Фан-техника | 14:00 / 18.02.2018
18128
2 дақиқада ўқилади

Москва кўчалари бўйлаб ҳайдовчисиз "Яндекс" автомобили ҳаракатланмоқда

"Яндекс"да компаниянинг ҳайдовчисиз автомобиль прототипи Москва кўчалари бўйлаб ҳаракатланаётгани намойиш этилган видео тақдим этилди. Ролик YouTube'нинг "Яндекс.Такси" каналига жойланди.

"Яндекс" ўтган йилнинг ноябрида автопилот синовларига старт берган. Ўшанда машиналар ёпиқ ҳудудлар бўйлаб ҳаракатланган, энди эса улар барча бирдек фойдаланувчи умумий кўчаларда синалган. Бу автомобиль тураргоҳлардаги машиналарни четлаб ўтиб, йўловчиларни ўтказиб юбориб, соатига 20-30 километр тезликда ҳаракатланган.

Компания электроникани ноқулай шарт-шароитларда тўғри йўналиш олишга ўргатмоқда, яъни улар ҳозирда қор билан қопланган кўчалар ва белгилар бўйлаб ҳаракатланмоқда. Бундан ташқари, "Яндекс" яхмалак шароитларида ҳаракатланишнинг махсус алгоритмларини ишлаб чиқмоқчи.

"Яндекс" автопилотли илк прототипини 2017 йилнинг баҳорида намойиш қилганди. Компаниянинг синовдаги  автомобиллари Toyota Prius гибриди базасида қурилган, шунингдек Velodyne ва Nvidia фирмалари қурилмалари билан жиҳозланган. Россия компанияси дастурий таъминотни мустақил тайёрламоқда. 

Мавзуга оид