Жамият | 11:34 / 27.01.2018
87921
9 дақиқада ўқилади

ТВдаги гаплар: Эр ўзга аёл, рафиқа собиқ севгилиси билан, отасини дўппослаган эса қаҳрамон...

Фото: iStock

Яқинда метрода бир воқеага дуч келдим: европаликларга хос калта ва очиқ кийиниб олган уч қиз вагондаги йўловчиларнинг эътиборини тортиб турарди. Қизларга тикилиб турган нуроний онахон шеригига деди:

— Қизларимизга нима бўляпти ўзи? Хорижий сериалдаги актрисага ўхшаб кийиниб олишибди-я?

— Мана, ёшларимиз бўлмағур нарсаларни қаердан ўрганишяпти...

Уларнинг ҳақли савол ва эътирозларидан қаттиқ таъсирландим. Бўлажак журналист бўлганим учунми, бу менга оғир ботди, ўйлантириб қўйди.

Телевидение орқали эфирга берилаётган фильм ва сериалларни ўзимча тафтиш қилиб кўрдим. Бир каналдаги хорижий клипда ҳозирги кунда урф бўлган икки “севишган”нинг қўл ушлашиб юргани, денгиз соҳилида калта-култа кийимда сайр қилгани, романтик оқшомдаги йигитнинг омма олдида ўз маҳбубасига севги изҳор қилаётгани тасвирланган. Мана тарғиботу, ана тарғибот. Бу каби беҳаё эпизодларни томоша қилган айрим ёшлар “Бунинг нимаси уят?”, дейиши мумкин. Бироқ бундай бепарда ва беандиша ҳаракатлар ёши катталар ёки болажонларга қандай таъсир қилади? Бемаза қўшиқлар ўзбек ёшларининг улардан нима камимиз бор, дея тақлид қилишларига сабаб бўлмаяптими? Ўзимизнинг эстрада хонандалари ҳам хорижлик ҳамкасбларидан “ибрат” олаётганига нима дейсиз?

Бошқа каналга ўтаман. Доимгидай ҳиндча фильм. Нима эмиш, икки йил ошиқ-маъшуқ бўлиб юрганлар бир кунда душманга айланармиш. Йигит собиқ севгилисидан қасд олиш учун жиноятга қўл уради, маҳбубаси эса қиз бола боши билан қўлига қурол олиб, уни отиб ташлайди. Болливуд режиссёрларига мавзу қолмаганидан телба-тескари фильмларни ишлашга мажбур. Мақсад – пул топиш. Уларни тушуниш мумкин. Лекин асл миллий фильмларимиз турганда, келиб-келиб ана шундай зарарли фильмларни телевидениемизда берилаётганига тушунолмадим. Мақсад нима, англолмадим.

Кейинги каналдаги “томоша” ҳаммасидан ошиб тушди. Кўпчиликнинг оғзига тушган турк сериалидаги воқеалардан ёқамни ушладим. Ушбу сериалда муқаддас динимизга зид бўлган иллатлар очиқчасига кўрсатилмоқда: турмуш қурган икки ёш, эр ўзга аёл, рафиқа эса собиқ севгилиси билан, ёш йигит бировнинг жуфти ҳалоли билан “севги изтироб­лари”ни бошдан ўтказмоқда. Булар хиёнат, хотинбозлик, даъюсликнинг бир кўриниши эмасми?!

Динимизда оила муқаддас ҳисобланади. Умр йўлдошининг рухсатисиз аёл кўчага бир қадам ташлашининг ўзи айб саналса, унинг бегона эркак билан “севишиб” юриши қанчалар оғир гуноҳлигини тасаввур қилиб кўринг-а! Телевидение ходимлари бундай фильмларни ҳеч тап тортмай эфирга узатиши тўғрими? Ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрмаган, ўн гулидан бир гули очилмаган ёшларга улар қандай таъсир этаркин? “Бир қиз унаштирилгач, бошқа биров билан қочиб кетибди”, “фалончининг фотиҳаси бузилибди”, “фалончи хотин устига хотин олибди” каби гаплар болалаб кетаётганлигини, бундай иллатларнинг илдизи қаерга бориб тақалишининг сабабини англагандай бўлдим.

Маълумотларга кўра, ҳозир мамлакатимизда 8 миллион 560 мингдан ортиқ оила бўлиб, ҳар йили 250-300 минг янги оила барпо бўлмоқда. Афсуски, қирқ фоизга яқин ёш оиланинг тақдири ажралиш билан якун топяпти. Ўйлаб қоламан, бунга телевидениеда намойиш этилаётган юқоридаги каби чет эл сериаллари, улардаги ғайритабиий қарашлар ҳам қайсидир маънода ҳисса қўшмаяптимикин?!

“Севги изтироби” сериалидаги эпизод дард устига чипқон бўлди. Бош қаҳрамонлардан бири ўз отасини дўппослай кетди... Э, воҳ! Инсоният шу даражага етиб келдими, сезмай ҳам қолибмиз. Бу нима деган гап, ахир?! Очиғи, бу ҳолни қандай таърифлашни билмайман. Халқимизда “Ота рози – Худо рози” деган нақл бор. Қолаверса, ҳадиси шарифларда ҳам отага қўл кўтариш оғир гуноҳлиги эсга солинган.

Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” китобида Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Қайси бир мусулмон фарзанд савоб умиди билан эрталаб ота-­онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар улардан бирини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. “Ота-онадан қайси бирини хафа қилгудай бўлса, уни рози қилмагунча, Аллоҳ ундан рози бўлмайди”, деди. Шунда бир киши “Агар ота-оналар болага зулм кўрсатган бўлса-чи?” деб сўради. “Агар улар боласига зулм кўрсатган бўлса ҳам, фарзанд уларни ранжитмаслиги керак”, деди Ибн Аббос”.

Навбатдагиси ҳам бошқаларидан асло қолишмайди. Англашимча, бу Америка фильми. Воқеани қаранг: психолог қабулида навбат кутаётган йигит ва қиз танишиб қолади. Суҳбатда аён бўладики, иккаласи ҳам муҳаббатини қўлдан бой берган. Булар бир-бирига “далда” бўлиш мақсадида тез-тез учрашиб туришга ваъдалашади. Буни қарангки, бор-йўғи бир ҳафта ичида улар эскирган туйғуларини унутиб, бир-бирига ошиқ-маъшуқ бўлишади. Йигит ўз маҳбубасини уйдагилари билан таништиради, қиз ҳам йигитдан қолишмай деб, янги севгилисини ота-онасига кўз-кўз қилади. Йигит кетгач, онанинг қизига айтган гапига эътибор беринг: “Зўрини илинтирибсан-ку. Ёш бўлганимда эди, ўзим билардим нима қилишни”... Одамзотга нима бўляпти? Бундай бедодликлар бизга, неча минг йиллик урф-одатларимизу менталитетимизга зид эмасми? Энг ёмони, бу каби “томоша”лар қайта-қайта, эфирга узатилаверса, ўзимиз билмаган ҳолда ана шу иллатларнинг асири бўлиб қолмаймизми? Ким билсин, орамизда шуларга тақлид қилаётган, танбеҳ берсанг, ўзингни айбдорга чиқараётган нодонлар қанча?! Тан олишимиз керак, ҳар бир давлат ўз менталитети ва дунёқарашидан келиб чиқиб фильм суратга олади. Шу маънода, биз чет эл киноижодкорларини айблашимиз нотўғри. Уларнинг дунёқараши-ю табиати бир бўлган одамлар кўришади. Биз чет эл одатлари ва қарашлари миллатимизга мос эмаслигини биламиз. Шундай бўлса-да, ўша фильмларни кўрсат. Ўзимиз онгнинг бузилишига “ҳиссамизни” қўшамиз-да, сўнг ёмон бўлиб қолган одамлар ёки иллатлар ҳақида бонг урамиз. Уларнинг олдини олиш чораларини излаймиз-у, лекин яна ғарбона фильмлар намойиши давом этаверади. Ўзлигимиздан айирадиган фильмлар берилаверар экан, бу иллатлар бизни ҳеч қачон тарк этмайди.

Ҳозир қаерга қараманг, Ғарбнинг ҳиди келади. Мақола аввалидаги фикрлар ҳам миллионлаб мисоллардан бири, холос.

Бундай руҳдаги фильмлар телевидениеда берилмаган тақдирда ҳам, одамлар хоҳлаган киносини истаган вақтда интернетда кўриши мумкин-ку, буни чеклаб бўлмайди, деб ўйлашингиз мумкин. Тўғри, интернетнинг имкониятлари кенг: киши турли сайтларда истаган фильмни томоша қилолади. Лекин телевизор кўрувчиларнинг сони интернет фойдаланувчиларига қараганда бир неча баробар кўп.

Яна бир эътиборли жиҳати шуки, телевидениеда берилаётган чет эл фильмлари таржима асосида, ҳатто баъзи қаҳрамонларнинг исми ўзбекчалаштирилган ҳолда берилади. Инсонга ўз тилидаги фильм бошқа тиллардагига нисбатан кучлироқ таъсир қилиши аниқ. Сабаби, унда ўзбекона иборалар ва мақоллардан фойдаланилади. Бу эса қалбга тез етиб боради. Интернетда кўрилаётган фильмлар эса, чет тилларда. Томошабин интернет орқали фильм кўрар экан, ундаги қаҳрамонлар ҳаёти, урф-одатлари телевидениедан фарқли ўлароқ бошқача таъсир қилади. Яъни, қандайдир чегара борлиги, нотаниш одатлар бизга ёт эканлигини қалбан ҳис қилади. Яна бир гап: чет эл фильмларини телевизорда томоша қилганчалик интернетда кўришга ҳамманинг ҳам қурби, вақти етмаслиги мумкин. Буни ҳам тан олиш лозим.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов “Оилада фарзанд тарбияси” китобида ахлоқсиз фильм ва томошалар зарари ҳақида шундай ёзади: “Инсоннинг маънан ожиз ва қалбан ғофил бўлиб қолишига энг катта сабаблардан бири ахлоқсиз фильм ёки томошалардир. Бу каби нарсалар фарзанднинг беғубор қалбини тамоман заҳарлаб қўяди. Илму маърифат сингиши лозим бўлган покиза қалбни ёввойи ҳисслар эгаллайди. Афсус, бу каби ахлоқсизликка етакловчи ишлардан кимлардир бугун тирикчилик манбаи сифатида фойдаланмоқда”.

Хулоса шуки, бу каби фильмларга қарам бўлмайлик. Халқимиз маънавиятини сусайтиришга эмас, балки оширишга ҳисса қўшайлик.

Иродабону АВВАЛБОЕВА,

ЎзДЖТУ талабаси

Мавзуга оид