Фан-техника | 23:53 / 27.02.2018
33628
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг катта самолёт синови бўлиб ўтди

24-25 февраль кунлари ракета-ташувчиларни учиришга мўлжалланган, энг катта қанотлар қулочига эга самолёт Stratolaunch учиш-қўниш полосаси бўйлаб бир неча марта юргазиб кўрилди. Бу ҳақда Stratolaunch Systems жамоаси асосчиси, Microsoft асосчиларидан бири Пол Аллен маълум қилди. 

Самолёт полоса бўйлаб бир неча марта юргазиб кўрилди. Бу прототипнинг двигатели ва бошқа тизимлари ишлашини текшириб кўриш учун амалга оширилган. Одатда бундай синовлар самолётнинг ерда ўтказиладиган синовларининг якунловчи қисми ҳисобланади. Шундан кейин самолётни ҳавога кўтаришга тайёрланади. Stratolaunch самолёти ракеталарнинг ҳаводан учирилишига мўлжалланган. Тахмин қилинишича, самолёт ракета билан парвоз қилади ва максимал баландликда ракета старт олади. Бу ракеталарнинг юк кўтарувчанлигини оширишда ёрдам беради.

Фото: Stratolaunch Systems

Бу синовлар самолёт учун биринчиси эмас. Бундан аввал самолёт охиригича йиғилмаган ҳолда синалган ва шундан кейин ҳозирги кўринишигача йиғилган. Ҳозирда самолёт аниқ қачон парвоз қилиши номаълум, бироқ режаларга кўра 2019 йилда самолётдан Pegasus ракетаси старт олади.

Айтиш жоизки, ушбу самолётни дунёдаги энг катта самолёт дейиш унча ҳам тўғри эмас, бироқ у 117,3 метрни ташкил қилувчи энг катта қанотлар қулочига эга. 

Stratolaunch икки фюзеляжли схема бўйича яратилган. Иккала фюзеляжининг узунлиги 72,5 метрни ташкил қилади. Самолёт 226,8 тонна оғирликка эга. Унинг максимал учиш оғирлиги 589,7 тоннани ташкил қилади. Самолёт парвоз қилиши учун узунлиги 3,7 километрлик полоса зарур. 

Мавзуга оид