Жамият | 23:00 / 06.02.2018
133937
2 дақиқада ўқилади

Ҳоким 8-синф ўқувчисига «Спарк» автомашинасини совға қилди

Фото: Навоий вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов 8-синф ўқувчиси Иброҳим Ғаффоровнинг Навоий бисотидан ўқиган шеърлари учун Spark русумли автомашинани совға қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати маълумотига асосан хабар беради.

Вилоят ҳокими совғани 6 февраль куни Навоий вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Навоий давлат педагогика институти, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамкорлигида ташкил этилган «Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги II анъанавий халқаро илмий-амалий конференцияси иштирокчиларини тақдирлаш маросимида топширган.

Халқаро анжуманда Туркия, Россия, Эрон, Афғонистон, Тожикистон, Қозоғистон, Озарбойжон ва Мўғулистон давлатларининг олимлари ҳамда ўзбек Академиклари Бахтиёр Назаров, Тўра Мирзаев, Наим Каримовлар ҳамда бир гуруҳ адабиётшунос олимлар қатнашди.

Маълум қилинишича, халқаро анжуман доирасида ғазалхонлик танлови ташкил этилди. Ушбу танловда 100 дан ортиқ вилоят ёшлари қатнашди. Кармана туманидаги 4-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят Сардорлар Кенгаши сардори Иброҳим Ғаффоров 1-ўринни кўлга киритиб Навоий вилоят ҳокими Кобул Турсунов томонидан «Спарк» автомашинаси билан тақдирланди.

Мавзуга оид