Ўзбекистон | 16:52 / 03.02.2018
38000
4 дақиқада ўқилади

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси ҳақида маълумот берилди

Фото: KUN.UZ

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш Концепцияси – мамлакатда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий тамойил ва устувор йўналишлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирги мураккаб глобаллашув даврида, ахборот-коммуникация технологиялари шиддат билан ривожланиб бораётган бир шароитда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш билан боғлиқ долзарб вазифалар ва уларни ҳал этиш йўллари, давлат ва нодавлат ташкилотлар, оила, маҳалла, таълим-тарбия институтларининг бу борадаги роли ва аҳамиятини, ўзаро ҳамкорлигини миллий ва халқаро ҳуқуқий нормаларни ҳисобга олган ҳолда белгилаб беради. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Мазкур Концепцияда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласига жисмонан ва маънан соғлом авлодни тарбиялашга оид яхлит таълим-тарбия тизимининг узвий ва ажралмас бир қисми сифатида қаралиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси талаблари асосида миллий ва жаҳондаги илғор тажрибалар, бугунги Ўзбекистон ҳаётидаги реал ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. 
 
Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари асосан тўрт  босқичда амалга оширилади:

Биринчи босқич (3-7 ёшдагилар) атрофдаги олам, Ватан ҳақида дастлабки тасаввурлар  пайдо бўладиган босқич ҳисобланиб, унда оила ва мактабгача таълим муассасаларида болаларга турли шеърлар, куй ва қўшиқлар ўргатиш, мультфильм ва турли ўйинлар намойиш этиш, расмлар чизиш орқали дунёни англаш, давлат рамзлари (байроқ, герб, мадҳия) билан танишиш асосида уларда она юртга муҳаббатни шакллантиришни ўз ичига олади.

Иккинчи босқичда (7-16 ёшдаги болалар) ўқувчиларнинг Ватанга муҳаббати ва садоқатини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматга ва она юрт олдидаги фарзандлик бурчини юксак масъулият билан бажаришга бўлган ҳавасини ошириш, уларда Қуролли Кучларимизга бўлган ижобий фикрларни янада кучайтириш, ёшларнинг жисмонан соғлом, кучли ва иродали маънавий етук, кенг дунёқарашли, мустақил фикр юритадиган баркамол инсон сифатида шакллантириш каби эзгу ишларга даъват этилади. 

Учинчи  босқич (16-18 ёшдаги ўсмирлар) ёшларда Ватанга ва унинг ҳимояси учун муносиб хизмат қилишга руҳан ва жисмонан тайёрликни таъминлашга йўналтирилади. 

Тўртинчи босқич (18-30 ёшдагилар) ёшларнинг жисмоний ва маънавий қобилияти, етакчилик кўникмалари ва интеллектуал салоҳияти, умумий ва профессионал малакасини ошириш, уларни ўз устида мунтазам ишлаш, соғлом ҳаёт кечиришга ундаш ва шунга эришишни назарда тутади. 

Мазкур Концепция ёшлар ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг самарадорлигини ошириш, уларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар, фуқаролик позицияси, Ватанни севиш ва уни кўз қорачиғидек асрашга қаратилган билим ва кўникмаларни ошириш учун услубий асос бўлиб хизмат қилади. 

Концепциянинг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ватанпарварлик туйғусини юксалтириш, Ватанга фидойилик ва содиқлик билан хизмат қилишга бўлган масъулиятини ошириш, миллий армия сафларини замонавий билим ва профессионал малакага, мустаҳкам ирода, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ёшлар билан тўлдириб бориш имконини беради.

Мавзуга оид