Спорт | 16:00 / 28.02.2018
50428
9 дақиқада ўқилади

Жамоалар жамоаси

Фото: Бокс федерацияси

Россия киноижодкорлари томонидан суратга олинган «17 рақамли афсона» («Легенда № 17») фильмида битта эпизод бор. Собиқ Иттифоқ ҳоккей терма жамоаси ҳоккейчилари ўртасида ички муҳитда муаммолар пайдо бўла бошлайди. Ашаддий рақиблар «Спартак» ва ЦСКА клуби аъзолари терма жамоада ҳам келиша олмай, урушиб кетаверишади.

Шунда ўша вақтлардаги жамоа бош мураббийи Анатолий Тарасов жамоанинг барча аъзоларини муз устига олиб чиқиб, майдон марказидаги айлана бўйлаб катта тезликда айланишни сўрайди. Катта тезликда ҳаракатланаётган ҳоккейчиларга қарата, ўртада «Спартак» аъзолари тўхтанг, ЦСКА, тўхтанг деб жамоалар номини алмаштириб бирин-кетин буйруқ бера бошлайди. Жуда катта тезликда йиғилиб ҳаракат қилаётганларнинг қайсидир қисми тўхтагач, қолганлар уларга урилиб йиқилиб тушаверади, тушаверади. Фильм бош қаҳрамони Валерий Харламов эса (у афсонавий ҳоккейчи, Собиқ Иттифоқ терма жамоаси юлдузи бўлган) ҳаммага қараб қичқиради: «Тўхтамаймиз, тўхтамаймиз!». Бош мураббий ундан сўрайди: «Нега тўхтамайсизлар, мен буйруқ беряпман». Шунда Харламов жавоб беради: «Биз бу ерда ЦСКА ёки «Спартак» эмасмиз. Бу ерда битта жамоа — терма жамоа бор».

Тарасов ҳам айнан шуни шогирдларига тушунтирмоқчи бўлганди. У шу ерда машғулотларни тўхтатади.

Кеча «Uzbek Tigers» жуда муҳим ғалабани қўлга киритди. Менимча бу жамоанинг кейинги 3 мавсумдаги энг муҳим ғалабаси эди. Тўғри, жамоа плей-офф босқичларида қатнашган, чорак финал, яримфиналларда иштирок этган. Лекин мен учун жамоанинг кечаги ғалабаси энг муҳими эди.

Сўнгги вақтларда бу жамоа атрофида гап-сўзлар кўпайиб кетди. Матбуотда, жумладан «Kun.uz» сайтида ҳам жамоа фаолиятини тугатиши мумкинлиги ҳақида хабар берилди. Яхшиямки, кейинчалик олимпия қўмитаси бу хабарларни инкор қилиб чиқди. Шундай бўлсада, бундай хабар тарқалишининг ўзи, у қанчалик рост ёки ёлғон бўлишидан қатъи назар, шу жамоада меҳнат қилаётган, шу жамоада рингга чиқаётган ҳар бир аъзо учун руҳан таъсир ўтказгани бор гап. Қилаётган меҳнатингиз, ҳаракатларингиз, барчаси бекор бўлиши мумкинлиги ҳақида бир дақиқа бўлсада ўйлаб кўринг, истайсизми, йўқми бир зум бўлсада издан чиқасиз. Сескантириб юборади. Ўша хабар чиққанда ўзимни боксчилар, мураббийларнинг ўрнига қўйиб кўрдим. Ишонинг, мен каби ҳиссиётли одам учун бу даҳшатнинг ўзгинаси эди.

Кеча Санжар Турсунов ҳали шу пайтгача ҳеч қачон мағлуб этмагани Эрисланди Савонни мағлубиятга учратди. Кеча Шаҳобиддин Зоиров олимпиададан кейин вазнининг ошиб кетиши билан боғлиқ муаммолар туфайли деярли бир ярим йилдан кейин энг муҳим жангига чиқиб, ажойиб қайтишни амалга оширди. Кеча Ҳасанбой Дўсматов жаҳон чемпионатидаги мағлубият аслида тасодиф эканини исботлади. Исроил бу вазнда ҳали айтадиган гапи кўп эканини намойиш этди.

Буларнинг барчасига улар тинимсиз меҳнат, тинимсиз машғулотлар билан эришди, деб ўйлайсизми? Йўқ. Тинимсиз машғулотлар, меҳнатлар ҳаракатлар ҳар доим ҳам асқатган. Лекин кечаги ғалабани мен жамоа бўлиб ютиш, деган бўлардим.

Фото: Kun.uz

Кечагилар индивидуал спортчилар эмасди, кеча ҳар сафар рингга бутун бошли жамоа чиқди. Ҳар бир зарбани биргалашиб беришди. Ринг ёнида ўтирган Баҳодир Жалоловни кузатдим. Акалари сафига энди-энди қўшилиб келаётган Шунқорни, Худойназарни кузатдим. Улар шу куни қалбан Ҳасанбой билан бирга рингга кўтарилишди, у билан бирга жанг қилишди. Эндигина жангини тугатган Ҳасанбой дарҳол рингга қайтиб Иқбол, Исроил ва Санжарга қўшилиб яна жанг қилди. Яна ўша ўз жангидаги эмоцияларини бошидан кечирди. Санжарнинг ҳар бир зарбасига Баҳодир Жалоловнинг, Тўлқин Қиличевнинг, Раҳматжон Рўзиохуновнинг муштлари қўшилганди. Жангларни «Спорт» телеканали шарҳловчилари билан ёнма-ён кузатиб ўтирдим. Ҳар бир раунд тугагач, худди ўзи рингдан тушиб келгандек, «Бу раундда нима бўлди?» деб ҳар бир боксчининг ҳар бир раундидан кейин биздан сўраб турган Баҳодирни бу жамоа учун қанчалик қайғураётганини кўрдим.

Боксчиларимизнинг меҳнатларини, ҳаракатларини қайд этмасликнинг иложи йўқ. Бунинг учун уларга раҳмат айтамиз. Аммо кечаги жангларда фақатгина машғулотлар билан ғалаба қозониб бўлмасди. Кучли рақибга қарши ғалабалар фақатгина тинимсиз машғулотлар ҳам иш бермай қолиши мумкин, ана шундай пайтда атрофингда йиғилган яқинларинг кўмагини ҳар қачонгидан кўпроқ ҳис қиласан.

Жанглардан бир кун олдин Шаҳобиддин Зоировдан «Эртага узоқ вақтдан буён катта жангларга қайтишни икки карра олимпия чемпионига қарши бошлайсиз», деган маънода савол сўраганимда у шундай жавоб берганди: «Уч карра олимпиада чемпиони бўлса ҳам фарқи йўқ. Мен ундан қўрқмайман, буни жангда исботлайман». Кеча Зоиров буни исботлади. У боксчи учун узоқ танаффусдан сўнг тарихда қолган ғалабалари тасодиф бўлмаганини исботлаши керак эди. У қайтди, исботлади. Исботлай олди. «Санжар Савонни ютмаган, эртага худо хоҳласа, албатта ютади», деб ишонч билан гапирганди Тўлқин Қиличев. Санжар мураббийининг айтган гапларини юзага чиқара олди. Санжарнинг ғалабасига, Шаҳобнинг қайтишига уларнинг ўзи ҳам мураббий ҳам, бошқа жамоа аъзолари ҳам ишонганди. Улар биргаликда ғалаба қозонишди, биргаликда қайта олишди.

Фото: Kun.uz

Биласизми, «Натижага эришишимиз учун биргаликда ишлашимиз керак», «Бир ёқадан бош чиқаришимиз керак», «24 соат ишлашимиз керак» каби баландпарвоз гапларни истаганча айтиш мумкин. Лекин қуруқ гап билан натижага эришиб бўлмайди. Ҳақиқий бирдамлик, ҳақиқий бир ёқадан бош чиқариш сўзда эмас, амалда, мана шундай баҳсларда бўлади. Буни сўз билан, қандайдир йиғилишлар ўтказиб, ўргатиб бўлмайди. Бунақа ҳиссиёт ўз-ўзидан, табиий йўллар билан пайдо бўлади. Чиройли гапиришни билмайдиган, худони тилидан туширмайдиган, ватан номини ҳар гапида эслайдиган мана шундай йигитлар исботлай олади. Мен, сиз, улар мухлис бўлиб қолишига сабабчи бўлади. Эндигина мактабга чиққан болакайни ўзидан катта рюкзакни елкасига осиб олиб, спорт тўгарагига келишга мажбур қила олади. Бунда барчаси табиий, самимий бўлади. Ватаннинг янги қаҳрамонлари шундай туғилади. Юрт шаънининг ҳақиқий ҳимоячилари шунақа пайдо бўлишади.

Юқорида эслаган фильмга қайтамиз. Тарасовнинг ўта қаттиққўл мураббийлиги, ноодатий ва мураккаб машғулотлари, чўрткесарлиги кўпчиликка ёқмасди. Жамоадаги ички муҳитнинг бузилиши ҳам айрим кишиларнинг гиж-гижлаши, Тарасовга қарши ҳаракатларнинг бир қисми эди. Улар жамоани издан чиқариш орқали Тарасовни четга суриб қўйишмоқчи бўлади. Аммо мураббийнинг биргина ақлли қарори бу жамоани янада жипслаштиради. Янада кучлироқ қилади. Бир оилага айлантиради. Улар олимпиада чемпиони бўла олишади. Ўша ғалаба ҳозиргача Собиқ Иттифоқ тарихидаги энг буюк ғалаба сифатида эсланади (1972).

Кеча «Uzbek Tigers»нинг жангларида мен ҳақиқий жамоани, ҳақиқий оилани кўрдим. Улар тарқалган ҳар хил хабарлардан кейин ҳам бирлаша олишларини, янада кучлироқ, янада бирдамроқ бўла олишларини исботлай олишди. Уларнинг ичида мураббий-шогирд тушунчаси у ерда ҳақиқий оила бор. Ота-фарзанд бор, ака-ука бор. Республиканинг турли бурчакларидан келган, бир мақсад йўлида бирлашган катта жамоа бор. Русларда яхши ибора бор — «Больше чем команда». Кечаги, бугунги «Uzbek Tigers» айнан шу таърифга мос келади. Бу ерда жамоаданда устунроқ, таърифлаб бўлмайдиган даражадаги омиллар бор.

1994 йил Осиё ўйинларида ғалаба қозонган Ўзбекистон футбол жамоаси қандай бўлганини яхши билмайман. У пайтлари анча ёш бўлганман. Тушуниб кўрганларим ичида энг зўр жамоа бу Абрамовнинг 2011 йилги Осиё кубогида қатнашган жамоаси эди. Ўзбек спорти тарихида ҳали бу қадар кучли жамоани кўрмаганман. Лекин кечаги «Uzbek Tigers» Абрамовнинг ўша 2011 йилдаги жамоасидан ҳам кучлироқ эди.

Азамат Муродов

Мавзуга оид