ЖАРда икки кун ер остида қолиб кетган 955 кончи қутқарилди
Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)да 955 нафар кончини қутқариш билан боғлиқ операция муваффақиятли якунланди. BBC шу ҳақида хабар берди.
Кончилар деярли икки кун ер остида қолиб кетишган: чоршанба куни кечқурун бўрон натижасида электр етказиб берувчи линиялардан биридаги носозлик "Беатрикс" олтин конида электр энергияси ўчишига олиб келган. Бу вақтда электр таъминотчилари лифтларга электр етказиб беришни тиклашга ҳаракат қилишган.
Лифтлардан бирини жума куни туширишга муваффақ бўлинди, шундан сўнг кончиларни қутқаришга муваффақ бўлинган.
Sibanye-Stillwater компанияси вакилининг сўзларига кўра, кончиларга ҳеч қандай зиён етмаган.
"Ҳамма соғ-омон, баъзилар кичик жароҳатлар олишган ва сувсизликдан азият чекишган", - дейди Sibanye-Stillwater вакили.
Куни кеча тунда конга бир неча тез ёрдам машинаси келди. Қутқариб олинган кончилар жойида озиқ-овқат билан таъминланди, сўнгра тиббий текширувдан ўтказиш учун шифохоналарга етказилди.
ЖАР дунёдаги энг йирик олтин экспорт қилувчиси ҳисобланади. Бироқ мамлакатнинг олтин қазиб олувчи соҳасида ишлар у қадар кўнгилдагидек эмас. Фақат 2017 йилнинг ўзидаёқ ЖАР тоғ-кон саноатида 80 кончи ҳалок бўлди.
"Беатрикс" кони Йоханнесбургдан тахминан 290 километр масофада, Велком шаҳрида жойлашган. У Sibanye-Stillwater трнасмиллий тоғ-кон компаниясига тегишли.
Мавзуга оид
09:22 / 16.12.2024
ЖАР ХЖС ордери туфайли Путинни G20 саммитига таклиф қилмайди
23:10 / 07.12.2024
ЖАРда авария юз берган ташландиқ шахтадан 153 киши олиб чиқилди. Уларнинг аксарияти ноқонуний мигрантлар
11:30 / 19.10.2024
ЖАР Исроилга қарши геноцид бўйича ишни охиригача етказишга қарор қилди
14:40 / 05.08.2024