Ўзбекистон | 11:40 / 02.03.2018
133447
5 дақиқада ўқилади

Ақтўбе фожиасидан омон қолган йигит ўзи кўрган даҳшатларни баён этди 

Фото: Даракчи

2018 йил 18 январда Ақтўбе вилоятида содир бўлган, 52 ўзбекистонликнинг фожиасига сабаб бўлган мудҳиш ҳалокатдан омон қолган Аҳрор Исаков билан суҳбат “Даракчи” газетасида эълон қилинди.

— Аҳрорбек, ўша кунги фожиа қандай юз берганди?

— Ўша куни кечаси жуда қаттиқ совуқ бўлганди. Солярка музлаб, электр тизими ҳам издан чиққан экан. Йўлда ёнғиндан сал аввал, тўхтаб қолган яна битта автобусни кўргандик. Кўп ўтмай биз ҳам тўхтадик. “Энди нима қиламиз?” деб сўрасак, ҳайдовчилар “бошқа автобусни кутамиз” дейишди. Эрталаб ҳамроҳларимиз билан яқин орадаги емакхонада нонушта қилдик. Мен автобуснинг олд ўриндиғида ҳайдовчилар ёнида ўтиргандим... Кўзим илинган экан. Кучли шовқиндан уйғониб кетдим. Қарасам автобус аланга ичида қолган, менинг ҳам кийимларим ўт тушиб ёна бошлаганди. Жон ҳолатда ўзимни пастга отдим. Нима бўлаётганини англаган пайтимда автобус буткул ўт ичида қолганди.

— Ёнғин нимадан чиққан?

— Автобуснинг ичи жуда совиб кетганди. Шунинг учун ҳамроҳларимиз салонни кавшар лампа билан иситарди. Ёнғин чиққан пайтда мен уйқуда бўлганман. Автобусда беш литрли канистрда бензин бўлган. Унинг оғзи очиқ бўлган. Ўша канистрдаги бензин ёниб кетгач, бутун автобус ўт ичида қолган.

— Одамлар жонини қутқаришга уринмадими?

— Автобус икки қаватли эди. Йўловчиларнинг ҳаммаси иккинчи қаватда эди. Эшик қулфланиб қолганда фарғоналик бир акамиз (Адҳамжон Маърифжанов) ҳам олдинда ўтирган эди. У ўғли (Авазбек Маърифжонов) билан бирга чиққанди. Ёнғин чиқишидан олдин ўрнини ҳайдовчига бўшатиб бериб, ўғлининг ёнига орқага ўтиб кетган. Ўғлининг адёли бор экан. Ўзимнинг жияним ҳам олов ичида қолиб кетди. У ўғлини қутқаргани орқага, олов ичига ўзини урди. Ёнғин чиққанда ҳамма ўзини орқа эшикка урган. Автобус эшиклари ҳаво билан ёпилгани учун ёнғин пайтида ишдан чиққан, орқа ва ўрта эшиклар қулфланиб қолган экан.

— Сизлар автобусдагиларни қутқаришга ҳаракат қилдингларми?

— Албатта! Биринчи навбатда автобуснинг орқа эшикларини очмоқчи бўлдик. Эшикларни очиб бўлмади. Кейин автобус ойнасини синдиришга нарса қидириш учун тош қидирдим. Аксига олиб ерда биттаям тош йўқ. Фақат автобусдан ўт ўчириш мосламаси – огнетушитель қўлимга тушиб қолганди. Автобуснинг иккинчи қавати ойнасига икки-уч марта ҳалиги мосламани отдим. Автобус ҳайдовчиси ҳам уриниб кўрди. Аммо ойналар жуда қаттиқ бўлгани учунми, синдиришнинг иложи бўлмади.

— Автобусда жанжал чиққан, йўлтўсарлар автобусни қўлга олган, деган гаплар чиққанди.

— Булар ҳаммаси уйдирма. Болалар ичиб жанжал чиқарибди, деган гапларни эшитдик. Унақа бўлмаган. Ҳеч ким ичмаганди. Ҳеч ким жанжал чиқаргани йўқ. Ҳеч ким қўлга туширгани ҳам йўқ.

— Атрофдан ҳеч ким ёрдамга келмадими?

— Яқин атрофда одам яшамасди. Битта автобус келиб тўхтади. Лекин бу пайтда ёрдам беришнинг имкони қолмаганди. Бир-бир ярим соатда қутқарувчилар етиб келишди.

— Қўшни мамлакатда сизга қандай муносабатда бўлишди?

— Яхши. Қўлдан келганча ёрдам беришди. Ҳеч қанақа ортиқча гап-сўз бўлгани йўқ. 28 январь куни Ўзбекистон чегарасидан ўтдик. 29 январда уйга кириб келдик. Ҳалигача ўзимга келолганим йўқ. Ўт ичида қолган ҳамроҳларим ҳалигача кўз олдимдан кетмайди. Уларни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

— Шахсий режаларингиз қандай?

— Ҳозирча уй ишлари билан юрибман. Тез орада ўзимиздан бирор яхшироқ ишга жойлашмоқчиман. Яқинда “Тошкент-Сити” қурилиши бошланди. Қурувчиликдан яхшигина хабарим бор. Қўлимдан иш келадиган бошқа танишларим ҳам бор. Агар ўша ерда иш топиб беришса, бориб юртимиздаги бунёдкорлик ишларига биз ҳам ҳисса қўшсак деган ниятда эдим...

Мавзуга оид