Ўзбекистон | 23:00 / 21.01.2018
43338
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилоятида яна битта туман ҳокими ўзгарди

Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани ҳокими сифатида ишлаб келган Тожимурод Мамарайимов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинган маълумотга таяниб хабар берган.

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида Халқ депутатлари Қизириқ тумани Кенгашининг навбатдан ташқари 31-сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, Президент ижро аппарати бошлиғи, президент маслаҳатчиси Зайнилобиддин Низомиддинов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, шунингдек, Халқ депутатлари Қизириқ туман Кенгаши аъзолари иштирок этган.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 102-моддаси, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 2, 24-моддасига асосан вилоят ҳокимининг Қизириқ тумани ҳокими Тожимурод Мамарайимовни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарори муҳокама қилиниб, туман депутатлар Кенгаши томонидан маъқулланган.

Ушбу сессия йиғилишида Қизириқ тумани ҳокими лавозимига Алишер Норқобилов номзоди депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Мавзуга оид