — дейилади идоранинг хабарида.

Идоранинг маълумотига кўра, автобус мажбурий техник кўрикдан 2015 йилнинг 17 августида ўтган ва унинг муддати 2016 йилнинг 17 февралида тугаган.

Мавзуга оид